Барпо этилаётган музей фонди генерал Собир Раҳимов ҳақидаги янги ноёб маълумотлар билан бойитилди

15:31 16 Апрель 2020 Маданият
673 0

Президентимизнинг 2019 йил 23 октябрь кунги “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ўзбекистонлик жангчиларнинг жасоратини ва ғалабага қўшган ҳиссасини ўрганиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси органлари томонидан ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, яқинда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратурасининг ташаббуси билан Россия Федерацияси Бош ҳарбий прокуратурасининг амалий кўмаги орқали Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага катта ҳисса қўшган, мислсиз жасорат ва қаҳрамонликлар кўрсатган халқимизнинг ардоқли ўғлони генерал-майор Собир Умар ўғли Раҳимовнинг Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Марказий архивида сақланаётган шахсий йиғма жилдидаги зарур ҳужжатлардан нусхалар олиниб, китоб ҳолида мамлакатимизга келтирилиши муҳим аҳамиятга молик воқеа бўлди, деб хабар берди Бош прокуратура.

Тўпламнинг ноёблиги шундаки, ундаги ҳужжатлар генерал-майор Собир Раҳимовнинг ҳаёти ва ҳарбий хизматдаги фаолиятига доир юртимиздаги мавжуд тарихий материалларни янги маълумотлар билан янада бойитишга хизмат қилади.

Шу нуқтаи назардан, мазкур тўплам Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси томонидан бу қаҳрамон аждодимизнинг тарихини чуқур ўрганишга кенг имконият яратиш мақсадида пойтахтимизда барпо этилаётган “Ғалаба боғи” ҳудудидаги “Шон-шараф” музейи экспозициялари фондига жойлаштириш учун ишчи гуруҳига топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?