“Баркамол авлод“ болалар марказлари мактабларга айлантирилди

11:38 04 Октябр 2019 Жамият
454 0

Мактаблар қошида 100-200 ўринли болалар сайёҳлик базалари, ХТВ бошқармалари ҳузуридаги ахборот-ресурс марказлари негизида болалар кутубхоналари ташкил этилади. Бу ҳақдаги тегишли қарор 30 сентябрь куни Президент томонидан имзоланди, деб ёзади Норма.уз.

“Баркамол авлод” болалар мактабларида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб “STEAM –таълим” (Science – табиий фанлар, Technology – технологиялар, Engineering – муҳандислик, Art – санъат, Mathematics – математика) дастури жорий этилади. 2020 йил 1 январдан бошлаб уларда робототехника, мехатроника, муҳандислик, дастурлаш ва хорижий тилларни ўрганиш тўгараклари ташкил этилади. Мазкур йўналиш давлат-хусусий шериклик механизми асосида йўлга қўйилади.

2024 йилга қадар жами тўгарак раҳбарлари сонига нисбатан 50% олий маълумотли мутахассислар билан тўлдирилади, робототехника ва муҳандислик тўгараклари улуши жами тўгараклар сонига нисбатан 10%га етказилади. Бу ердаги ўқувчилар сони умумтаълим мактабларидаги ўқувчилар сонининг 10,5 фоизини ташкил этади. Эксперимент тариқасида ҳар бир туманда битта умумий ўрта таълим мактабларида “Баркамол авлод” болалар мактабларининг тармоқ тўгараклари ташкил этилади.

Болалар сайёҳлик базаларида “Ёш сайёҳ”, “Ёш экскурсовод”, “Ёш ўлкашунос” тўгарак аъзолари ўлкамиз тарихи, қадимий ва муқаддас қадамжолар, миллий урф-одатларимиз билан яқиндан таништирилади. Болалар кутубхоналари китоб мутолааси маданиятини оширишга, ўқувчилар орасида “Ёш китобхон”, “Китобхон мактаб”, “Энг яхши кутубхоначи” ва бошқа тадбирларни ташкил этишга кўмаклашади.

2020 йилда А.Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида мактабдан ташқари таълим тизими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун янги кафедра очилади. Замонавий таълим технологиялари, шу жумладан масофавий таълим технологиялари қўлланилади. Кафедра Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Аҳмад Дониш кўчаси, 72-А уй манзилига жойлаштирилади.

2020–2023 йилларда янгидан қуриладиган, реконструкция қилинадиган ва мукаммал таъмирланадиган болалар мактаблари ва кутубхоналарининг асосий параметрлари тасдиқланди. Бу билан боғлиқ ташкилий масалалар ҳал этилди. Хусусан, Халқ таълими тизимидаги умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари учун ўқувчиларнинг муҳандислик, робототехника, мехатроника ва дастурий таъминот йўналишлари бўйича ўқув машғулотларда фойдаланиш ҳамда инновацион ишланмаларни амалга ошириш юзасидан республикада ишлаб чиқарилмайдиган, хориждан олиб келинадиган хом ашёлар ва жиҳозларни давлат харидлари доирасида тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилишга рухсат этилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019