Барча лойиҳалар аҳоли манфаатлари учун хизмат қилмоқда

21:43 23 Октябр 2020 Иқтисодиёт
254 0

Фото: Алихан Утарбеков / «Халқ сўзи»

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги «Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида замонавий агросаноат кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 974-сонли қарори билан ташкил этилган “Tashkent Сotton Textile cluster”  (“ТCT Сluster”) кластери бугун кўптармоқли истиқболли жамоага айланди. Айни кунда унинг таркибида “ТСТ Agro cluster” билан бирга, “TCT Rice” шоличилик, “TCT Fish” балиқчилик кластерлари катта муваффақият билан иш олиб бораяпти.

Нозим Абдулло олган суратлар.

   Жорий йилнинг 23 октябрь куни Тошкент вилояти ҳокимлиги ташаббуси  билан ташкил этилган Медиа-турда иштирок этган журналистлар бу ютуқларнинг бевосита гувоҳи бўлишди.

Нозим Абдулло олган суратлар.

    Кластер жамоаси дастлабки йилларда пахтачилик ва шоличилик билан шуғулланишди. Ютуқлар кўлами йилдан йилга муттасил ортиб боравергач, жорий йилда 14 минг 300 гектар майдонда ғалла парваришланиб, вилоятнинг қирмизи дон хирмонига салмоқли улуш қўшилди. Айни кунларда 10 минг  гектардан ортиқ майдонда етиштирилган пахта, 2 минг 573 гектардаги шоли ҳосили йиғиштириб олинмоқда. Пахтазорларда иш унуми юқори бўлган 25 та замонавий «Кейс» русумли терим агрегатларидан самарали фойдаланилаётир.

Фото: Алихан Утарбеков / «Халқ сўзи»

   Хўш, бу  ютуқлар сири нимада? Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бундан бор-йўғи, уч-тўрт йил олдин айнан шу пахтазорлардаги ҳосилдорлик миқдори 17-18 центнердан ошмаган. Албатта, унда тизим бошқача эди. Далада ишлатиладиган ҳайдов техникалари, экин қатор ораларига ишлов берувчи агрегатлар эскирган, деҳқоннинг қўли калта, фермернинг банкдаги ҳисобида эса тайинли маблағнинг ўзи бўлмасди. Чунки ундаги пулларнинг эгаси кўп эди.

   Вилоятда тажриба тариқасида ташкил этилган Қуйи Чирчиқдаги ушбу кластер жамоаси 2019 йилда гектаридан ўртача 35 центнердан пахта етиштиришга эришди.

Нозим Абдулло олган суратлар.

  —Ўшанда ялпи ҳосил 30 минг тоннадан ошганди,-дея эслайди “ТCT Сluster”нинг бош директори Феруз Акобиров. — Кўпчилик бу ютуққа шубҳа билан қарашган. Чунки ҳосилдорлик бир мавсумда икки баробарга кўтарилиб кетиши чинакам мўъжиза эдида. Бу йил 10 минг гектарда ғўза парваришланди. Биринчи терим якунланмасдан, шартномада қайд этилган режадаги 34 минг тонна пахта хом ашёси йиғиштириб олинди. Мавсум якунигача ўртача ҳосилдорликни 45 центнерга етказиш мўлжалланмоқда.

Нозим Абдулло олган суратлар.

   Туманда фермер хўжаликлари давридаги ишчилар сони 800 нафарни, ўртача иш ҳақи эса 300.000 сўм ташкил этган. Худога шукр, ҳозир “ТCT Сluster”да 8 600 нафар иш ўринлари мавжуд. Ўртача иш ҳақи эса ўша йиллардагидан 4 марта кўп — 2,1 млн сўмга етказилди. Жамоанинг моддий манфаатдорлиги ошиши билан бир қаторда давлат бюджети ҳам мустаҳкамланмоқда. Биргина ўтган 2019 йилда фермер хўжаликлари давридаги 7,9  млрд сўм дан 6 баробар кўпроқ, очиқ айтадиган бўлсак, 28,7 млрд сўм солиқ тўловлари тўланди.

Нозим Абдулло олган суратлар.

  Медиа-тур иштирокчилари дастлаб, «Сурум» МФЙ ҳудудидаги “TCT Rice” кластерида  Туркиянинг “Yashar Makina” компанияси билан ҳамкорликда барпо этган «Шолини қайта ишлаш ва сақлаш мажмуаси» фаолияти билан ҳам танишдилар. Журналистларга берилган маълумотларга кўра, жорий йилда 2,5 минг гектардан ортиқ ерда шолининг «Лазурний», «Искандар», «Мустақиллик», шунингдек, «Тарона» навлари етиштирилди. Ноқулай об-ҳаво шароитлари, сув танқислигига қарамасдан, шоликорларнинг ҳалол меҳнатлари ўз самарасини берди. Дастлабки ҳисоб-китоблар кластер шолизорларидан  ўртача 70 центнердан ҳосил йиғиштириб олинганини кўрсатмоқда. Бу йил кластерда яна бир янгилик жорий қилинди. Ўриб-янчиб олинган шоли, деҳқонлар учун одатий ҳолга айланган очиқ усулда эмас, балки, ҳар бири 1 тонналик махсус қопларда сақланмоқда. Бу хомашёни узоқ муддатга бўлсада яхши сақлаш ҳамда юқори сифатли гуруч ишлаб чиқарилишига асос бўлади.

   —Бу йил 10 минг тоннадан зиёд шоли ҳосили етиштирдик,-дейди. Феруз Акобиров. — Бунинг учун Ўрта Осиёда ягона бўлган, қиймати 25 миллиард сўмликдан зиёд лойиҳа асосида қурилган ушбу корхонада барча имкониятлар мавжуд. Бу ерда соатига 10 тонна, йил давомида эса, 40 минг тоннагача хомашёни қайта ишлаш мумкин. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган тегирмонларда оқланган юқори сифатли гуруч 1, 2, 5, 25 ва 50 килограммлик идишларга қадоқланиб ички бозорга йўналтирилади.

Нозим Абдулло олган суратлар.

  Асосий мақсадимиз қишлоқ жойларига саноат корхоналарини олиб кириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш. Ёш авлодни соҳалар бўйича етук мутахассис қилиб тарбиялаш. Етиштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаб экспортга йўналтириш. Шу мақсадда яқин уч йил ичида қиймати 245 миллион АҚШ доллари миқдоридаги янги лойиҳаларни амалга оширамиз. Ўша даврга бориб биздаги янги иш ўринлари сони 10.000 тадан ошади. Бюджетга тўловлар миқдори эса 360-370 миллиард сўмни ташкил этади. Йилига 80 миллион долларлик маҳсулотларни экспорт қилишга эришамиз.

  —“TCT Cluster” жамоаси билан ҳамкорлик қилиш бизга ғурур бағишлайди,- дейди Туркиянинг “Yashar Makina” компанияси вакили Ҳусайн Узун. — Бундай корхоналарни бунёд этиш бўйича 51 йиллик тажрибага эгамиз. Ушбу гуруч ишлаб чиқариш корхонаси энг замонавий технологиялар асосида жиҳозлангани билан аҳамиятлидир.

  Тадбир иштирокчилари кейинги манзилда АҚШдан харид қилинган “Pickett One Step” русумли 10 та мослама, Украинадан олиб келинган 12 та «ПП-3.4» жаткалари, пахтазор ва шоли майдонларида юқори унум билан ишлаётган «Кейс» агрегати ва комбайнлари иш фаолияти билан танишдилар.

Нозим Абдулло олган суратлар.

   Кластернинг изланишлари кун сайин янги муваффақиятларга йўл очмоқда. Қарийиб 80 гектар ер  майдонида парваришланган индигофера ўсимлигини қайта ишлаб бўёқ тайёрлаш корхонаси қурилиш бунга мисол бўлади. 

Фото: Алихан Утарбеков / «Халқ сўзи»

   Табиий бўёқ манбаи ҳисобланмиш бу ўсимликни «ранглар қироли» ҳам дейишади. Доно халқимиз қадим-қадимдан ушбу ўсимликдан матоларни бўяшда, юзлаб йиллар давомида ўз жозибадорлигини ўзгартирмайдиган тарихий обидалар саналмиш масжиду мадрасаларнининг мовий гумбазлари ҳамда кошинларига ранг беришда фойдаланишган. Индигофера ҳозир ҳам ўз брендига эга. Жаҳондаги барча илғор давлатларнинг тўқимачилик саноати мутахассислари уни ноёб ўсимлик сифатида жуда-жуда қадрлашади. Чунки, энг замонавий технологияларда тўқиладиган, бутун дунёда харидорбоп деним жинсилари айнан унинг табиий ранглари билан гўзалдир.

Фото: Алихан Утарбеков / «Халқ сўзи»

   Мана шундай ноёб хислатга эга бўлган бу ўсимлик эътиборсизлик туфайли бир пайтлар илдизи куч-қувват олган жаннатмакон юртимиз тупроқларини тарк этганди. Доимо янгиликка ўч, ғайрати туфайли тиниб-тинчимас инсон, “BCT Cluster” ва “ТCT Cluster” кластерлари раҳбари, иқтисодиёт фанлари доктори, сенатор Муртазо Раҳматов ота-боболаримиз эъзозлаб келган бу неъматни қайта сийлаш, уни ўз маконига қайтариш шарафига муяссар бўлди. Ўтган йили хориждан индиго уруғини олиб келиб, дастлаб, Бухорода кўпайтирди. Бу йил эса, Қуйи Чирчиқ туманида парваришланди. Ҳозирда ўсимлик уруғи ва бўёқ учун биомассалари йиғиштириб олинмоқда.

Фото: Алихан Утарбеков / «Халқ сўзи»

  Кластер жамоаси илғор инновацион ишланмалар, илмий-техникавий янгиликлар, илм-фаннинг сўнгги ютуқларини амалиётга кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратишган. Илмий агротехник кенгаш фаолияти айнан ана шу мақсадларга йўналтирилган. Бу ерда жорий этилган рақамли технологияларнинг сўнгги ютуғи саналмиш “Cropio” тизими мамлакатимизда сўнгги янгилик сифатида баҳоланмоқда. Бу услуб кластер жамоасига мавжуд экин майдонларининг ҳолатини масофадан туриб тезкор ўрганиш, мониторинг қилиш, автоматик ҳужжатлаштириш, агротехника тадбирларини олдиндан режалаштириш имконини беради.

Шодиёр МУТАҲАРОВ                                                                                                            
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?