Баракали изланиш, беором ва эзгу ўйларга ошно адиб

18:40 14 Май 2019 Жамият
697 0

Атоқли шоир, адиб ва публицист Абдусаид Кўчимов билан илк бор 1987 йилда учрашганим кечагидек эсимда. Шунгаям 32 йил бўлибди. Ўша маҳалда университетнинг иккинчи босқичида ўқирдим. Бизнинг давр талабаларида, адашмасам, дадилликми-ей, таваккалчиликми-ей яққол сезилиб турарди. Мен ҳам таваккалчилик билан ўша кезларда ёзилган чала-чулпа машқларимдан бирини “Шарқ юлдузи” журналига олиб бордим. Абдусаид ака шу журналда масъул котиб бўлиб ишларкан.

У пайт “Шарқ юлдузи”да асар чиқиши катта воқеа ҳисобланган. Журнал талаби ўта кучли, мана-ман деган адибларнинг асарлари “қайтарилган” давр. Асар чиқиш жараёни шундай: агар муҳаррирга маъқул келса, таҳрир қилиб бўлим бошлиғига ўтказади ва режага киритади, шу тартиб бўйича “тепа”га қараб кетаверади. Масъул котиб, сўнг бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир... Агар шулардан биронтасига маъқул келмаса, чиқмайди, тамом-вассалом.

Ўйлайманки, ўшанда хайрли бир тасодиф бўлиб қолганми, ишқилиб, ўша машқим шунча улуғлар назаридан ўтиб, журналда босилди. Тортиниброқ журнал таҳририятига борсам, йўлакда тик қадли, сочлари қоп-қора Абдусаид Кўчимов кўринди, салом берсам, тўхтаб кўришди-да, “Машқингизни ўқидим, изланаверинг”маъносида анча-мунча илиқ сўзларни айтди.

Ижодкорга мойдек ёқадиган илиқ сўзлари билан Абдусаид ака кўзимга фариштадай бўлиб кўринди.

Аввал ҳам айтгандим, яна айтай: ҳалигача улуғларимиз бағрикенглигига қойил қоламан. Ўша пайтда университетда ўқиб юрган бир бўз йигитчанинг машқига биров эътибор бермасаям ҳеч нима ўзгармасди, осмон узилиб ерга тушмасди. Менга ўхшаб ёзувчиликка ҳавас қиладиганлар сон мингта бўлган. Ҳар ҳолда, катта авлод вакиллари адабиёт жиддиятини, “йилт” этган ҳаваскорни қўллаб-қувватлаш кераклигини биздан кўра теранроқ тушунган, деб ўйлайман...

Орадан уч йил ўтиб, “Шарқ юлдузи”га ишга кирдим. Абдусаид ака эса Вазирлар Маҳкамасига масъул лавозимга тайинланган, у кишининг ўрнига бениҳоя тоза қалбли адиб Носир Фозилов келган экан. Шу-шу менинг “Шарқ юлдузи”даги олтин даврим бошланди. Абдусаид ака бу мўътабар даргоҳни сира унутмади, тез-тез келиб дийдорлашиб, суҳбатлашиб кетарди.

Шундан буён орадан ўтган йиллар давомида бу инсон билан яна кўп бор учрашдим ва мароқли суҳбатларидан баҳраманд бўлдим. Ўзини кўрмаган пайтимда устознинг ўғли, дўстим Ойбекдан доимо ҳол-аҳвол сўраб турдим.

Абдусаид ака элимизнинг катта адиби, шоири, публицисти ва жамоат арбоби. Ака ҳақидаги расмий маълумотлар қомусларда тўлиқ берилган.

Устоз Самарқанднинг Ургутида таваллуд топган. Тоғлар виқорию тоза насимлари, бетакрор табиати адиб асарларининг доимий ҳамроҳи. Адиб ўзбек адабиётига Ургут тоғларининг виқорию ифорини баралла олиб кирган. Буни асарлари номидан ҳам билиб олиш қийин эмас: “Баҳор”, “Бинафша”, “Қизғалдоқ”, “Бойчечак”, “Исмалоқ ҳиди”... Ана шу асарларида адиб содда, оддий, гоҳида еру кўкка қараб ғалати ўйлар сурадиган кишилар қиёфаларини яратди. Кўп йиллик ҳаёт тажрибаси, истеъдод қуввати ва эл-юрт олдидаги масъулият ҳисси самараси ўлароқ яратилган ўнлаб-юзлаб насрий ва шеърий асарлари, адабий ўйлари, фикр-мулоҳазалари ўқувчилар юрагидан чуқур жой олган деб айта оламиз. Бу даврда ёзилган публицистик асарлар, шеърлар, ҳикоя ва қиссалар, хотира ва эсселарда замондошларимизнинг эсда қоларли образлари, ҳаётий кузатишлари ҳамда адибнинг бадиий тафаккури ҳосиласи бўлмиш қаҳрамонлар тимсоллари яратилган.

Адиб шеърлари ва насрий асарлари тобора ҳаётий хулосалар, кузатиш ва ҳаёт фалсафасига тўйина борди.

Донишманд дермишки, йўқдир тасодиф,

Қутлуғ ҳақиқат бор ягона, бекам.

Аслини олганда ҳар бир тасодиф,

Аччиқ ҳақиқатнинг меваси экан.

Бундай фикрга келиш учун ҳаётнинг паст-у баландликларининг анча мунчасини кўриш, сўнгра шунга яраша мушоҳада юритиш талаб этилади, шундай эмасми?..

Адиб насрий асарлари мен учун янада қадрли ва ардоқлидир. Биргина “Бойчечак” ҳикоясида ўндан ортиқ турфа тақдирлар ва характерларга дуч келамиз. Тоғ ёнбағиридаги овлоқ бир қишлоқда кечган, ёзувчининг сеҳрли қалами билан жонланган бу воқеани ҳар гал маза қилиб ўқийман. Манзарага қаранг: “Том ортидаги тераклар устида жилмайиб турган тўлин ой ҳовлини сутдек ёритиб юборган, ҳар жой-ҳар жойда сув кўллаб қолган олачалпоқ супа пастида устига катта сават тўнкариб қўйилган сўри — ҳамма-ҳаммаси кундуздагидек аниқ кўриниб турар эди. “Бойчечак” айтиб келдик эшигингизга, Худойим ўғил берсин Бешигингизга...” Унинг қалтироқ овозини эшитган Шодмон ака бирдан бўшашиб кетди. Энкайиб болакайнинг юзларини кетмондек кафти билан силади:

— Яна битта айт, жон ўғлим...”

Киши кўз ўнгида яққол гавдаланиб, онгга муҳрланиб қоладиган бундай тасвирлар Абдусаид Кўчимов асарларида жуда кўп учрайди.

Адиб яратган эсселар туркуми алоҳида эътиборга лойиқ. Зеро, адиб Одил Ёқубов, Абдулла Орипов, Барот Бойқобилов, Пирмат Шермуҳамедов, Маъруф Жалил, Азим Суюн, Қозоқбой Йўлдошев, Абдуғани Жума ва бошқа кишилар ҳақида тиниқ, улар шахсиятини шундоққина ўқувчи кўз олдига олиб келиб қўядиган эсселар яратолди. Ўзимиз деярли ҳар куни кўриб-билиб юрган кишиларнинг образларини меҳру муҳаббат билан асар қатига жойлаб қўйди. Самимият билан, ўқишли қилиб ёзилган ушбу эсселар қатида яна бир чорлов бор: теварагингиздаги ёру биродарларингизнинг, устозларингизнинг қадрига етинг, чунки умр ҳам, унга қўшилиб, улуғлару дўст-ёр, азиз кишилар ҳам ғаниматдир. Ўзимиз таниган-билган, ардоқлаган кишиларимиз ҳақида шундай эсселар битилса, адабиётнинг яна бир жонли тарихи яратилармиди, деган ўй ҳам ўтди ичимиздан.

* * *

Шу ўринда ўзим гувоҳ бўлган яна бир воқеани айта қолай. Икки-уч йил бурун, қиш аввалида роса қор ёғди ўзиям. Шаҳар марказидаги Шевченко кўчасининг оқликка бурканган азим чинорлари шунчалар чиройли бўлиб кетганди-ки, қараб тўймайсиз. Чироқлар ёнди, теварак эртакдагидай манзара касб этди. Бир маҳал қарасам, қорли йўлакданАбдусаид ака юриб келаётир. Ўша-ўша адл қомат, фақат эндиликда қордай оқ сочлар... Бу пайт Абдусаид ака “Хабар” газетасида бош муҳаррир бўлиб ишларди. Дарахтлар остидан келаётиб, бирдан тўхтади, қўйнидан ёндафтарчасини чиқарди-да, тик турган ҳолида бир нималарни тез-тез ёза кетди.

Қани энди ёнига бориб, сўраб бўлса? Ким билсин, шу топда қор оқлиги аро адиб хаёлига нелар келди экан? Қалбида уйғонган қайсар туйғуларни ёки тафсилотларни дафтарига ёзиб олгандир?

Ростини айтсам, Абдусаид акани ҳар кўрганимда шуни сўрагим келади. Жавоб ололмаслигимни ҳам яхши биламан. Бироқ, ҳар гал янги китоби чоп этилганда, дебочаси ёндафтарга ёзилган ўша асарни излайман ва ўша асар шу бўлса керак, деб ўйлайман.

Умуман, адиб доимо изланишда. Шундай баракали изланишлар, беором ва эзгу ўйлар адибимизни сира тарк этмасин, деган бўлардим. Зеро, қутлуғ ўйлар ҳар бир ижодкорни манзилига етказишига ишонаман.

Исажон СУЛТОН, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019