Тошкентда банкдан 270 минг доллар ўғирлашда гумон қилинаётган шахс қўлга олинди

13:37 26 Июнь 2018 Жамият
18329 0
Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Тошкент шаҳри ИИББ ходимлари 270 минг АҚШ долларини ўғирлашда гумон қилинган шахсни қўлга олди. Бу ҳақда бошқарма ахборот мультимедиа маркази хабар берди.

Қайд қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Миллий банкининг филиали раҳбарияти томонидан 270 минг доллар йўқотилганлиги тўғрисида ариза ИИББга 25 июнь куни келиб тушган. Воқеа жойига дарҳол тергов-тезкор гуруҳ йўл олди. Ўғрилик ҳолати бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Ўғриликка алоқадор шахсни аниқлаш, ўғирланган валюта қимматликларини топишга қаратилган тергов-тезкор тадбирлар давомида омборхонага кира оладиган касса мудирига гумон тушди. Банк ходими алоқадор экани ҳақидаги версия, у душанба куни иш жойида бўлмаганлиги, филиал раҳбариятининг телефон қўнғироқларига жавоб бермаганлиги билан ҳам мустаҳкамланди.

Тезкор-қидирув ишлари натижасида гумонланувчи, 1985 йилда туғилган шахс шу куни кечқурун ўғирланган пулларга сотиб олган квартирада қўлга олинди. У айбига иқрор бўлди ва пулларни олдинги ҳафтада ўғирлаганини айтди. У иш куни тугагунча ва банкнинг бошқа ходимлари бинони тарк этишини кутган ҳамда 270 минг долларни ўмарган.

У ўз ҳаракатларини танишлари, қариндошларига қарзларни қайтариши, шунингдек, аввал харид қилинган автомобиллар учун кредитларни тўлаши кераклиги билан изоҳлади. Унинг сўзларига кўра, умумий ҳисобда 100 минг долларлик қарзга эга бўлган.

Ушбу шахс пулнинг катта қисмини уч кун ичида квартира, маиший техника, компьютер ва бошқа товарларни сотиб олишга сарфлашга улгурган. Бир қисмини қарзлари учун берган. Ўғирланган пулнинг қолган қисми мусодара қилинди. Тергов давом этмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар