Бангладешда Президент қотили қатл этилди

20:44 13 Апрель 2020 Дунё
408 0

архив фото

Бангладеш ҳукумати Даккадаги турмада мамлакат биринчи президенти Шайх Мужибур Раҳмоннинг қотили бўлмиш собиқ армия зобити Абдул Мажидни қатл этиш тўғрисидаги ҳукмни ижро этди. Бу ҳақда “The Week” нашри хабар тарқатган.

Президент Раҳмон 1975 йилнинг 15 августида ўзининг Даккадаги қароргоҳида рафиқаси, уч ўғли ва бошқа яқин қариндошлари билан бирга ўлдирилган. Оиладан фақат ўша пайт хорижда бўлган давлат раҳбарининг икки қизи омон қолишган.

“Маҳбус якшанба куни соат 00:01 да осиб ўлдирилган“, — дея маълумот берган қамоқхоналар бўйича бош инспектор, бригада генерали Мустафо Камол-Пошо.

Ўлим ҳукми амалдаги президент Абдул Ҳамид авф этиш тўғрисидаги илтимосни рад этганидан тўрт кун ўтиб амалга оширилган. Ўша куниёқ Дакка Округ ва Шўъба суди 7 апрель куни ҳибсга олинган Мажидга нисбатан тегишли ҳукмни чиқарган.

Давлат тўнтаришидан сўнг турли юқори лавозимларда ишлаган Мажид 1996 йил, Бангладеш Бош вазири этиб тайинланган биринчи президентнинг қизи Шайх Ҳасина Вазид ўз оиласи ўлими билан боғлиқ воқеалар юзасидан тергов жараёнини қайта тиклагач, хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлганди.

Бундан 45 йил муқаддам Бангладешда рўй берган ҳарбий тўнтариш чоғида қотилликда айбланган 15 кишидан бири — Абдул Мажид аввалига Ливия ва Покистонда, кейинчалик Ҳиндистонда яшириниб юрди. Ҳинд юртида ҳам коронавирус пандемияси кенг тарқала бошлагач, у 15 ёки 16 март куни Бангладешга қайтганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?