Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хусусий агентликларга лицензия бердими, демак уларнинг қонуний фаолият юритишини ҳам назорат қилиши керак — Танзила Нарбаева

16:04 07 Август 2020 Сиёсат
303 0

Фото: senat.uz

Сенатнинг олтинчи ялпи мажлисида «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун ҳам муҳокама қилинди.

Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева кейинги пайтларда хусусий бандлик агентликлари фаолияти билан боғлиқ тез-тез учраб тураётган салбий ҳолатлар ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

"Хусусий бандлик агентликлари фаолияти билан боғлиқ тез-тез учраб тураётган салбий ҳолатлардан хабардор бўлиб турибмиз. Айниқса, ўтган йили кўпчиликнинг норозилиги давлат раҳбари, ҳукумат ва парламент аъзоларининг аралашувигача етиб бориб, ҳал этилди. Одамларнинг алдов оқибатида кўрган моддий зарарлари давлатнинг миллиардлаб маблағлари ҳисобидан қоплаб берилди. Кеча ижтимоий тармоқлар орқали яна бир хусусий бандлик агентлиги – «Интернейшнл Жоб Организейшн»га жиноий иш қўзғатилганлиги тўғрисида хабар берилди. Бу ерда бир жиҳатни тўғри англаб олиш керак. Хусусий бандлик агентлиги — бу тадбиркор. Яъни биринчи ўринда ўз фойдасини кўзлайди.
Лекин давлатнинг аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги умумий сиёсати бор. Бу сиёсатни амалга ошириш Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг зиммасида. Вазирлик хусусий агентликларга лицензия бердими, демак уларнинг қонуний фаолият юритишини ҳам назорат қилиши керак. «У тадбиркор, аралашмаймиз», деб четда туриш мутлақо нотўғри. Хусусий бандлик агентликлари билан ҳамкорлик қилиб туриш — ҳам уларга, ҳам вазирликка фойдадан холи бўлмайди", — дейди Сенат Раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?