Бандлик соҳасига ажратилган бюджет маблағлари депутатлар назоратида

13:14 22 Октябр 2020 Сиёсат
183 0

2020 йил 22 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан «Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида ажратилган давлат бюджети маблағларининг тўғри ва самарали сарфланишини Қашқадарё вилоятидаги ижросини ўрганиш» якунларига бағишланган тадбир ўтказилди.

Видеоконференсалоқа тарзида ўтган тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратилиши ҳамда Жамоат ишлари жамғармаси маблағларининг мақсадли сарфланиши қўмита томонидан назорат тартибда ўрганилган.

Қайд этилганидек, Қашқадарё вилоятида жами аҳоли сони 3290,7 минг нафарни ташкил этиб, шундан меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 1832,2 минг нафар, иқтисодий фаол аҳоли сони 1304,6 минг нафар, банд аҳоли сони 1129,2 минг нафар, шундан иқтисодиётнинг расмий секторида банд аҳоли сони 425,3 минг (банд аҳолининг 37,7 фоизи) ҳамда норасмий секторда банд аҳоли сони 703,9 минг (банд аҳолининг 62,3 фоизи) нафарни ташкил этади. Вилоятда ишсиз фуқаролар сони 175424 тани ташкил этиб, ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳолига нисбатан 13,4 фоизни ташкил этади.

Бироқ, ўтган саккиз ой давомида, ишсиз фуқаролар сонига нисбатан Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига мурожаат қилган фуқароларнинг улуши 21 фоизни, ишсизлик нафақаси тайинланганларнинг улуши атиги 1,6 фоизни, шунингдек, иш изловчи сифатида рўйхатда турганлар улуши эса 6,6 фоизни ташкил этган холос. Бундан кўриниб турибдики, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг имкониятлари, жорий этилаётган қулайликлар ва имтиёзлар ҳақидаги маълумотлардан барча аҳоли қатламлари тўлиқ хабардор эмас.

Ўтказилган меҳнат ярмаркаларнинг самарадорлиги жуда паст даражада бўлиб, жумладан, ушбу тадбирларга ишсиз фуқароларнинг фақатгина 1 фоизи жалб этилган бўлса, бундан ташқари таклиф этилган бўш иш ўринларидан фақатгина 13 фоизга яқин қисмигина банд этилган холос.

Пандемия даврида аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида, жорий йилнинг ўтган январь-август ойлари давомида вилоят бўйича Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан жами 1952 нафар фуқарога 4,3 млрд сўмлик субсидиялар ажратилган. Хусусан, енгил типдаги иссиқхона қуриш учун 661 нафар фуқарога 2,9 млрд.сўм, уруғлик ва кўчатлар харид қилиш учун 554 нафар фуқарога 441,9 млн.сўм, суғориш воситаларини харид қилиш учун 429 нафар фуқарога 693,7 млн.сўм субсидия маблағлари берилган.

Шунингдек, 245 нафар ишсиз фуқарога тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун 63,2 млн.сўм субсидиялар ажратилиб давлат рўйхатидан ўтказилган. Иш берувчиларга ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида, вилоятнинг туман (шаҳар)ларидаги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан жами 59 нафар фуқарога 102,3 млн.сўм субсидия маблағлари ажратилган.

Вилоятдаги жами 778924 та оиланинг 0,3 фоизига субсидия ажратилган холос. «Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисидаги Низом»да субсидия маблағлари ажратилгандан кейин аҳоли томонидан ушбу маблағлардан самарали фойдаланиш ҳолатлари бўйича мониторинг ўтказишга оид қоидалар мавжуд эмаслиги депутатларнинг эътирозига сабаб бўлди.

Ўрганиш жараёнида субсидия маблағлари ҳисобидан айрим хонадонларда қурилган иссиқхоналар, ўрнатилган сув насосларидан самарасиз фойдаланиш ҳолатларининг кузатилиши депутатлар томонидан танқид қилинди.

Шунингдек, аҳолини томорқада бандлигини таъминлаш бўйича субсидия маблағларини ажратиш йўналишларини кенгайтириш бўйича ҳам аҳоли томонидан бир қатор таклифлар билдирилганлиги таъкидлаб ўтилди.

Тадбирда қайд этилганидек, 2020 йил сентябрь ойи ҳолатига ҳақ тўланадиган жамоат ишлари учун 39,8 млрд сўм режа белгиланган бўлиб, шу кунга қадар жами 34658 нафар фуқаро томонидан 35,5 миллиард сўмлик жамоат ишлари бажарилган. Вилоят бўйича жамоат ишларига белгиланган режага нисбатан 4,3 млрд сўм кам маблағ сарфланган.

Шу билан бирга, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ажратилаётган бюджет маблағларини мақсадли сарфланиши ва мониторинг қилиш бўйича вазирлик тизимидаги ходимларнинг хизмат вазифаларига муносиб иш ҳақи тўланиши ва бу орқали уларнинг масъулиятини ошириш юзасидан таклифлар бериб ўтилди.

Тақдим этилган ахборотларнинг муҳокамаси давомида депутатлар аҳолининг бандлигини таъминлаш масаласида бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан тўлиқ имкониятлар ишга солинмаганига эътибор қаратдилар. Шунингдек, мазкур соҳадаги айрим тизимли муаммоларнинг ҳуқуқий ечимига оид нормалар куни кеча Президентимиз томонидан имзоланган «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгилаб берилганлиги депутатлар томонидан қайд этилди.

Қизғин баҳс-мунозара, савол-жавобларга бой тарзда ўтган йиғилиш якунида билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифлар асосида тегишли қарор қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?