Жиззахда балиқчиликни ривожлантириш бўйича 76 млрд сўмлик лойиҳа амалга оширилмоқда

10:20 19 Октябр 2018 Иқтисодиёт
1262 0

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси аҳолининг витамин ва микроэлементларга бой балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” ДУК фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган 76 миллиард сўмлик йирик лойиҳани амалга оширмоқда.

Лойиҳа натижасида жорий йилнинг якунига қадар 18 750 тонна, яъни ўтган йилга нисбатан 1,5 баробарга кўп балиқ етказиб берилиши кутилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 мартдаги 124-сонли қарорига асосан Айдар-Арнасой кўллар тизимининг балиқ ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш ва самарали бошқаришни ташкил этиш, биологик хилма-хилликни сақлаш, балиқчиликни ривожлантириш, шунингдек, табиий сув ҳавзаларида балиқларни кўпайтириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга комплекс ёндашиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” ДУК ташкил этилган.

Ҳозирда мазкур ҳудуднинг умумий майдони 370 минг гектарга тенг бўлиб, узунлиги 180 км, кенглиги ўртача 21 км, энг чуқур жойи эса 45 метрни ташкил қилмоқда. Кўллар тизимида кўплаб оролчалар ҳамда қуруқликлар мавжуд.

Давлат солиқ қўмитаси ривожланган мамлакатлар тажрибасини жорий қилиш мақсадида Хитой, Туркия, Вьетнам, Франция, Саудия Арабистони ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Хусусан, Хитой Халқ Республикасидан лаборатория ускуналари ва серҳосил балиқ турлари олиб келинаётган бўлса, туркиялик ҳамкорлар билан биргаликда балиқларни қайта ишлаш цехларини ташкил этиш, Бирлашган Араб Амирликлари билан қафас (садок) мосламаларида балиқ етиштиришни йўлга қўйиш ҳамда Саудия Арабистони билан табиий сув ҳавзасида балиқ етиштириш бўйича ҳамкорликдаги қатор лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Кўллар тизимини тўлиқ балиқлантириш имкониятига эга бўлган 450 гектар сунъий сув ҳавзаси барпо этилиб, балиқ чавоқларини етиштириш ҳамда 500 гектар ер майдонида балиқ чавоқларини озиқлантириш учун қишлоқ хўжалиги экинларини экиш мақсадида дирекциянинг автопарки шакллантирилди. Хусусан, кредит маблағлари ҳисобидан 3 дона “ISUZU” автомашинаси (2 дона юк ва 1 дона музлаткичли), 1 дона фронтал юклагич, 1 дона бульдозер, 2 дона “MAN” русумли автосамосвал ва 4 дона трактор ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги агрегатлари харид қилинди. Қўшимча равишда 3 та эксковатор, балиқ чавоқлари ва балиқларни ташиш учун махсус автомашина, музлаткичли юк автомобилига ҳам буюртма берилган.

Тўлиқ тизимли инкубация цехлари, балиқ етиштириладиган парваришхоналар ҳамда балиқ ўстириш ҳавзалари, ишлаб чиқариш биноларини қуриш, махсус техника воситалари сотиб олиш, балиқни қайта ишлаш, қадоқлаш, балиқ уни ва ем ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб олиш учун қўшимча кредит линиялари ўзлаштирилиши мақсад қилинган.

Ҳозирда кўллар тизимини балиқлантириш учун 5,2 миллион дона балиқ чавоқлари етиштирилмоқда. Шунингдек, октябрь-ноябрь ойларида режадаги 7 миллион дона балиқ чавоқлари кўллар тизимига ташланади. Жорий йил якунига қадар режадаги 100 гектар сунъий сув ҳавзалари барпо этилади. Тўлиқ тизимли инкубация цехининг қурилиш ишлари якунланиш арафасида бўлиб, йил якунига қадар шай ҳолатга келтирилади.

Шу кунгача кўллар тизимида 477 янги иш ўрни яратилган бўлса, лойиҳа тўлиқ ишга тушиши натижасида меҳнат қилаётган ишчилар сони 2000 нафарга етказилиши режалаштирилган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019