Балиқ қачон арзон бўлади?

11:13 17 Декабрь 2018 Иқтисодиёт
628 0

ЎзА сурати

Тиббий меъёрларга кўра, бир киши йил давомида ўртача 14 килограмм балиқ ва балиқ маҳсулотлари истеъмол қилиши тавсия этилади. Чунки бу неъмат таркибида инсон саломатлиги учун зарур кўплаб фойдали моддалар мавжуд бўлиб, унинг ўрнини қоплашнинг муқобили йўқ.

— Бош мия фаолияти, организмдаги моддалар алмашинуви жараёнини яхшилашда, юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ҳамда эндокрин хасталиклари профилактикасида балиқ маҳсулотига тенг келадигани топилмайди, — дейди тиббиёт фанлари доктори Шоҳида Абдумажидова. — Айниқса, болалар ҳафтада 2 марта балиқли таом истеъмол қилишлари зурур. У кариес, соч тўкилиши каби хасталиклардан асрайди. Бундан ташқари, кўзни равшанлаштиради, хотирани мустаҳкамлайди, умрни узайтиради. Қонда холестерин даражаси кўтарилганда, камқонлик, суяк синишлари, беҳоллик ва жисмоний зўриқишда, неврозда ҳам балиқ гўшти истеъмол қилиш кони фойдадир. Организмнинг инфекцияларга қарши курашиш хусусиятини оширади ва иммунитетни кўтаради. Шу маънода, инсон озиқ-овқат рационида балиқ маҳсулотлари бўлиши жуда муҳимдир.

Ана шундай фойдали хусусиятлари сабаб балиққа эҳтиёж ҳар доим юқори бўлган. Бироқ етиштирилаётган “луқмаи ҳалол” Ўзбекистонимиз аҳолиси эҳтиёжини қондира оладими? Юртдошларимиз ушбу фойдали маҳсулотни белгиланган меъёрда истеъмол қиляптими?

Афсуски, кейинги пайтда тармоқда ўзгаришлар кузатилаётган бўлса-да, бу саволларга ижобий жавоб бериш қийин. Негаки, балиқ нархи ҳали кўпчилик учун қимматлик қилаётгани айни ҳақиқат. Муаммонинг сабабларини ўрганишга ҳаракат қилдик.

Таннархни уч марта пасайтириш мумкин
Кейинги пайтда бозорларимиз расталарида балиқ ва балиқ маҳсулотлари нисбатан кўпайганини ҳеч ким инкор қилмайди. Лекин баҳоси арзон бўлмаётгани истеъмолчиларга маъқул келмаяпти. Ахир айрим савдо мажмуаларида балиқнинг бир килограмми 25 — 40 минг сўм, ҳатто ундан ҳам юқори нархларда сотиляпти-да. Бошқача айтганда, чорва моллари гўштига тенглашди. Хўш, нега?

Аслида, ушбу парҳез маҳсулот баҳоси аҳолининг барча қатлами чўнтаги кўтарадиган даражада бўлиши керак эмасми? Катта авлод вакиллари бот-бот такрорлашича, илгари балиқ нархи мол гўштиникидан беш баробар арзон бўлган!

Эътироф этиш керак, балиқчилик тармоғини ривожлантириш иқтисодий ислоҳотларнинг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бунда давлатимиз раҳбари томонидан охирги икки йилда қабул қилинган қарорлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу ҳужжатларга мувофиқ, дастлаб “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ташкил этилгани, унга берилган 200 минг гектар табиий сув ҳавзаларининг 150 минг гектари балиқ овлаш хўжаликларига ижара шартномаси асосида бириктирилгани, сунъий сув ҳавзалари 37 минг гектарга етказилгани бунга мисол бўла олади. Натижада ҳозирги пайтда балиқчилик хўжаликлари томонидан 45 та табиий сув ҳавзасига 3 240 та қафас мосламаси ўрнатилиб, балиқ етиштирилмоқда. Аммо бу каби саъй-ҳаракатлару берилаётган имтиёзларнинг самараси амалда тўлақонли сезилмаяпти.

— Балиқчилик ривожи, асосан, уч омилга боғлиқ, — дейди тажрибали фермер Маматқул Саломов. — Булар — сув, қуёш ва озуқа. Ўзбекистон жуғрофий жиҳатдан денгиз ва уммонлардан олисда жойлашган бўлса-да, нафақат юртимиз аҳолиси эҳтиёжига яраша, балки ундан ҳам кўп балиқ етиштириш учун сув ресурслари мавжуд. Йилнинг 320 куни қуёшли бўлади. Лекин озуқа масаласи балиқчиларнинг энг оғриқли муаммоси саналади.

Балиқ озуқаси шунчаки омихта ем эмас. У буғдой, маккажўхори, арпа, соя ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шунингдек, витаминлар, жами 22 хил компонентдан иборат бўлади. Ушбу хом ашёлар махсус технология асосида қайта ишланиб, сувда чўкмайдиган гранула ҳолига келтирилади. Бундай витаминлар билан бойитилган озуқаларни биз четдан оляпмиз. Унинг ҳар килограмми ўртача етти-саккиз минг сўм атрофида. Агар балиқ озуқаларини ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилса, ушбу тармоққа ихтисослаштирилган фермерларга озуқа экинлари етиштириш учун қўшимча ер ажратилса, балиқ таннархини уч марта арзонлаштириш мумкин.

Ютуқлар кўп, муаммолар ҳам кам эмас
“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасидан маълум қилишларича, шу йилнинг 1 август ҳолатига кўра, 72 та балиқчилик хўжалигида 242 гектар майдонда интенсив усулда кичик сув ҳавзалари барпо этилган. Жорий йилда балиқ маҳсулотларини қайта ишлайдиган қуввати 3450 тонналик 8 та цех ва қуввати 3225 тонна бўлган 13 та музлаткич ишга туширилди. Шунингдек, балиқ личинкалари ишлаб чиқарувчи 26 та инкубация цехи фойдаланишга топширилди. Тармоққа жаҳон тажрибасини олиб кириш мақсадида Вьетнам, Хитой, Россия, Эрон, Венгрия сингари давлатлар мутахассислари билан ҳамкорлик ўрнатилмоқда.

Булар яхши, албатта. Лекин балиқ етиштириш ҳажмини ошириш, таннархини арзонлаштириш борасидаги вазифалар нечоғлиқ уддаланяпти?

  • Уюшма раисининг биринчи ўринбосари Рухулла Қурбоновнинг айтишича, республикамизда йилига ўртача 70 — 80 минг тонна балиқ етиштирилмоқда. Ваҳолонки, Ўзбекистон аҳолисининг йиллик эҳтиёжи 400 минг тоннани ташкил этади. Бундан кўринадики, ҳали тармоқда қилинадиган ишлар кўп. Ечимини кутаётган муаммолар ҳам кам эмас.

Президентимиз томонидан қисқа муддат ичида тармоққа дахлдор бир нечта қарор имзолангани ҳам бу борада ҳал этилиши зарур бўлган масалалар тўпланиб қолганидан далолат беради. Чунки балиқчиликни бошқариш тизими йиллар давомида эътибордан четда қолаётган эди. Бу эса, биринчи навбатда, соҳада мутахассислар ва озуқа базаси етишмовчилигига, сув ҳавзаларининг ўз ҳолига ташлаб қўйилишига олиб келди.

Тўғри, сўнгги пайтларда қабул қилинган ҳужжатлар асосида балиқчилик фаолиятида илғор технологиялар қўлланила бошланди. Бироқ ер ва сув ресурсларидан фойдаланишнинг бугунги ҳолати қониқарли эмас. Ҳамон эски, ўзини оқламайдиган, самарадорлиги паст бўлган технологиялардан фойдаланиш устуворлик қилмоқда. Буни тасаввур этиш учун айни пайтда атиги 8-9 фоиз балиқлар интенсив усулда боқилаётганини айтиш кифоя, назаримизда. Модомики, тармоқни тараққий эттирмоқчи эканмиз, бундан буёғига фақат интенсив технологияни қўллашимиз даркор.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 6 ноябрдаги “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида энг асосий йўналиш сифатида хўжаликларни босқичма-босқич интенсив усулга ўтказиш белгилаб берилгани диққатга сазовор.

Кластер — давр талаби
Бугунги бозор иқтисодиёти шароити барча соҳа олдига янги-янги талаблар қўймоқда. Балиқчилик ҳам бундан мустасно эмас. Зеро, мавжуд имкониятлар билан чекланиб қолмасдан замон билан ҳамнафас иш юритиш, маҳсулот етиштиришнинг муқобил манбаларини қидириб топиш давр талабига айланган.

— Балиқчиликда аграр усулдан саноат усулига ўтишимизни ҳаётнинг ўзи тақозо этяпти, — дейди Рухулла Қурбонов. — Яъни ҳавзага балиқ чавоқларини ташлаб, табиий ҳолда ривожланишини кутиб ўтирмасдан, Хитой, Вьетнам, Венгрия, Германия каби давлатларда ўзини оқлаган интенсив усулларни изчил татбиқ қилишимиз зарур. Бунда, асосан, Хитой усулига аҳамият бериляпти. Унинг афзаллиги шундаки, ҳавзаларни маълум даражада кичиклаштириб, аэраторлар қўйиш ўртача маҳсулдорликни 15 — 20 центнердан 65 — 70 центнерга кўтариш имконини беради. Шу каби илғор усуллар шарофати билан яқин йилларда Ўзбекистонда харидоргир бўлган зоғорабалиқ етиштиришни 70 фоиз ошириш мўлжалланаётгани қувонарли.

Тармоқдаги яна бир истиқболли йўналиш кластер усули ҳисобланади. Қарорда 2019 — 2021 йилларда балиқчилик кластерларини ташкил этишнинг манзилли дастури лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгилаб берилди. Бу балиқ чавоқлари етказилишидан тортиб, уни қайта ишлаш учун харид қилишгача бўлган жараёнлар тизимли равишда қамраб олинади, деганидир.

Қисқача айтганда, кластер кичик фермер хўжаликлари ҳамда аҳолига ҳар томонлама ёрдам беришни назарда тутади. Бу эса одамларнинг балиқчилик билан шуғулланиш истагини янада кучайтиради.

Очиғи, бугун балиқчилик тармоғида бажарилган ишлардан кўра, ҳали қилиниши лозим бўлган юмушлар кўп. Бу давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган ҳужжатларда ҳам ўз аксини топган. Булар бўйича мутасадди ташкилотлар зиммасига қатор вазифалар қўйилганки, уларнинг ижросига жиддий киришилмоқда. Самара эса узоқ куттирмаслигига умид қиламиз.

Бинобарин, ушбу мақолада аҳолининг арзон балиқ ва балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш масаласига тўхталдик, холос. Унинг етказиб берилишидаги узилишлар, тез айнийдиган мазкур маҳсулотни сотиш учун бозорлардаги, айниқса, олис ҳудуд ҳамда чекка қишлоқлардаги реал шарт-шароитлар, ихтисослаштирилган дўкон ва ресторанлар фаолиятидаги камчиликлар навбатдаги материалларимизга мавзу бўлади…
Саид РАҲМОНОВ,
Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
“Халқ сўзи” мухбирлари.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019