Балиқ маҳсулоти саноат усулида қайта ишланади

11:41 11 Сентябр 2020 Иқтисодиёт
263 0

Инсон саломатлиги учун балиқ маҳсулотининг ўрни ва роли беқиёс. Шу боис мамлакатимизда балиқ маҳсулоти етиштиришда саноат усулидан фойдаланиш, маҳсулотни чуқур қайта ишлаган ҳолда ички бозор ҳамда экспортга йўналтириш юзасидан қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Балиқ етиштириш билан шуғулланувчи корхоналар учун яратиб берилаётган имкониятлар, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 августдаги «Балиқчилик тармоғини қўллаб-қувватлаш ва унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори балиқ маҳсулотини саноат усулида етиштириш, қайта ишлашда тармоқ корхоналари учун кенг имкониятлар эшигини очиб берди. Унга кўра, балиқ маҳсулоти етиштириш билан шуғулланувчи қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан сув истеъмоли учун тўланадиган солиқ турларида имтиёзлар берилмоқда.

Самарқанд вилоятида аҳолини сифатли ва арзон балиқ маҳсулоти билан таъминлаш, унинг турини кўпайтириш, четдан келтириладиган балиқ чавоқларини маҳаллий усулда етиштириш юзасидан ибратли ишлар амалга оширилмоқда.

«Ўзагроинспекция»нинг Самарқанд вилоят бошқармаси матбуот хизмати берган маълумотга кўра, бугунги кунда вилоятда 458 та балиқчилик хўжаликлари мавжуд бўлиб, уларга 8 минг 972 гектар сувли майдонлар ажратилган, шундан 7 минг 479 гектари табиий ва 1 минг 493 гектари сунъий сув ҳавзалари ҳисобланади.

Жорий йилда вилоят бўйича 30 минг тонна балиқ етиштириш, 45 миллиард 445 миллион сўмлик 30 та лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, айни вақтда 3 та лойиҳа ишга туширилиши эвазига 8 та янги иш ўринлари яратилган.

Жумладан, Самарқанд туманидаги “AGRO LINE SB” кўп тармоқли фермер хўжалиги қошида 11 гектар ер майдонида 35Х5 ҳажмидаги 7 та ҳамда 20 та ёпиқ усулдаги сув ҳавзалари ташкил этилди. Айни кунларда бу ерда 14 минг дона балиқ чавоқлари парваришланмоқда.

Лойиҳанинг эътиборли жиҳати шундан иборатки ёпиқ усулдаги сув ҳавзаларида четдан келтириладиган балиқ чавоқлари парваришланиши режалаштирилган. Шу мақсадда Туркия, Россия давлатларининг замонавий ускуналари келтириб ўрнатилиши мўлжалланмоқда. Бундан ташқари 500 миллион сўмлик кредит маблағи эвазига сувда кислород миқдорини таъминлашга хизмат қилувчи замонавий ускуна харид қилиш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Ургут ва Каттақўрғон туманларидаги балиқчилик хўжаликларига ажратилган сув ҳавзаларига 130 тадан жами 260 та, Иштихон туманида эса 200 та қафас (садок) ўрнатиш, Тойлоқ тумани 4 та, Каттақўрғон, Оқдарё ва Самарқанд туманларида 1 тадан ҳамда Пастдарғом туманида 2 та, жами 9 та ёпиқ сув айланма тизими (УЗВ) қуриш режалаштирилган.

Шунингдек, жорий йилда Паяриқ туманида балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ва омухта ем ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилиши режалаштирилган.

Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?