Бахмалда туманни "Қизил" ҳудуддан чиқариш масалалари муҳокама қилинди. Ҳоким эса ваъда берди

14:09 07 Октябр 2020 Жамият
296 0

Халқ депутатлари Бахмал туман Кенгашининг навбатдаги ўн иккинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда туманни 2020-2021 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш орқали «қизил» ҳудуддан чиқариш масаласи муҳокама қилинди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майдаги «Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида» қарори қабул қилинган эди. Қарорга кўра рейтинг кўрсатгичлари асосида мамлакатимиз ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш даражасини баҳолаш тартиби тўғрисидаги Низом ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинган эди.

Жорий йилда қарор ижросини таъминлаш учун 2019 йил статистик кўрсатгичлар рейтинги ҳисобланди ва Бахмал тумани «қизил» ҳудуд тоифасига кирганлиги қайд этилди.

Сессияда туманнинг «қониқарсиз» ҳудудлар қаторига тушиб қолишига қуйидаги масалалар асосий сабаб сифатида кўрсатилди.

Биринчидан, иқтисодий ривожланиш ва самарадорлик кўрсаткичлари бўйича йиллик экспорт прогнози 820,1 минг доллар белгиланган бўлиб, амалда 807,8 минг доллар ёки режага нисбатан 98,2 фоизга бажарилган. Бироқ ушбу кўрсаткич аҳоли жон бошига ҳисобланганда 16 доллардан тўғри келади.

Иккинчидан, иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги ва диверсификацияси кўрсаткичлари бўйича экспортбоп саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти ўтган йилнинг 4-чорагида йўлга қўйилганлиги натижасида 2 та корхона томонидан 24,2 минг доллар саноат маҳсулотлари экспортга йўналтирилган. Бу эса рейтинг кўрсаткичини пасайишига сабаб бўлган. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида сувни тежаш технологияларини жорий этиш бўйича туманда 30,7 минг гектар ер майдондан 27 гектар майдонда ташкил этилган, холос. Натижада мазкур масала ҳам рейтингга салбий таъсир қилган.

Учинчидан, ишбилармонлик муҳити ва тадбиркорликни ривожлантириш сифати кўрсаткичлари бўйича Хорижий инвесторларни жалб қилиш орқали тўғридан-тўғри инвестиция киритилмаган. Бундан ташқари рўйхатга олинган 490 та тадбиркорлик субъектларидан 306 таси (62,0 фоизи) йиллик ҳисоботлар топширмаганлиги натижасида фаолият юритмаган тадбиркорлик субъектлари деб баҳоланган.

Тўртинчидан, банк-молия соҳасининг молиявий мустақиллиги ва ривожлантириш кўрсаткичлари бўйича 2016-2019 йилларда мол-мулк ва ер солиқлари тушумининг таққосланиши натижасида 2016 йилда 3,2 миллиард сўм тушум йиғилган бўлса, 2019 йилда 2,6 миллиард сўм тушум бўлган. 2016 йилда статистикадаги мавжуд рақамлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бироқ бу маълумотлар рейтинг кўрсаткичига катта таъсир қилган.

Шунингдек, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш жон бошига Республикада 1673,0 минг сўмга, вилоятда 2509,9 минг сўмни, саноати ривожланган туманларда 9054,8 минг сўмни ташкил қилган бир пайтда туманда бор йўғи 445,0 минг сўмни ташкил қилган.

Жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига туманда 784 та тадбиркорлик субъекти рўйхатга олинган бўлиб, шундан 545 таси ёки 69,5 фоизи фаолият кўрсатаётган бўлса, 239 таси ёки 29,5 фоизи турли сабабларга кўра фаолият кўрсатмасдан келмоқда.

Жумладан, туманда жами рўйхатга олинган 3610 та юридик шахсдан 1342 таси (37.0%), 2151 та жисмоний шахслардан 1445 таси (67%) фаолият кўрсатмаяпти. Шу билан бирга, жорий йилнинг ўтган даврида 20 та тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятини бутунлай тугатган.

Туманда тадбиркорлик субъектларининг яшовчанлик кўрсаткичи вилоят бўйича паст даражани ташкил этмоқда. Хусусан, туманда фаолият кўрсатаётган 784 та юридик шахсларнинг фақат 423 тани ёки 53 фоизигина уч йилдан ортиқ давр мобайнида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Ишбилармонлик муҳити ва тадбиркорликни ривожлантириш сифат кўрсаткичлари бўйича хорижий инвесторлар учун инвестициявий жозибадорлик борасида асосий капиталга киритилган умумий инвестициялар ҳажми 25 млрд 74 млн сўмни ташкил этиб, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 3 млрд 540 млн сўмни ташкил этган ҳолда, умумий инвестиция ҳажмидаги улуши 14,1 фоизни ташкил этган.

Шунингдек сессияда айни кунларда туманни «қизил» ҳудуддан чиқариш масаласида ишлар қизғин давом этаётганлиги, мева-сабзавотларни етиштириш, қайта ишлаш ва экспортини амалга оширувчи «БАХМАЛ НАТУРАЛ ЖЮС» МЧЖ кластер корхонаси йилига 20 минг тонна олма мевасини қайта ишлаб, 3,5 минг тонна концентрат ишлаб чиқариши ва 3,5 миллион АҚШ долларлик экспорт амалга ошириш лойиҳаси ишга туширилди.

Италиянинг “OPERA SRL” компанияси ва «БМБ ОПEРА ЗАФФEРАНО» МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон — Италия қўшма корхонаси томонидан умумий қиймати 34,4 миллион АҚШ долларлик (24,4 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция) бўлган заъфарон ўсимлигини етиштириш, қайта ишлаш ва экспортини амалга ошириш йўлга қўйилмоқда ва айни кунда заъфароннинг Италиядан олиб келинган пиёзлари экилмоқда.

Жорий йилда 1,5 миллион АҚШ доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритиш ҳисобига 200 нафар доимий ва 7000 нафар мавсумий иш ўринлари яратиш режалаштирилган.

Туманнинг географик жойлашиши ўта инвестицион, туристик жозибадор ва ички имкониятлари жуда катта. Бу борада олиб бораётган ишлар ҳам ўта қониқарсиз эканлиги таъкидланди. Чет элллик инвесторлар, сайёҳларни (туристларни) туманга жалб қилиш, тарихий, табиати гўзал гўшаларга, диққатга сазовор жойларда уларга шарт-шароитлар яратиш бўйича етарли иш олиб бора олмаётганлиги танқид қилинди. Туризмнинг эко, агро, соғломлаштириш, спорт, альпинизм туризм соҳаларида кўплаб ишларни амалга ошириш мумкин. Хизмат соҳаси бўйича кўплаб иш ўринлари яратиш имконияти мавжуд.

Бахмал туманининг қолоқ ҳудудга тушиб қолишида туманнинг тўртта сектори раҳбарининг айби катта эканлиги, келгуси чоракда мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланишини таъкидлади ва халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида туман сектор раҳбарлари бутун Бахмал халқидан кечирим сўради.

Сессияда сўзга чиққан туман ҳокими Муса Анорбоев “Аҳолининг яхши яшашга ҳаққи бор. Бунинг учун биз раҳбарлар билвосита ҳам, бевосита ҳам масъулмиз. Йил охиригача туманни «қизил» ҳудуд тоифасидан чиқарилишига ваъда бераман. Сектор раҳбарлари ва ўринбосарларим билан депутатлар ва фаоллар кўмак, таклиф ва истакларига асосан ўзгариш қиламан деб, халқимни ва муҳтарам Президентимизни ишонтираман” деб ваъда берди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари Холида Алимова ва Санобар Суярова, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев иштирок етди.

Толибжон ЭРГАШEВ,
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?