Байрам арафасида янги объектлар фойдаланишга топширилмоқда

11:57 29 Август 2020 Жамият
249 0

Мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллик байрами арафасида Тошкент вилоятида замонавий кўринишда бунёд этилган бир қатор ижтимоий муассасалар фойдаланишга топширилди. Улар орасида МТМ, оилавий поликлиникалар, никоҳ уйлари ва бошқа хизмат кўрсатиш иншоотлари бор.

Жорий йилнинг 28 август куни Нурафшон шаҳрида АТБ «Ипотека-банк»нинг Тошкент вилоят бўлими биноси фойдаланишга топширилди. Ушбу тадбирда вилоят ҳокими Рустам Холматов, Нурафшон шаҳар ҳокими Қаҳрамон Ҳакимов ва бошқа бир қатор ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишди.

Кўркам архитектура кўринишига эга бўлган банк биносининг биринчи ва иккинчи қаватларида жисмоний, юридик шахсларга ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатилади. Ушбу манзилда аҳоли барча турдаги банк хизматларидан фойдаланиши, истеъмол кредитларини энг қисқа фурсатда расмийлаштириши мумкин. Хорижий валюталарни эркин айирбошлаш шохобчаси ҳам фаолият кўрсатмоқда. Банк биносининг ишга туширилиши вилоят аҳолисининг олисини яқин, мушкулини осон этди. Чунки шу пайтгача мижозлар «Ипотека-банк» вилоят бўлими хизматларидан фойдаланиш учун Тошкентга қатнашарди-да!

Нурафшон шаҳри кўркига ярашиб турган бошқа банкларнинг янги бинолари ҳам эрта индин очилиши режалаштирилган.

Шу куни Бўстонлиқ тумани «Қоранкўл» МФЙ ҳудудида 300 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди. Бу ерда, жажжи болажонларнинг тарбия топишлари, дастлабки билим эгаллашлари учун барча шароитлар муҳайё.

Олмалиқ шаҳрида эса 6000 ўринга мўлжалланган, Тошкент вилоятида энг кўркам масжидлардан бири бўлиши кўзда тутилаётган «Ҳилол» жомеъ масжиди қурилишига тамал тоши қўйилди. Бу хайрли ишга ҳижрий янги 1442 йил боши ҳисобланмиш Муҳаррам ойида қўл урилишининг ўз рамзий маъноси бор. Чунки, масжидга биринчи ғишт қўйилган жорий йилнинг 28 августи бутун мусулмон оламида эъзозланадиган Ашуро куни арафасидир. Қолаверса, бу кун муборак Жума айёми ҳамдир.

Албатта тадбирда иштирок этган шаҳар ҳокими, имом домлалар, нуроний кексалар, маҳалла фаоллари ва жамоатчилик вакиллари бу хайрли кун баракотидан умидвор бўлишгани табиий.

Шодиёр МУТАҲАРОВ
(Халқ сўзи)

Равшан Мирзақулов олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?