Байден теледебатларни бошқа муддатга кўчиришга тайёр. Оқ уйда эса яна коронавирусга чалиниш ҳолатлари аниқланди

11:11 05 Октябр 2020 Дунё
235 0

АҚШ президентлигига Демократлар партиясидан номзод Жозеф Байден ўтган ҳафта коронавирусга чалинган Дональд Трамп билан кейинги теледебатлар муддатини бошқа санага кўчиришга тайёр эканлигини билдирди. Бу ҳақда унинг сайловолди штаби вакили Кейт Бедингфилд ABC телеканали эфирида маълум қилди.

«Биз дебатлар белгиланган санада ўтиши керак деб ҳисоблаймиз, аммо бу кўплаб омиллар, биринчи навбатда президент Трамп саломатлиги ҳолати билан боғлиқ. Биз у тезда ва тўлиқ тузалиб кетишини тилаймиз, — деган Бедингфилд. — Биз мунозаралар ўз вақтида ўтишига умид қиламиз, аммо графикдаги ҳар қандай ўзгаришларга ҳам шубҳасиз тайёрмиз».

Эслатиб ўтамиз, биринчи теледебат Огайо штати Кливленд шаҳрида ўтган ҳафта сешанба куни ташкил этилган эди. Унда рақибларга модератор саволларига жавоб беришлари учун икки дақиқадан берилди. Шунда Байден ҳам, Трамп ҳам бир-бирларини гапларини бўлишни бошлашди. Орадан 10 дақиқа ўтиб эса сиёсатчилар ўзаро шахсиятларга ўтиб кетишган. 

Эртаси куни президент теледебатлари бўйича комиссия келгуси тортишувлар формати иштирокчилар ўзларини номуносиб тутишгани учун ўзгартирилишини маълум қилди.

Трамп ва Байденнинг иккинчи дебати 15 октябрь куни Флорида штати Майами шаҳрида, учинчиси эса Тенесси штати Нэшвил шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.

Сайловлар эса 3 ноябрь куни бўлиб ўтади. Унда президент, вице-президент, Конгресс вакиллик палатасининг барча 435 аъзоси, Сенатининг учдан бир қисми, 13 та штат ва ҳудудлар губернаторлари сайланади.

Хабарингиз бор, 2 октябрь куни Трамп ва унинг турмуш ўртоғида коронавирус аниқланган эди. Улар Вашингтон яқинидаги ҳарбий госпиталга жойлаштирилган. Оқ уй матбуот котиби Кейли Макинэнининг айтишича, Трампнинг аҳволи яхши, ва у яқин кунлар ичида шифохонада бўлади ҳамда шу ердан туриб ўз ишини давом эттириб туради.

Маълумотларга кўра, яқинда Трампнинг ёрдамчиси Хоуп Хикс, собиқ маслаҳатчиси Келлиэнн Конуэй, уч нафар республикачи сенатор, Республикачилар партияси миллий қўмитаси раиси Ронна Макдэниэл, Оқ уй сайловолди кампанияси менежери Уильям Степин, президентнинг шахсий ёрдамчиси Ника Луна, Оқ уй пресс пулининг уч нафар журналистида коронавирус аниқланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?