Баҳоси осмон “арзон” уйлар эҳтиёжманд оилалар учун ушалмас орзу бўлиб қоладими?

12:16 24 Декабрь 2018 Жамият
1529 0

Архив фото

21 минг... Бу ҳисоботларда шунчаки қайд этиладиган оддий рақам эмас. Очиғини айтиш керак, ушбу рақам замирида бўйи етган қизига совчи кутаётган муниса онанинг изтироби, қиш чилласида ижарада яшаб, уй эгасининг қош-қовоғига қарашга мажбур бўлган оиланинг ташвиши ёки ой-куни яқинлашиб қолган келинчакнинг ширин қайғуси мужассам десак, хато бўлмайди.

Бу айни пайтда минг-минглаб юртдошларимизнинг уй ҳақидаги орзуси ушалганини англатувчи қутлуғ рақам ҳамдир. Президентимизнинг Конституциямизнинг 26 йиллигига бағишланган маърузасида ушбу мавзуга яна бир бор эътибор қаратилди. Яъни боқувчисини йўқотган шахслар, эҳтиёжманд ва ночор оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи бундан буён ҳам долзарб бўлиб қолиши таъкидланиб, 2019 йилда яна 15 минг 10 та арзон уй-жой ва квартира қурилиши режалаштирилганини, уларнинг 11 минг 70 таси айнан уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилалар учун мўлжаллангани айтилди.

Маълумки, юртбошимизнинг 2017 йил 23 октябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини самарали амалга ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИК МЧЖ, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, бош лойиҳа институтлари, бошқа вазирликлар ва идоралар томонидан кўп квартирали арзон уйлар қурилиши қийматининг асоссиз қимматлашишига йўл қўймаслик бўйича ташкилий-техникавий тадбирлар амалга оширилишини таъминлаши лозимлиги аниқ белгилаб қўйилди. Аммо шунга қарамай, бир йил ичида арзон уйларнинг нархи икки маротаба оширилди. (бундан бироз аввал 2018 йилнинг 29 майидан 42 фоизга қимматлаганди. Яъни хонадонларнинг бир квадрат метри учун 2 миллион 800 минг сўмдан 3 миллион 900 мингга оширилган эди.).

Қурилаётган арзон уй-жойларнинг нархи яна ошдию, айрим ночор оилаларнинг уй ташвиши узоқ чўзиладиган бўлди. Гап шундаки, Тошкент шаҳрининг Сергели туманида 2019 йил дастури доирасида қурилаётган 156 та уй жойлардаги хонадонларнинг давлат экспертиза хулосасига асосан, 1 квадрат метри 4 338 967 сўм этиб белгиланди. Президентимизнинг юқоридаги қарорига асосан, квартираларни қаватлар бўйича тақсимлашда суистеъмолчилик фактларининг олдини олиш мақсадида ёш оилаларга, эскирган уйларда яшовчиларга ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бошқа тоифадаги фуқароларга сотиш шартлари асосида бошланғич бадалнинг табақалаштирилган миқдори амалиётга татбиқ этила бошланди. Шунга биноан, бошланғич бадал миқдорини 20 фоиздан 10 фоизгача тўлаш имконияти яратилди. Аммо уйнинг нархи ошгани кўпчиликни ўйлантириб қўйди. Мисол учун, айни кунда қурилаётган 9 қаватли уйларнинг учинчи қаватидан 2 хонали 61,18 квадрат метрлик хонадонни оладиган бўлсангиз унинг бошланғич бадали (20 фоиз) 53 миллион сўм атрофида бўлади. Саккизинчи қаватидан 59,05 квадрат метрлик 2 хонали уйнинг тўлови эса 25 миллион 621 минг сўм (10 фоиз) ни ташкил қилаётир.

Айни кунда шу миқдорни тўлашга ҳам одамларнинг қурби етмаётгани бор гап. Бир йил давомида навбатда турган фуқароларнинг ҳар учтадан биттаси уй олишдан бош тортяпти. Сабаби оддий: бошланғич бадални тўлашга имконияти етмайди, уйни амаллаб олган тақдирда ҳам банкнинг ҳар ойлик кредитини тўлаб боролмайди. Тўғри, бу борада давлатимиз томонидан қулай кредитлаш амалиёти жорий қилинган. Белгиланган тартиб бўйича арзон уй-жой ажратилган фуқароларга 20 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр ҳамда биринчи 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз ставкаси билан ва кейинги даврда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида ипотека кредитлари тақдим қилинади.

Лекин ана шундай кенг кўламли, хайрли ишга масъул бўлган вазирлик, идора ва ташкилотлар ўз вазифасига совуққонлик билан қараётгандек назаримизда. Биз мақолани тайёрлаш жараёнида масалага ойдинлик киритиш мақсадида “Ўзшаҳар қурилиш инвест” инжинеринг компанияси мутасаддилари билан боғланиб ўтирмадик. Чунки ўтган гал компания раиси масалани изоҳлар экан, қурилиш материаллари нархи жорий йилда кескин ошгани, хусусан, цемент, металл, оддий ғишт, импорт қилинадиган қурилиш материаллари ва анжомларнинг нархи ошиб кетгани уй-жой қурилиши нархларининг кўтарилишига сабаб бўлганини айтган эди.

Умуман олганда, ҳозирги пайтда Сергели туманидан қурилаётган арзон уй-жойлар ўртача 256 миллиондан 447 миллион сўмгача таклиф қилиняпти. Бу нарх ҳар қандай одамнинг ҳам, жайдари тилда айтганда, белини синдиради. Аҳолининг ижтимоий муҳофазага мухтож қатламини ҳимоялашга қаратилган эзгу ислоҳотлар моҳиятига соя солади. Арзон уй ҳақиқий муҳтожлар қолиб тўлов қобилияти борларгагина насиб қилади. Қанча-қанча қўли калта фуқароларимизнинг уй орзуси орзулигича қолиб кетаверади. Мутасаддилар муаммога энг оддий — яъни нархни кўтариш билан ечим топмасдан масаланинг бошқа жиҳатларини ҳам тарозига солсалар мақсадга мувофиқ бўларди.

Шоҳжаҳон САИДНАБИЕВ


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019