Баҳор якшанбаси

12:05 08 Октябр 2020 Маданият
396 0

«Халқ сўзи» газетаси ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида таҳририят расмий веб-сайти Маданият рукни остида «Ёш ижодкорлар гурунгги» ни ташкил этди. Унда ёш шоир, носир ва таржимонларнинг ижодий ишлари эълон қилиб борилади. Марҳамат, ўқинг, баҳра олинг.

Навбатдаги ижодкор ёш носир Шерзод Ортиқов – 1985 йил Марғилон шаҳрида туғилган. Фарғона политехника институтини тамомлаган. Ҳикоя, эссе, драма йўналишида ижод қилади. Асарлари Россия, Туркия, Украина, Сербия нашрлари ҳамда республикамизнинг турли адабий нашрларида эълон қилинган. «Марварид ўлкам» адабий танлови ғолиби.

Баҳор якшанбаси

(Ҳикоя)

Уч яшар ўғлим иссиқ нон ейман деб хархаша қила бошлади. Уни ҳадеганда тинчлантира олмас, у дақиқа сайин баттар инжиқлик қилар, қўлига қайси нон бўлагини бермай, уни «иссиқ эмаскан» деб дастурхонга улоқтирарди.

— Кўзимдан йўқот бу тирмизагингни! — деди буни кўриб боядан бери қовоғини солиб ўтирган кекса отам тилга кириб.

Бехос бундай сўз қотганидан анграйиб турганимга парво ҳам қилмай, у дастурхонда сочилиб ётган нон бўлакларини йиғиштириб, қўлига ҳовучлаб олди ва уларни бирма-бир кўзларига суртди.

 —Чиқиб кет хонадан боланг билан, — деди кейинги гал нон ушоқларини дастурхондан териб, кафтига тўпларкан ер чизганча. — Ҳозироқ!

Отамнинг илк марта жиддий туриб гапиргани ва важоҳати ўғлимни чўчитиб юборди (олдин бизга нисбатан у ҳеч бундай қилмаганди-да). Ўғлим ҳиқиллаб йиғлашга тушди. Мен уни кўтариб, ўрнимдан қўзғалдим.

— Бола-ку бу, ота! — дедим унга зорланиб. — Бу ниманиям биларди. Инжиқлик қилса, қилибди-да. Ўзи уйингизга ойда бир зўрға келаман. Шунда ҳам сиғдирманг энди.

Отам менга жавобан индамади. Бунинг ўрнига нон ушоқларини оғзига солди-да, оғир ютинди ва пиёласидаги чойдан бир-икки ҳўплади. Мен унга аччиқ қилиб, дарғазаб ҳолда бошқа хонага чиқиб кетдим. У ерда ёстиққа юзимни беркитиб, ҳўнграб йиғладим. Шу бўйи тушликка ҳам чиқмадим. Онам, укам, унинг хотини навбат билан кириб ёлворишди — натижа бўлмади. Ўғлимни қучоғимга олганимча аразлашни ўрнига қўйиб, талқон ютгандек жим ўтиравердим. Унинг кўзи илингач, бир қўлида нон, иккинчи қўлида косада овқат кўтариб кутилмаганда отам хонага кириб келди.

— Қизим, вақтида овқатланиб олмасанг ошқозонинг оғриб қолади, — деди тўшак ёнига қўлтиғига қистирилган дуррасини ёзиб, унинг устига косадаги овқат ва нонни авайлаб қўяркан. — Кейин ошқозон яраси пайдо бўлади. Сенга айтсам, бу балодан ҳам ортиқроқ бало йўқ одам боласи учун. Бирам санчиб оғрийдики…

Унинг томирлари бўртиб чиққан қўллари титрар, нуроний чеҳрасидаги ажинлар янаям кўпайгандек, уларнинг орасидан тикилиб турган кўзлари хира ва қисиниб боқарди. Мен косадаги овқатга қўлимни учини ҳам теккизмаганимни кўриб, у бўшашганча хона четидаги креслога бориб ўтирди.

— Бугун якшанба, — деди у ердан дераза олдидаги оппоқ гуллаган ўрикларга хомуш тикиларкан. — Баҳор якшанбаси. Кунлар исиб, мана ўрик дарахтиям гуллади. Эрта-индин апрель келади. Табиат янаям кўм-кўклашиб, чирой очади. Баҳор таровати ўз ифори билан одамни маст қилишга киришади.

У токчага тирсагини тираб, иккинчи қўли билан деразани қия ҳолатда сал очиб қўйди. Мен ҳануз қовоғимдан қор ёғилиб ўтирар, у томонга қарамаслик учун ўзимни ухлаётган ўғлимнинг сочларини силаш билан чалғитардим.

— Уруш пайтида ҳам баҳор шундай келарди, — давом этди отам менга бир қараб қўйиб, кафтларини бир-бирига ишқалаб. — Унинг фусункор жозибасини ҳис қиларканман, атрофни бир зум унутардим. Болалигим ёдимга тушар, ота-онам бағридаги қисқа ўтган бахтиёр кунларим, ўз даври зиёлиси бўлган отам, сочларини доим ўриб юрган онам, бу ёруғ оламда тўрт йилгина яшаган норасида синглим хаёлимдан ўтарди. Ўзимга келгач эса бош кийимимни тўғрилаб, окопдан бошимни чиқарар, атрофда давом этаётган ўқлар ёмғирига, танкларнинг оғир қадам олишига, аэропланларнинг устимиздан визиллаб учиб ўтишига, атрофимиздаги ерларни ўпириб тушаётган снарядлар товушига хавфсираб назар солар ва туриб-туриб қарши томондаги немисларга қарата «нега биз уришяпмиз ўзи?» деб бақиргим келарди.

Кучли аламли нидо бўғзимда доим шай турарди. Ўша кезлари мен нима учун қўлимга қурол олганимни тушунмасдим. Кўпчилик «ватанни ҳимоя қиляпсан», дерди. Мен бу оддий жавобга кўнмасдим. У мени мутлақо қаноатлантирмасди. Шу билан бирга бу баландпарвоз шиорни айтганларга ичимдаги гапларни, тафаккуримни қийнаётган саволларни бирдек бера олмасдим. Бунинг учун мени хоин сифатида ўша заҳоти ҳарбий трибуналда суд қилишиб, отиб ташлашлари аниқ эди.

Руҳимни энг кўп безовта қилган ва борлиғимни боши берк кўчага михлаб ташлаган нарса — нима учун мен ўзим танимаган ва билмаган, менга зиён-заҳмат етказмаган одамлар билан уришаётганим эди. Шундай кезларда Карл, Себастян, Паул каби қишлоқи немис йигитлари менга нима ёмонлик қилишганди ва ўз навбатида мен уларга нима ёмонлик қилган эдимки, қўлимизга қурол олиб бир-биримизни ўлдиряпмиз, дердим асабларим қақшаб. Ахир, мен урушгача Марғилонда, улар эҳтимол Мюнхен ёки Дрезденда яшашган бўлса, орамизда келишмовчилик ва ихтилоф бўлмаган, ўртамизга нифоқ тушмаган, ҳеч нимани талашиб-тортишмаган бўлсак, ҳатто бир-биримизнинг исмимизни билмай туриб бунчалар уришаётганимиз мени охири мавжуд бўлмаган ўйлар қаърига гирифтор қиларди.

Дам ўтмай юқоридагилардан ҳам баттар ўйдан карахт аҳволга тушардим. Гитлер ва Сталин бир-бири билан чиқиша олмай қолган экан, бу шахсий низоларини нега ўзаро ҳал қилиб қўя қолишмаган, тўрт раундли бокс жанги уюштириб, бир-бирини калтаклаб, хумордан чиқса бўларди-ку, шунда уларнинг касрига қолган миллионлаб одамлар ўлмасди, деган саволни ўзимга бериб окопда тонг оттирар, кунни кеч қилар, қон кечар, дашту далаларни яёв кезардим.

Отамдан бу гапларни биринчи марта эшитиб туришим эди. Олдинлари у билан кўп мавзуларда суҳбатлашардим. Бу суҳбатларнинг кўпи болалик ва ўсмирлигимда бўлганди. Кеч фарзанд кўргани учун (мен туғилганимда отам эллик ёшдан ошганди) укам иккимизни у еру кўкка ишонмас, доим ишдан келгач, илиқ кунлари бизни велосипедига мингаштириб, кечки салқинда кўча айлантирарди. Шоколадли музқаймоқни ялаб, шаҳар марказидаги фаввора қаршисида унинг латифаларини ва ҳаётида бўлиб ўтган қизиқарли воқеаларни укам билан тинглар, аммо уруш мавзусида у ҳеч оғиз очмас, негадир уруш ҳақида менми ё укамми мабодо гап бошласак, гапни дарров кайфиятни кўтарадиган бошқа мавзуларга бурар ёки ўзи севган боғдорчилик ҳақида гапиришни бошларди.

— Украинанинг Львов шаҳри яқинида асирликка тушиб, поездда Полшанинг Краков шаҳри четидаги концлагерга олиб кетилаётганимда ҳам бу саволлар дилимни тарк этмаганди, — у сўзлашдан тўхтамасди. — Освенцим концлагери энг расво жой эди. Уни немислар Аушвис, маҳаллий аҳоли «ўлим лагери» дейишарди. У учта турли колониал бўлинмага бўлинганди. Мени бошқа асирларга қўшиб энг оғири бўлган — иккинчи бўлинмага олиб боришди. У ерга келган янги асирларни немислар дарҳол тўртта гуруҳга ажратишарди. Биринчи гуруҳга — ишга яроқсиз қариялар, ногиронлар, касалмандлар, вужуди заиф кишиларни киритишар ва уларни тўғри газ камерасига қамаб, газ иси ёрдамида асфаласофилинга жўнатишар, сўнг жасадларини крематорийда ёқиб юборишарди. Иккинчи гуруҳдагилар бақувват, соғлом кишилар бўлиб, улар концлагерь атрофида қад ростлаган ҳар хил оғир саноат корхоналарида қулдек ишлатиш учун асирлар орасидан чертиб саралаб олинарди. Учинчи гуруҳга эгизаклар, паканалар ва бирор бир нотабиий хусусияти борларни киргизишар, улар кейинчалик устиларидан тиббий тажриба ўтказиш учун «Учинчи рейх»нинг докторлари ҳузурига жўнатиларди. Тўртинчи гуруҳга асосан чиройли хотин-қизлар танлаб олинарди. Улар немис зобитларининг уйида ёки ҳарбий қисмлар кирхоналари ва ошхоналарида оқсочлик қилиш учун оммавий сафарбар қилинарди.

Мен иккинчи гуруҳ сафига қўшилиб, оғир саноат корхонасида ишлаш учун жўнатилдим. Биз ишлайдиган корхона концлагерь яқинида жойлашган бўлиб, масофаси ярим соатлик йўл эди. Корхонада танклар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилар, иш оғир ва зарарлигидан, шунингдек ҳавонинг доимий диққинафаслигидан кўпчилик бақувват асирлар ҳам кун ярмига бориб ишга ярамай қолишарди. Иш давомида немисларнинг асирларга нисбатан аччиқ ҳақорати ва бўралаб сўкишлари тинмас, ҳар соатда бошимиз ёки гарданимизга тушадиган калтак ва муштлардан бошимиз чиқмай қулдек ишлардик. Тушликда ювиндидан фарқ қилмайдиган (кўпинча қайнатилган картошка пўчоғи) ярим коса овқат билан қора қотган нон насиба сифатида улашилар, бу очқаган қорнимизни тўйдириш тугул унга юқ ҳам бўлмасди. Кун ботганда эса корхонадан пишиқ ғиштли ётоқхонага қайтарканмиз, айримлар йўлда чарчоқ важидан юролмай сафдан ортда қолишар, шунда уларни немислар аччиқланиб ўша жойнинг ўзида отиб ташлашар, айримлар бир амаллаб ётоқхонагача етиб, лекин зиналардан иккинчи қаватга кўтарилиб чиқишга мажоли етмай ўша ерда ҳушларидан кетишар, табиийки немислар уларни ҳам кечиктирмай гумдон қилишарди.

Якшанба кунлари ҳам ишлардик. Концлагерда ҳаёт ва ўлим ўртасидаги мудҳиш оралиқ тўхтовсиз ҳаракатда бўларди. Баъзан корхона дастгоҳлари ё ишдан чиққан бўлар, ё уларни умумий таъмирдан чиқарилар, шундай пайтларда асирларга мажбуран якшанба кунлари дам бериларди. Бундай якшанбалар кўпинча баҳор ва куз ойларида рўй берар, ўша куни асирлар ётоқхона олдидаги атрофи симтўр билан ўралган катта ер майдонга олиб чиқилар, ўша ерда ёмғир челаклаб қуйиб турган бўлса ҳам, офтоб ерни қиздираётган бўлса ҳам зўрлаб ушлаб туриларди.

Освенцимнинг бу бўлинмасида тўртта газ камераси ва шунча крематорий мавжуд эди. Улар блокларга ажратилган ётоқхоналарга яқин ерда жойлашган бўлиб, шунақа якшанба кунлари бир саф қилиниб, улар томонга олиб кетилаётган янги асирларни кўзимиз илғар, улар яқинлашганларида кўплари каттаю кичик яҳудийлар экани диққатимизни ўзига жалб қиларди. Уларни сал ўтиб немислар тириклайин ёқиб юборишларини барча яхши тушунарди. Бунга кўпчиликнинг шуури кўникиб улгурмай, бир оздан сўнг крематорий биноси томларидаги мўрилардан чиққан ноодатий тутун ҳидидан кўнглимиз айнирди. Қўшимчасига крематорий биноси четида борган сари тоғ каби юксалаётган култепа юрагимизни сиқарди. Крематорийда хизмат қилишга ёлланган асирлар у ерга аравачалардаги кулларни кетма-кет тўкишар, буни кузата туриб шу куллар уюми инсон жасадидан қолган нишона эканлигига, уларга айланишдан олдин шу нишона соҳиблари ҳозиргина кўз олдингдан сафга тизилиб, ўз оёқлари билан юриб ўтишганига ишонгинг келмасди.

Бир куни (адашмасам, қирқ тўртинчи йилнинг апрели эди) шунақа якшанбада ҳар бир блокдаги ётоқхонадан барчани майдонга ҳайдаб чиқишди. Барча оч-наҳор, ювиндидан фарқ қилмайдиган овқатлар ва қотган қора нон таъсирида чўпдек озиб-тўзиб, кўзлари киртайиб, қовурғаси саналиб кетган ҳолда зўрға оёқ босиб, юзида хавотир зоҳир бўлиб ташқарилади. Хавотирга ўрин бор эди, чунки бу якшанба насронийларнинг пасха байрами эди.

Байрамларда немислар албатта, кўнгилхушлик қилишарди. Масалан, кўп ичган дамлари улар асирлардан тўрт кишини танлаб олиб, уларга майдон атрофи бўйлаб уч айлана югуришни буюришар, ким биринчи бўлиб келса, уни тирик қолдириб, қолган уч кишини воқеа жойидаёқ отиб ташлашарди (Рождество куни шундай қилишганди). Башарти қўшиқ тинглагилари келса, бир неча кишини симтўр атрофида саф торттириб, улардан бирини яккахон, қолганларни хор қилдирган ҳолда нацистларни улуғловчи қўшиқларни айттиришарди. Энг ёмони — асирларга симтўрнинг олдигача «За Сталину» деб югуриб келишни, сўнг у ерда ўнг қўлларини баланд кўтарганча «Хайл Гитлер» деб овоз кўтариб, фюрерни олқишлашни буюришлари эди. Буни улар алоҳида иштиёқ билан амалга оширишарди. Крематорий тарафга яҳудийлар олиб ўтилаётганда бу удум кенг ва тантанали тарзда қўлланилар, гўёки асирлар оммавий равишда «Хайл Гитлер» сўзини бақириб-чақириб, уларни крематорийга кўтаринки руҳда кузатиб қўйишлари шарт эди. Асирлар ўнг қўлларини баланд кўтаришиб, бу сўзни юз-юз эллик марталаб қайтаришар, кимдир баланд овозда ёки астойдил бақирмаётганини, қўлини сал пастроқ кўтарганини немислар сезиб қолгудек бўлишса, уни аяб ўтиришмас ва киприк қоқмай яҳудийларнинг кетидан ўтда ёқиб юборилиш учун равона қилишарди.

Бу сафар негадир улар жиддий кўринишарди. Байрамона кайфиятдан асар йўқ, юзларида сергаклик. Бизни шахсан комендантнинг ўзи келиб текшириб кетгани ҳам ғалати туюлди. Автоматларини маҳкам тутган СС* аскарлари симтўр олдида бир-бири билан ҳазиллашмай, зийракликни йўқотмай туришарди. Бир пайт узоқдан қора машина кўринди. Концлагерь комендантининг қўналғаси ётоқхонамиз рўпарасида бўлиб, машина овози келгач, у ёрдамчиларини эргаштириб ўша бинодан чопиб чиқди. Машина юриб келиб унинг эмас, бизнинг олдимизда тўхтади. Кечаси ёғиб ўтган ёмғир натижасида йўллар лойқалангани учун машина кирлашиб, ғилдираги лойга чапланиб кетганди. Эрталабдан ерни қизитаётган қуёш нурларида бу янаям яққолроқ кўзга ташланарди.

— Хайл, Гитлер! — дейишди комендант ва унга қўшилиб бошқа зобиту аскарлар машинадан тушган меҳмонга ҳурмат кўрсатиб.

Меҳмон юқори унвонли каттакон эди. Ҳатто, комендантдан унвони анча юқори шекилли, концлагерь хўжайини унинг олдида худди ўқитувчиси қаршисида турган мактаб боласига ўхшаб мулзам тортиб қолди. Каттакон улар билан қўл бериб кўришгач, кўзойнагини дастрўмоли билан бир артиб олиб, плашчининг тугмаларини ечиб қўйди-да, атрофни кўздан кечириб чиқди. Крематорий томонга, ётоқхонанинг пишиқ ғиштларига, култепанинг ҳайбатига ҳорғин тикилди. Симтўр олдига яқинлашиб, бизни диққат билан кузатди.

У қирқ беш-эллик ёшлардаги, ўрта бўй, сочлари бир текисда таралган, узунчоқ юзли, елкалари кенг киши эди. Тасодифан менга кўзи тушгач, олдига имлаб чақирди. Уни мен билан гаплашмоқчи эканини пайқаб, зобитлар ва аскарлар билан бирга сукут сақлаб турган лагердаги тилмоч йигит симтўр олдига яқинлашди.

— Яҳудиймисан? — сўради каттакон бошдан оёқ мени кўздан кечириб.

Тилмоч унинг ҳар битта гапини русчага ўгириб турди.

— Йўқ… Ўзбекман, — дедим унга қарамасликка уриниб.

— Манави машинани кўряпсанми? — деди у ортидаги машинани кўрсатиб.

— Худди шундай.

— Шуни ярим соатнинг ичида ювиб, тозалаб қўй. Вақт кетди…

Очликдан силлам қуригани учун дастлаб унинг охирги гапини тушунмадим, тилмоч иккинчи марта тушунтиргач, бошимни тушундим дегандек қимирлатиб қўйдим. Унинг семиз ҳайдовчиси битта СС аскари билан омборхонадан иккита челакда сув, момиқ дока топиб чиқди ва келиб докани қўлимга тутқазди.

Мен аста машинани ювишга киришдим. Умримда илк марта уни рўпарамда кўриб, темир кузовини ушлаб туришим эди (бунгача унинг фотосуратини кўргандим, холос). Болалигимда отамнинг карвонсаройи бўларди. Собир Мирзанинг карвонсаройи деган унинг машҳур номи бор эди. Ўша ерда онда-сонда қўқон аравалари ва рус аскарлари юрадиган фойтунларга кўзим тушарди. Уни коллективлаштириш даврида отамдан тортиб олишгач, уларни ҳам бошқа учратмай қўйгандим. Мен юваётган машина ўша араваларга ўхшаб кетарди. Фақат ғилдираги тўртта, кузови темирдан, атрофи ойна билан ўралган, ичидаги ўриндиқлари юмшоқ, рули ва бошқа мосламалари бор эди. Кузовнинг орқасига «Мерседес» деган ёзув бўртма ҳарфлар билан ўйиб ёзилганди.

Уни юварканман, очлик силламни қуритиб кўз олдим тиниб кетаётганига эътибор бермаслик учун болалигимда онам ўргатган миллий қўшиқни хиргойи қилиб ўзимни чалғитардим. Ҳайдовчи сигарет чекиб бир четда турар, челакда сув тугагач, ҳар сафар уни бошқатдан тўлдириб келар, СС аскарлари ва тилмоч йигит асирлар билан биргаликда ишимни қизиқиш аралаш кузатишарди. Кўп ўтмай машина топ-тоза ҳолатга келди. Докани чайқаб ва сувини сиқиб ташлаб, унинг кузовини яна бир марта артиб чиққанимдан сўнг, у қуёш нурларида ярақлай бошлади.

Ишни ниҳоялагач, асирлар орасига қайтиб келдим. Ерга чўкканимча сим деворга суяниб ўша қўшиқни хиргойи қилавердим. Каттакон комендант ҳамроҳлигида бино ичидан қайтиб чиққач, бир муддат машина олдида қўлларини белига тираганича тўхтаб қолди. Кузовидан тортиб ғилдиракларигача уни обдон текширди. Кўрсаткич бармоғи четини кузовга теккизиб кўргач, мамнун ҳолда ёнида турган комендантга сўз қотди. Комендант СС аскарларидан ўзига энг яқин турганини чақириб, унга тегишли кўрсатма бергач, каттакон машинага чиқишга шошилмай, унинг кузовига суянганча чўнтагидан сигарет қутисини олди.

Бояги аскар ошхона тарафдан ўртача ҳажмдаги ликопчада нон кўтариб чиққанида у сигаретни лабига қистириб, тутунини ичига торта бошлаганди. Аскарнинг қўлидаги нон тўла ликопчага кўзи тушиб, симтўр олдига келди-да, қўли билан яна мени имлаб чақирди. Гандираклаб кетмаслик учун ўзимни қўлга олиб, секин-аста юриб олдига бордим. Елкамга у бир-икки қоқиб қўйгач, аскарнинг қўлидаги ликопчани кўрсатди ва доимгидек тилмоч ёрдамида ундаги нарса энди меники эканлигини тушунтирди.

Ликопчага оппоқ буханка нон бир текисда кесилиб, йигирмага яқин бўлакка ажратилиб, устма-уст тартибда терилганди. Оппоқ нонни кўрмаганимга қанча бўлганди-аниқ эсимда йўқ. Нон тўла ликопчани қўлимга олганимда юрагим ҳаприқиб, тез-тез урди, бир неча дақиқа ўзимни йўқотиб қўйдим. Ўзимга келгач, юзимга қон югурди ва ликопчани маҳкам қучоқлаб ортимга ўгирилдим. Шунда элликдан ортиқ қора кўзлар менга ҳам жавдираб, ҳам ҳавас билан тикилиб турганининг шоҳиди бўлдим. Уларнинг қаршисида ўзимни ноқулай ҳис қилдим. Парво қилмасликка интилиб, тезроқ нон бўлакларини оғзимга солишни, роҳат билан чайнашни, кўзларимни юмиб уларни ютишни, қорнимни тўйғазишни ўйладим. Аммо шунда ичимда нимадир узилгандек қирс этди. Четга ўтиб қорним тўйгунча нон истеъмол қилиш ўрнига уларнинг олдига бордим.

— Ол, Умар! — дедим биринчи бўлиб Тошкентлик ҳамюртим Исломбековнинг олдига бориб.

У аввалига иккиланиб менга термулиб турди. Қўлини узатишга истиҳола қилди. Пича ўтиб, бир бўлакни олиб, унинг ярмини қўрқа-писа синдириб оғзига солди-да, қолган ярмини ликопчага қайтариб қўйди.

— Оппоқ нон, — дедим борган сари озиб кетаётган тожик йигити Чориевнинг олдига боргач.- Навфал, татиб кўр!

У ҳам ярим бўлакни олиб, оғзига солди. Қолганлар ҳам шундай йўл тутишди.  Шу тариқа ликопчада нон бўлаги деярли қолмади. Охирги ярим бўлакни қозоқ йигити Ниязовга бердим. У бошида қайсарлик қилиб унамади, олдимда хижолат бўлди. Йўқ дегандек ичига ботиб кетган қисиқ кўзларини юмиб олди. Аммо қорним тўқлигини унга қайта-қайта билдириб, нонни мажбурлаб едирдим. Ликопчани бўш ҳолича аскарга қайтариб бераётганимни кўриб, каттакон менга яқинлашди.

— Эсинг жойидами? — деди сигаретини торта-торта кўзларимга тик қараб.- Машинани зўр ювганинг учун нонни сенга мукофот тариқасида бергандим. Сен бўлса қорнингни тўйғазиб олиш ўрнига уни бошқаларга бўлиб бердинг. Нега бундай қилдинг?

Мен унга дарҳол жавоб қайтармадим. Кўз олдимдан асирликка тушишидан олдин фарзандли бўлган Исломбековнинг хотини, Навфал кўп гапирадиган кекса онаси, Ниязовнинг бир оёғи йўқ отаси ва бошқа асирларнинг яқинлари бир-бир ўтди.

— Нега бундай қилдинг? — деди каттакон бошимни эгиб, жим турганимни кўриб яна.

— Чунки уларнинг ватанида кутадиган одамлари бор, — дедим ниҳоят бошимни кўтариб, бир унга ва бир тилмоч йигитга боқарканман. — Мени эса йўқ. Ота-онам ўлиб кетишган. Отамдан қолган уйимни ҳам амаким яқинда сотиб юборибди.

Гапимни эшитиб, каттакон оғир хўрсиниб қўйди. Ҳорғин юзига зимдан кўз ташларканман, унда ҳали инсонийлик унсурлари буткул йўқолмаганини кичкина кўзларининг маъюс ва рангсизлигидан тахмин қилдим. Хаёлга чўмган пайтим у сигаретини бирдан ерга ташлаб, товони билан қаттиқ эзғилади. Плашчининг тугмаларини кетма-кет қадаб биз асирларга, ёнидаги зобит ва аскарларга, комендант ва унинг ёрдамчисига, крематорий ва култепага қараркан “Got vergib uns, wir sind alle Geshopfe”** деб пичирлади. Шундан сўнг комендантга асабийлашиб қатъий кўрсатмалар бердида, барча билан қуруқ хайрлашиб машинага ўтирди. Кетаётиб мен томонга қараб қўйиб, тилмоч йигитга алоҳида гапирди. Унинг машинаси олислагач, автоматини бўйнига осган СС аскари тилмочнинг илтимосига биноан мени орқа томонга етаклаб кетди. Ортимдан асирлар хайрихоҳ нигоҳларини ачиниш аралаш менга тикканча, каттакон берган нонни ўзим емай, уларга бўлиб берганим учун чаккамдан отиб ташлашга ҳукм қилинганимни чамалаб, ўзларини айблаганча симтўр яқинидан кета олмай қолишди.

— Исломбеков, Чориев, Ниязов… барчаларинг мендан рози бўлинглар, — дедим ортимга ўгирилиб, уларга юрагим эзилиб қарарканман ичимда. — Мен ҳам сизлардан розиман.

Аскар билан ёнма-ён кетаётиб, у мени қаерда отаркин, омборхонанинг олдидами ёки култепани айланиб ўтибми, деб ўйладим. Йўл бўйи болалигимда ўрганган истиғфорни калимага қўшиб тинмай такрорлар, бошқа томондан барибир орқамдан йиғлаб қоладиган ҳеч кимим йўқлиги ўлимни бўйнимга олишимни бир мунча осонлаштирарди. Лекин у мени негадир ошхона томонга юришимни қўли билан кўрсатди. Ҳеч нимага тушунмай, унинг айтганини қилдим. Ошхонага киргач, столга ўтиришимни сўради. Каловланиб ўтирдим. Сал ўтиб у ерда куймаланиб юрган ошпаз аёл олдимга ликопчада бир нечта бўлак нон, каттароқ мис идишда бифштекс ва финжонда ўрик шарбати қўйди. Ҳеч нимага тушунмай, мум тишлаб турганимда рўпарамга тилмоч йигит келиб ўтирди.

— Бригаденфюрер*** сени овқатлантиришимизни буюрди.

Демак, каттаконнинг унвони шундай экан-да. Ўша лаҳзада бунга айтарли эътибор қаратмадим. Сабаби, фикру зикрим рўпарамдаги тириклик неъматларида эди. Мен кўзларимга ишонмасдим. Қўлларим қошиқни ушлаш-ушламасликни билмас, тилим танглайига ёпишиб қолгандек уни ҳеч қимирлата олмасдим. Бир амаллаб овқатланишни бошлаганимни кўргач, тилмоч йигит чўнтагидан ён дафтарчасини олиб унинг ичидаги бир аёлнинг суратини томоша қила бошлади.

— Нон ширин эканми? — сўради орада ён дафтарчасидан бошини кўтариб.

Мен бошимни қимирлатиб, унга шундайлигини таъкидладим. Нонни авайлаб тишлаб, секин чайнар, овқатни лабларим титраб ютинардим. Бошқа томондан ошқозоним оғришдан тин олиб борар, танамга қувват кира бошлагани боис кўз олдим ортиқ қоронғулашмасди.

— Ҳижолат бўлмай тановул қилавер, — деди у ийманиб овқатга қўл ураётганимни кўргач. — Тушликка яқин қолди. Шерикларингга ҳам яхшироқ овқат берилади энди. Бригаденфюрернинг буйруғи шундай. Комендант унинг талабини хўжалик бўлими раҳбарига етказди. Бугундан сизларга картошка пўчоғини эмас, маҳаллий аҳолидан йиғиштириб олинган қора поляк картошкасини қайнатиб беришади.

Мен қошиқни ликопчага қўйиб, ҳайратланиб унга тикилдим. У бунга эътибор бермай, мени саволга тутишда давом этди.

— Исминг нима?

Биринчи бор уни яқиндан разм солиб кузатдим. У худди мен каби йигирма беш ёшлар атрофидаги, қизиқувчан, сермушоҳада, хушсурат немис йигит эди.

— Исмим Одил, — дедим унга жавобан.

— Меники Рихард. Рус тилини Берлиндаги университетда ўрганганман. Минг надоматким, ўқишим чала қолиб кетди. Ўттиз саккизинчи йилда армияга чақирилиб, шу бўйи уруш ичида юрибман.

Овқатланишимни бир пас кузатиб ўтиргач, у шахдам ўрнидан турди ва ногоҳ эшик тарафга йўналди. У ердан ортига ўгирилди. Менга ва девордаги натюрмортга теран маъюслик билан боқди.

— Бригаденфюрер Ленинград қамали ҳақида баёнот бериб кетди, — деди сўнг томоғини қириб олгач, синиқ овозда. — Сталинград жангидан сўнг Гитлер бу стратегик жангни ҳам бой беришга яқин турибди… Бир томонда Сталиннинг иттифоқчилари Франция жанубидаги Нормандияда қимирлаб қолишди… Ҳадемай сизникилар қамални ёриб ўтиб, бу ергача етиб келишади. Оз қолди… Уруш тугайди…

Эшикни тутқичидан ушлаб очаркан, у бошини билинар-билинмас сарак-сарак қилиб қўйди. Шу бўйи йўлакдан унинг овози келди.

— Нега Сталин ва Гитлернинг ўзи урушиб қўя қолмайди-а? Уларнинг ўрнига бошқалар уришиши ва ит азобини кўриб ўлиб кетишидан маъно борми, Худойим?! Минг лаънат иккисига ҳам.

Тўққиз ойдан кейин — қирқ бешинчи йилнинг январь ойи охирларига келиб қизил армия аскарлари концлагерни озод қилишди. Исломбеков бу кунни кўрмади. Ўн саккиз ёшида уйланиб, ўн тўққиз ёшида урушга келган йигитча, бир йил ўтиб кўз олдимда ичтерламадан қазо қилди. Навфал кеч кузда ётоқхонада ўзини осиб қўйди. Улардан ташқари мен нонни бўлишиб еган асирларнинг ярмидан кўпи оғир меҳнат шароитини соғлиғи кўтармай, азоб-уқубатда Освенцим бағрида мангу қўним топишди. Мен, Ниязов ва кам сонлиларгина ўша дориламон кунларга эсон-омон етиб келдик…

Орадан кўп йиллар ўтган бўлса-да, ўша кунлар худди кеча бўлгандек эсимда туради. Айниқса, баҳор келиб ўрик гуллаганида шу ерда унинг гулларига тикилиб, ўша қирқ тўртинчи йил баҳорининг илиқ ва серқуёш якшанбасини, маҳзун «оппоқ нон» воқеасини, немисларнинг сутранг ликобчасидаги ноннинг исини, унинг ҳатто яримта бўлагини қўлига олиб шодланган — асирликда қорни ҳеч тўймаган, кўпи концлагерда ҳаёт билан видолашган, чўпдек озғин, содда ва самимий, бир олам орзуси бўлган шўрлик жонларни, уларнинг ютоқиб нон чайнашларини бир лаҳза хотирамда жонлантираман, душманим бўлган бўлса-да, бир кун душманлигини унутиб одамгарчилик қилган кўзойнакли бригаденфюрерни ва исми Рихард бўлган тилмоч йигитнинг жон куйдириб айтган гапларини бот-бот ёдга оламан.

Зеро, ўша куни бир буханка нон «биз нима учун уришяпмиз ўзи» деган саволим билан немислар ҳам ҳеч бўлмаганда бир кун, бир соатгина яшаши мумкинлигига мени ишонтирганди. Уларнинг айримлари худди мен каби шу саволни ўзларига ҳар куни ёки ойда бир бўлсин пинҳона беришар, нега уришаётганликларини гоҳо тасаввур қила олмай ғуссага чўмишар, лаҳта-лаҳта тўкилаётган қонлар орасида виждонлари дам-бадам уйғониб аёвсиз азоб ичида қолишар, акс ҳолда битта машинани қўл учида ювганим учун ликопчада тўла нон бериб, ошхонада қорнимни тўйғизишмас ёки асирларга берилаётган аянчли овқат рационини ўзгартиришмасди…

Отам гапиришдан тўхтагач, ўрнимдан турдим. Косадаги овқат совуб бўлган, унга қўл теккизмагандим. Бир муддат нима қилишимни билмай тургач, қия очиқ турган деразадан кираётган елвизакни олдини олиш учун бориб деразани ёпиб қўйдим. Дераза олдидан кетгим келмади. Отамга нимадир дегим келди. У ўрик дарахти томонга қараганича қотиб қолган, кресло четини ушлаган қўллари дағ-дағ титрарди.

— Мени кечиринг, — дедим охири ўзимни тутолмай.

Отам токчага тираб турган қўлимни қалтираётган қўли билан тутди. Мен унинг бағрига ўзимни шитоб урдим. Унинг кўзларидан тирқираб ёш чиқиб кетди.

— Шунчаки… биласанми… шунчаки қаерда тишланганми, синиқми, қотганми нон бўлакларини кўрмай, уларни ҳалиям концлагердаги ўша шерикларимга илинаман. Шундай қизим, илинаман. Менга уларнинг қорни ҳалиям очдек туюлаверади…

Изоҳлар:

*СС- немис махфий полицияси.

**Got vergib uns, wir sind alle Geshopfe (немисча)- Яратган эгам, биз ҳайвонларни ўзинг кечир.

***Бригаденфюрер- бизнинг ҳарбий унвонлардан генерал-майор унвонига яқин бўлган немисларнинг ҳарбий унвони.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?