Баҳор мушоираси

13:57 04 Март 2020 Маданият
399 0

Аёл қалбини тушуниш қийин. Сиз буни тушунмассиз, шу қадар нозикки, фақат меҳр билан тушуниш мумкин. У она – бешикни қучиб келажакни тасаввур қилади, кўнгил роҳибаси – муҳаббати билан дунёни поклайди, ўқитувчи, шифокор, тадбиркор, раҳбар, ҳоким, сенатор...

Тарихда ҳам аёлларимиз давлат ишларида фаол бўлган. Халқнинг дардини тинглаб, ечим топган маликаларимизнинг яшаб ўтган ҳаёт йўллари ибратли. Эътиборингизга ўз даврининг етук шоиралари шеърларидан сараланган баҳор мушоирасини ҳавола этамиз.

ЗЕБУННИСО

ИСМИМ ЗEБУННИСО

Лайли зотидан эсам-да, дилда мажнунча ҳаво,
Тоғу тош кезгум келур, лекин йўлим тўсгай ҳаё.

Мендан ўрганди-ю бўлди гулга булбул ҳамнишин,
Менгадур парвона ҳам шогирду ишқимдур расо.

Зоҳиримдур ғозаранг, аммо ниҳоним қон эрур,
Ўз ичига сақлагандек қип-қизил рангни ҳино.

Баски қўйдим мен фалакнинг елкасига ғам юкин,
Кийди мотам тўнини-ю, бўлди қадди ҳам дуто.

Шоҳ қизи бўлсам-да, қилдим фақр йўлин ихтиёр,
Бас, менга бу зебу зийнатким, исмим Зебуннисо.

НОДИРАБЕГИМ

ФИҒОНКИМ…

Фиғонким, гардиши даврон айирди шаҳсуворимдин,
Ғамим кўп, эй кўнгул, сен бехабарсен ҳоли зоримдин.

Ғуборим ишқ водийсида барбод ўлди андоғким,
Биёбонларда Мажнун тўтиё излар ғуборимдин.

Қизил қондур сиришким, заъфарондур чеҳраи зардим,
Мени ким кўрса фарқ этмас, хазон бирла баҳоримдин,

Бузулди рўзгорим, хонаи айшим хароб ўлди,
На роҳат кўргамен эмди бузулғон рўзгоримдин.

Биёбонларни излаб топмадим ёрим сўроғини,
Берурман жон, сабо ногаҳ хабар келтурса ёримдин.

Диёрим аҳли мендин ёрсиз бегона бўлмишлар,
Ки мен ҳам ёрсиз озурдамен ёру диёримдин.

Гаҳи йиртиб яқо, гаҳ қон ютуб, гоҳи фиғон эттим,
Налар ўтди бу ахшом, Нодира, жони фигоримдин.

ЖАҲОНОТИН УВАЙСИЙ

МEНДИН ЎРГАНДИ…



Ки булбул нола, афғон айламакни мендин ўрганди,
Вужудин шамъи сўзон айламакни мендин ўрганди.

Бориб саҳрога, қон бағримдин изҳор айладим бир кун,
Фалак бағрин қизил қон айламакни мендин ўрганди.

Шафақ хун бўлғуси, дил, ёр меҳри гар ниҳон бўлса,
Само гулгуни домон айламакни мендин ўрганди.

Кўруб абрў ҳилолинг, жон фидо қилдим жамолингга,
Ул ой ҳуснига қурбон айламакни мендин ўрганди.

Фиғонким, ғам тароғи хаста кўнглум реш-реш этти,
Санам зулфин паришон айламакни мендин ўрганди.

Сени изларман андоқким, қуёш дийдорин изларда,
Кезиб тун-кун, шитобон айламакни мендин ўрганди.

Қаноат қилди Вайсий, топти дилдин гавҳари назмин,
Садаф ҳам дурри ғалтон айламакни мендин ўрганди.

 

ДИЛШОДИ БАРНО

ҚАЛАМ ТЕККИЗМА…


Қалам теккизма қошингга, бузилмасун бу хат,
Фалакдин ой мисоли узилмасун бу хат.

Икки чизиқда мужассам ёсин айлади пай,
Бу икки маст қўйилмай тузилмасун бу хат.

Кўшингни кўрсатиб ойға, хижолат этма ани,
Юзингда доира шакли сўзилмасун бу хат.

Юзунгга боқсам ўқурман машаф оятини,
Илоҳи ишқим ўтидек қўзилмасун бу хат.

Мужгон ўқи ҳамиша қошинггадур маҳрам,
Қиёмат ўлғуча ҳаргиз тўзилмасун бу хат.

Тоқ узра тут ҳамиша икки қамар янғлиғ,
Жаҳон нури ёғурмиш эзилмасун бу хат.

“Вал-лайли вал-қамар” оят ёзар эрмиш Барно,
Хуруфи оят узра бирдек тизилмасун бу хат.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?