Баҳодир Қурбонов ва Жозеф Вотел икки мамлакат ҳамкорлик масалаларининг истиқболларини муҳокама қилди

18:09 20 Февраль 2019 Жамият
312 0

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Бугун Ўзбекистон Мудофаа вазирлигида генерал-майор Баҳодир Қурбонов ва Америка Қўшма Штатлари Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлик қўмондони генерал Жозеф Вотел ўртасида музокара бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда мудофаа соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати муҳокама қилиниб, ҳарбий таълим ва мудофаа соҳаларида истиқболдаги режалар белгилаб олинди. Ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш борасида фикрлар алмашилди. Суҳбатда мамлакатларимиз ўртасида ҳарбий соҳада ҳамкорлик йўналишларида ўсиш суръатлари кузатилаётгани алоҳида таъкидланди.

АҚШ томони ҳарбий ва ҳарбий-техника соҳасида, шунингдек, минтақада хавфсизликни таъминлаш борасидаги долзарб масалаларига ва Ўзбекистон — Америка мудофаа идоралари ўртасидаги келишувларга Ўзбекистон алоҳида эътибор қаратаётганини эътироф этди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Генерал Жозеф Вотел генерал-майор Баҳодир Қурбоновни мудофаа вазири лавозимига тайинлангани билан чин юракдан табриклади. Суҳбатда у мазкур ташриф Тошкентга тўртинчиси бўлганини айтиб ўтди. Шунингдек, генерал Вотел ўтган ташрифидан қолган таассуротларидан энг ёрқини — Самарқанд шаҳрига саёҳати ва тарихий обидалар билан танишуви эканини мамнуният билан билдирди.

Учрашув давомида Афғонистондаги вазиятни ўнглаш, халқаро терроризмга барҳам бериш ҳамда минтақада тинчликни барқарор ушлаб туриш бўйича фикрлар алмашилди.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон минтақанинг барқарорлиги ва ривожланишига сезиларли даражада таъсир кўрсатадиган қўшни Афғонистон давлатида тинчлик ва хавфсизлик йўлидаги барча ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.

2018 йилнинг март ойида Тошкент шаҳрида Афғонистон масалалари бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” халқаро анжуманининг ўтказилгани, шунингдек, унинг якунида “Тошкент декларацияси” қабул қилинганининг ўзи Ўзбекистон терроризмнинг бошқа мамлакатларда тарқалмаслиги тарафдори эканлигини кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг май ойида Ўзбекистон мудофаа вазири Жозеф Вотел бошчилигидаги делегацияни кутиб олган эди. Шу йилнинг январь ойида эса Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги делегацияси АҚШда бўлиб, мамлакатимиз махсус бўлинма ҳарбий хизматчилари иштирокида Кемп-Шелби ҳарбий базасида ўтказилган “Жанубий зарба” ҳамкорликдаги машғулотларни кузатди ҳамда CENTCOM қўмондонлиги билан икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган эди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019