Бағдодда баҳорги юмушларга киришилди

18:28 02 Март 2020 Жамият
446 0

Юртимизда халқимиз маънавиятини юксалтиришда миллий урф-одатларимиз ва уларнинг замирида мужассам бўлган меҳр-оқибат, турли муаммоларни биргалашиб ҳал қилиш каби ибратли қадриятлар тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Бу борада маънавий ҳаётимизнинг узвий қисмига айланган ҳашар истиқлол даврида янгича маъно-мазмунга эга бўлиб, умуммиллий анъанага айланган.
 

 


Зеро, ҳашарлар пайтида маҳалла ҳудудлари, гузарлар, кўчалар, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳ ва қабристонларни тартибга келтириш, ёлғиз қариялар, ногиронлар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, жамият тафаккурининг янгиланишида муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, ҳашар минг йиллар мобайнида кишилар ўртасидаги бир-бирига ўзаро ёрдам, инсонпарварлик, олижаноблик, саховатпешалик каби эзгу туйғуларни ёшлар онгига сингдиришга хизмат қилади.
 


Бугун Бағдод туманининг “Хўжақишлоқ” МФЙ аҳолиси ёппасига ҳашарга чиқдилар. 8-Йўлдошобод сайлов округидан туман Кенгаши депутатлигига сайланган Ҳошимжон Юлдашевнинг айтишича, кун ярмига қадар 2 км. масофадаги ариқлар техника воситалари кўмаги билан, яна шунча масофадаги ариқлар эса ҳашарчиларнинг қўл меҳнати билан ковланиб-тозаланди. Бундан ташқари, 10 км.дан ортиқ ички ариқларда ҳам тозалов ишлари олиб борилади, мевали-манзарали дарахтларга ишлов берилади, йўл ёқалари тартибга келтирилади. Эртага эса, бу каби эзгу саъй-ҳаракатлар қишлоқ қабристонида давом эттирилади.
 

Бундай кўтаринкиликни туманнинг “Қароқчитол” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам яққол кўриш мумкин. МФЙ раиси Тўлқинжон Раҳмоновнинг айтишича, ҳашарда 800 га яқин қишлоқликлар қатнашиб, 4 км.дан ортиқ масофадаги ариқлар тозаланди, қишлоқ қабристони ободонлаштирилди, қатнов йўллари ёқаларига 300 туп манзарали дарахт кўчатлари экилди. 5,2 тонна чиқинди ва ахлатлар олиб чиқиб ташланди.
 

Элёржон ЭҲСОНОВ("Халқ сўзи")

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?