Бадбўй майдонга айланган тарих. Хоразмда сайёҳлик объекти қаровсиз қолмоқда

10:52 19 Июль 2018 Жамият
835 0
Фото: "Халқ сўзи"

Юртимизга келаётган хорижий сайёҳларнинг бир қисми Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларимизни, аждодларимизнинг бемисл бунёдкорлик салоҳиятини намойиш этувчи қадимий обидаларни, ноёб осори атиқаларни томоша қилиш мақсадида ташриф буюрса, бир қисми Ўзбекистоннинг мусаффо табиати, бой ўсимлик ва ҳайвонот олами билан танишиш истагида келишади.

Фото: "Халқ сўзи"

Хоразм вилоятидаги уч минг йиллик тарихга эга Қалажиқ қалъаси эса тарихий ва экотуризм имкониятлари уйғунлашган ажойиб масканлардан бири. Қорақум барханлари орасида жойлашган қалъанинг жанубий қисмида мўъжизавий кўл мавжуд бўлиб, унинг суви шифобахшлиги боис ҳар йили июль-август ойларида бу ерга 10-15 минг нафар дам олувчилар ташриф буюради. Кимдир табиат қўйнида оила аъзолари билан дам олиб, ҳордиқ чиқарса, яна биров кўл суви ва балчиғидан турли хасталикларга даво истаб келади.

Фото: "Халқ сўзи"

Аммо дам олиш масканининг бугунги аҳволи, санитария ҳолати дилни хижил қилади. Дам олувчилар учун мўлжалланган ўтовлардан атиги 10 метр узоқликда ўрнатилган махсус идишлардаги маиший чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилмагани боис куннинг жазирама иссиғида атрофга таралаётган бадбўй ҳид ҳар қандай дам олувчини бу маскандан тезроқ узоқлашишга ундайди. Бир вақтлар кўлда чўмилувчилар учун кийиниш бўлмалари, ичимлик суви таъминоти, тиббиёт хизмати ташкил қилинганди. Афсус дам олувчиларга кўрсатиладиган хизмат турлари кўпайиш ўрнига борлари ҳам йўқолиб кетибди. Дам олиш масканидаги нохуш манзаралар эса ташриф буюрувчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Фото: "Халқ сўзи"

Қадимий қалъа ва унинг атрофидаги туристик имкониятлардан фойдаланиб, ҳудудни нафақат маҳаллий сайёҳлар, балки хорижликлар ҳам ташриф буюрадиган масканга айлантириш мумкин. Бунинг учун зарур тиббий, маиший, маданий ва савдо хизматларини замон талаблари даражасида йўлга қўйиш лозим. Қалъа деворларини реставрация қилиш, унга олиб борувчи йўллар ва атрофини ободонлаштириш, ҳунармандлар расталари, дўкон, ошхона, ҳожатхона ва бошқа хизмат кўрсатиш шохобчалари, музей ташкил этиб, унда археологик топилмаларни жойлаштириш орқали бу ерга келадиган сайёҳлар оқимини бир неча баробар кўпайтириш мумкин.

Фото: "Халқ сўзи"

Мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантиришга иқтисодиётни юксалтиришнинг асосий омилларидан бири сифатида қаралаётган бир пайтда Қалажиқ дам олиш масканида табиатнинг бебаҳо неъматига бундай муносабатни қандай тушуниш мумкин?

Одилбек ОДАМБОЕВ, 
“Халқ сўзи” мухбири.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар