Азму шижоатли тадбиркор ёшлар

20:12 23 Июнь 2020 Иқтисодиёт
117 0

Бугунги жазирама ёз палласида ҳовли ва дала уйлари учун алоҳида кўрк бўлиб турувчи инновация ёрдамида ишлаб чиқарилаётган тўқима мебеллар тадбиркор Акмалхон Абдазходжаев номини Қуйи Чирчиқ туманида элга танитди. У “Chinar FM” МЧЖ таъсисчиси сифатида ички ва ташқи бозорга сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

Инновация технологияси асосида тайёрланаётган бундай уй жиҳозлари тўплами саратон жазираси ва қиш совуқларига ниҳоятда чидамлилиги билан ажралиб туради.
 

Туманнинг «Ойдинобод» МФЙ ҳудудидаги Кетмонтепа қишлоғида жойлашган собиқ юқумли касалликлар шифохонаси ўрнида барпо этилган корхонага 800 млн. сўм миқдорида инвестиция киритилган.

Замонавий ишлаб чиқариш дастгоҳлари асосида меҳнат қилаётган жамоада 40 нафар маҳаллий аҳолининг бандлиги таъминланди. Хомашёнинг асосий қисми ҳам юртимизда мавжуд. Уни импорт қилишга ҳожат йўқ. Аксинча, корхона ўз маҳсулотларини экспорт қилиш кўламини кенгайтирмоқда.

Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизматининг хабарига кўра, туманида ташкил этилган кичик саноат ҳудудида айни пайтда 8та тадбиркорлик корхоналари мавжуд.

Вилоятнинг иккинчи бир ҳудуди Паркент туманида эса ёшлар бандлигини таъминлаш борасидаги тезкор изланишлар натижасида Намданак қишлоғида истиқомат қилувчи Абдумўмин Собиржоновнинг уч нафар фарзанди — Сабриддин, Руҳиддин ва Муҳриддинлар ўз шахсий маблағлари ҳисобидан «қоғоз сочиқ» ишлаб чиқарувчи мўъжазгина цех очиб, икки нафар қишлоқдошини иш билан таъминлади.
 

Хориждан келтирилган илғор технологиялар асосида иш бошлаган ёшлар туман саноат тармоғида янги соҳага асос солишди.

—Маҳсулотларимизни туманимиздан ташқари Тошкентнинг «Ўрикзор» ва «Эко бозор» расталарига ҳам чиқаряпмиз, – дейди тадбиркорлар. — Ҳудудимизда ишбилармонлик фаолияти учун барча шароитлар яратилган. Келажакда тижоратнинг турдош тармоқларини ҳам йўлга қўйиб, янги иш ўринлари очиш устида изланяпмиз.

Шодиёр МУТАҲАРОВ,
"Халқ сўзи"

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?