Автобусга пули йўқлиги учун мактаб директори унга велосипед совға қилганди. Бугун дунёнинг энг кучли ҳужумчиларидан бири

09:12 02 Октябр 2020 Спорт
571 0

Ромелу Лукакуга «миллионлар ўйини» бегона эмас. Отаси Роже Бельгиянинг турли клубларида тўп сурган. Онаси Адольфина эса фаррош эди. Ромелу футболчи бўлиш фикрига келганида отаси фаолиятини якунлаганди. Энг ачинарлиси, оила жуда камбағал эди. Боз устига ота-онаси ишлаб топган даромаднинг бир қисмини Конго Республикасида яшовчи турмуши янада оғир қариндошларига жўнатишарди. Уйда баъзан ҳафталаб чироқ ва иссиқ сув бўлмасди. Столда эса фақат сут ва нон турарди.

Лукакунинг мактабга бориши учун автобусга пули йўқ эди. Бундан хабар топган раҳмдил мактаб директори ўз ҳисобидан унга велосипед совға қилди. Ота-онаси эса егуликни қўшни дўкон эгаларидан қарзга олишарди. Лукаку умумтаълим мактабидан ташқари спорт мактабига ҳам бора бошлагач, отасини ўша даргоҳга ёшлар жамоаси мураббийи сифатида ишга олишди.

6 ёшга кирганида у кичик клублардан бирининг футбол академиясига қабул қилинди. Техникаси юқори, гавдали болакай тез орада «Лерс» клуби аъзосига айланди. Қизиғи, қаерга бормасин ўзи билан бирга туғилганлик гувоҳномасини олиб юрарди. Чунки кўп ҳолда бу бўйдор боланинг ёш тоифаси шубҳа-гумонларга сабаб бўларди. ”Лерс”нинг ёшлар жамоасида у 68 ўйинда 68 та гол киритди.2006 -2009 йилларда у «Андерлехт»нинг ёшлар жамоаси сафида 88 та учрашувда 121 та гол йўллади. 16 ёшга кирганида бир пайтлар ҳатто автобус йўлкирасига ҳам пули бўлмаган йигитчанинг трансфер нархи 10 миллион евро дея баҳоланди. ”Манчестер Юнайтед”, "Челси", "Милан", "Арсенал" сингари Европанинг етакчи клублари уни ўз сафларига қўшиб олиш ҳаракатига тушдилар. Лекин ҳар қандай чўққига ҳам пастдан чиқилади. Шуни яхши англаган қаҳрамонимиз "Андерлехт"да қолиб, 2009/10 йилги мавсумда чемпионатнинг энг кучли тўпурарига айланди, жамоасининг чемпионлик унвонига сазовор бўлишига кўмаклашди. Бунақанги муваффақият аксарият ёш футболчиларнинг бошини айлантириб қўйганига дунё кўп бор гувоҳ бўлган. Аммо Лукаку ютуқни хотиржам қабул қилди. Жамоа ғалабани байрам қилаётган паллада имтиҳонга тайёргарлик кўргани уйига йўл олди.

2011 йилда унинг келажаги қандай кечишини бутун Европа кузатиб турди. ”Вояга етгач, бошқа бир номдор жамоага ўтаман”, деганди. Шу фурсат етиб келди. Лондоннинг "Челси" клуби уни 20 миллион евро эвазига ўз сафига қўшиб олди. Клуб раҳбарияти унга беш йил муддатга мўлжалланган ажойиб шартнома таклиф қилди. Бундан ташқари, оиласига Лондондан шоҳона уй ажратди. Бахтга қарши, у "Челси" асосий таркибидан ўрин ололмади. Аввалига бош мураббий Андре Виллаш-Боаш, кейин эса Роберто Ди Маттео марказий ҳимоя чизиғида Дидье Дрогба ва Фернандо Торресни ўйнатишни маъқул кўришди. Шунга қарамай, Лукаку жамоа билан Англия кубогини қўлга киритди. Мавсумнинг охирги ўйинида "Блэкберн"га қарши майдонга тушиб, голли пас берди. Орадан 7 кун ўтиб эса "Челси" Чемпионлар Лигасининг Мюнхенда бўлиб ўтган финалида ғалаба нашидасини сурди. Бироқ қаҳрамонимиз ориятли йигит эканини кўрсатиб қўйди. Бу ғалабага менинг ҳиссам қўшилгани йўқ, деб кубокни боши узра даст кўтаришни хоҳламади. Кейинги мавсумни эса "Вест Бромвич Албион"да ижарада ўтказди. Бу жамоа сафида у 17 та гол киритди. Энг эсда қоларли голларини эса "МЮ" дарвозасига йўллади. Бу афсонавий мураббий сер Фергюсоннинг "МЮ" устози сифатидаги охирги ўйини эди. ”Вест Бромвич” 1:4 ҳисобида енгилиб турган паллада Лукаку захирадан майдонга тушди ва хет-трикка эришди. Жамоа ўша ўйинда номдор рақибидан очко (5:5) тортиб олишга муваффақ бўлди.

"Челси"га қайтган бельгиялик ҳужумчининг яна омади юришмади. Жамоанинг ўша пайтдаги бош мураббийи Жозе Моуриньога унинг ўйин услуби ва... кўп гапириши маъқул келмади.

— Одамлар сени майдонда кўришни хоҳлашади, — деганди интервьюларидан бирида Лукаку. — Шу учун "Челси"ни тарк этдим. Мен "Эй, бу машғулотларда жуда зўр" дейишларини эшитишни хоҳламайман. Ўйинларда ўзингни кўрсата олишинг муҳим. Премьер – лигани миллиардлаб одамлар томоша қилишади. Улар сени машғулотлар чоғида кўришмайди.

Ромелу "Эвертон"да аввал ижара асосида ўйнади. Кейин эса клуб унинг ҳақ-ҳуқуқини тўлиқ сотиб олди. Бу жамоада ҳам у ўзининг тўпурарлик қобилиятини намойиш этиб, мухлисларнинг суюмли футболчисига айланди. Аммо юрагининг бир четида Европа Чемпионлар Лигасида қатнашадиган жамоада ўйнашим керак, деган ният бор эди. Шу боисдан 2017 йилнинг ёзида қаҳрамонимиз "Манчестер Юнайтед" сафига ўтди. Айрим маълумотларга қараганда, бу трансфер учун "МЮ" 75 миллион фунт сарфлаган.Шу жамоа сафидаги дастлабки 9 та ўйинда у 10 та гол киритиб, афсонавий Бобби Чарлтон ўрнатган рекордни янгилади.

Табиийки, унинг "МЮ"даги фаолияти хусусида узоқ сўз юритиш мумкин. Аммо 2019 йилнинг августига келиб, Лукаку 74 миллион фунт стерлинг эвазига Италиянинг "Интер" клуби сафига йўл олди. Бу Милан клуби тарихидаги энг қимматбаҳо харид саналади.

Биз Лукакунинг Бельгия терма жамоасидаги ўйинлари тўғрисида тўхталишни лозим топмадик. ”Миллионлар ўйини”дан хабардор ҳар қандай мухлис яхши билади: ҳозир таркиб жиҳатдан бу терма жамоа дунёнинг энг кучли командаси саналади. Азар, Кевин Де Брюйне каби юлдуз футболчиларга эга бу жамоада Лукакунинг ҳам ўз ўрни бор. Бельгияликлар 2018 йилги жаҳон чемпионатида 3-ўринни эгаллашгани ёдимизда, албатта. Ўшанда Лукаку 6 ўйинда 4 та гол киритганди.

Қаҳрамонимиз туғма марказий ҳимоячидир. Чапақай. Боши билан яхши ўйнайди. Тезлиги юқори. Жисмоний жиҳатдан жуда бақувват. Буларнинг бари унга рақиб ҳимоячилари билан тенгма-тенг кураша олишига имкон беради.

— Ҳар тонгда уйғониб, биринчи қиладиган ишим ибодатдир, — дейди у.—Кейин ота-онам билан суҳбатлашаман. Қандай масала бўлмасин уларга ёрдамим керак-керакмаслигини сўрайман. Шундан сўнг машғулотларга йўл оламан.

Лукаку туризм соҳасида бакалавр дипломига эга. У полиглот, яъни кўп тилни билади. Инглиз, француз, голланд, немис, лингал, португал ва итальян тилларини ўзлаштирган. Шахсий ютуқлари кўп. Биттасини айтиш билан чекланмоқчимиз: 27 ёшли ҳужумчи 40 та гол билан Бельгия терма жамоаси тарихидаги энг кучли тўпурар бўлиб турибди.

Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?