Австрия ва Германияда катта қизиқиш уйғотган ихтиролар бизга керак эмасми? Нега улар қоғозда қолиб кетмоқда?

16:58 13 Ноябрь 2018 Иқтисодиёт
600 0

Иқтисодиёт ривожи фан ва техника билан чамбарчас боғлиқ. Чунки илм соҳасида эришилган ютуқлар тармоқлар самарадорлигини ошириш, қўшимча иш ўринлари яратишга хизмат қилади.

Шу боис илм-фан ҳамда техника соҳасига катта аҳамият берилиб, кўплаб диссертациялар ҳимоя қилинаётгани, уларнинг амалиётга изчил татбиқ этилганлиги эътироф этилади. Аммо, афсуски, бунинг самараси ўлароқ, бирон-бир янги саноат тармоғи ўзлаштирилганлиги, борларининг такомиллаштирилгани, яратилган маҳсулотнинг ишлаб чиқаришга жорий этилганлиги орқасида эришилган иқтисодий самарадорлик ҳақида деярли ҳеч нарса билмаймиз. Чунки фан-техника тараққиётига сарфланган маблағлар-у, улардан келадиган иқтисодий самарадорлик ҳақида деярли маълумотлар эълон қилинмайди.

Бунга фан-техника тараққиётига ажратилган маблағлар самарадорлиги пастлигига баъзи ҳолларда уни тақсимловчи ташкилотларнинг бунга жавобгарлиги йўқлиги сабаб бўлаётган бўлса ажаб эмас. Бизнингча, ажратиладиган грантлар, биринчи навбатда, катта иқтисодий аҳамиятга эга тадқиқот ишларига йўналтирилиши керак. Бироқ ҳар доим ҳам бундай бўлавермайди. Мисол учун, 2008 йилдан бошлаб Наманган давлат университети Экология кафедрасида суғоришда сувни тежаш ва суғормасдан ҳосил олиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Нафақат экологик, балки катта иқтисодий аҳамиятга эга иш бир неча марта грантга тақдим этилди. Аммо грант бериш лозим топилмади. Натижада иш НамДУ докторанти С. Абдураҳмонов томонидан 2011-2016 йилларда ўз маблағи ҳисобидан фермер хўжаликлари ёрдамида бажариб келинди. Натижалар эса Россия, Австрия ва Германия нашрларида қизиқиш уйғотиб, уларда чоп этилди. Бу вақт мобайнида кичик майдонларда ўтказилган тажрибалар ижобий самара бериб, улар асосида С. Абдураҳмонов докторлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади.

Тажрибаларни каттароқ майдонда синаш учун, табиийки, маблағ керак. Шу боис 2018 йилда Фан ва технологиялар агентлигига яна ариза берилди. Лекин жавоб йўқ. Янги ташкил этилган Инновацион ривожланиш вазирлиги сал қизиққандай бўлди, лекин натижасиз.

Бу борада алоҳида қайд этиш лозимки, республикамизда фан-техника ютуқларини жорий этувчи алоҳида ташкилот йўқ. Фан ва технологиялар агентлиги тўғрисидаги Низомнинг 8-банди, д кичик банди, 5-хатбошисида агентликка “давлат илмий-техник дастурлари натижаларини жорий этиш” юклатилган. Бироқ бунга эътибор негадир жуда ҳам суст. Шу сабабли бўлса керак, илмий-тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртларида анчагина иқтисодий самарадорликка эга катта-кичик ихтиролар, таклифлар жорий этилишини кутиб ётибди. Бу кичик ихтиролар учун ҳам катта муаммо саналади. Масалан, НамДУ Экология кафедрасининг уй томларида ўрнатилган махсус идишлардаги сувни қуёш нурида иситиб, иссиқ сув таъминотини йўлга қўйиш, иссиқхоналар ишини йилнинг илиқ даврида тўхтатиб, улардаги ёқилғи харажатларини кескин камайтириш бўйича таклифи матбуотда эълон қилинганлигига қарамай, соҳа вакилларини қизиқтирмаяпти. Бундай мисоллар бошқа олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот институтларида ҳам кўплаб топилади, албатта.

Илмий-тадқиқот ишларини молиялаштиришнинг асосий манбаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобланади. Улар эса чегараланган. Шунинг учун қўшимча манба сифатида қуйидагиларни таклиф этиш мумкин.

Масалан, ихтиро ва илмий-тадқиқот ишларини бажаришни хўжалик ҳисоби асосида йўлга қўйиш. Бунинг учун уларни жорий этувчи ташкилотлар зарур. Улар ихтиро ва илмий-тадқиқот ишларини, уларни жорий этишдан келгусида келадиган фойдани ҳисоблаб, банклардан имтиёзли кредит ҳисобига молиялаштиришлари мумкин. Бунда ихтирочининг ҳуқуқлари катта аҳамиятга эга. Мисол учун, чет элда яратилган ихтиронинг ҳар бир қўлланилишида ихтирочига (унинг меросхўрларига), нашр этилган китоби сотилганда унинг муаллифига (меросхўрларига) мунтазам гонорар келиб туради. Бу қоидани қонун сифатида қабул қилиш ихтироларни ва уларнинг жорий этилишини кескин кўпайтиради.

Бундан ташқари, манба сифатида илмий-тадқиқот ишларига олий ўқув юртлари талабаларини кенг жалб қилиш билан бирга, улардан йиғилган контракт маблағларининг 4-5 фоизини ажратишни кўрсатиш мумкин. Битирувчи дипломини олиши учун камида битта иқтисодий ёки ижтимоий самарага эга ихтиро қилишини ёки ўзи ўтказган эксперимент натижаларига ёхуд статистика маълумотларига асосланган илмий-тадқиқот ишини бажаришини шарт қилиб қўйиш керак. Агар бу ишни ўқиш давомида улгура олмаса, уларга диплом ўрнига фанлардан олган баҳолари кўрсатилган маълумотнома беришни, ихтиро яратганларидан сўнггина дипломларини беришни йўлга қўйиш лозим. Чет элларда бундай талаб ҳатто коллеж битирувчиларга нисбатан ҳам қўлланилади. Натижада уларда ихтирочилар ҳам, ихтиролар ҳам кўп.

Қолаверса, ҳозир фалсафа ва фан доктори илмий даражаларини олиш учун кўплаб диссертациялар ҳимоя қилинмоқда. Аммо кўп ҳолларда диплом қўлга олингандан кейин илмий-тадқиқот ва ихтирочилик фаолияти бутунлай сусайиб кетади. Бунинг олдини олиш учун дипломларнинг таъсир даврини, мисол учун, 5 йил қилиб белгилаш керак. Шу давр ичида диплом эгаси ўз илмий даражасига мос келадиган янги бир илмий муаммони ҳал қилиши, ихтиро қилиши, шогирд сифатида фалсафа ёки фан докторини етиштириши лозим. Бизнингча, бу орқали республикамизни жануби-шарқий Осиё мамлакатлари, айниқса, Хитой ва Жанубий Кореяда кузатилаётган тез тараққиётга олиб келишида асосий омил бўлиши мумкин.
Баҳодир КАМОЛОВ,
Наманган давлат университети экология кафедраси профессори.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019