"Авлоний" фильми учун 3 та вокзал, 2 та 14 метрли поезд, битта пароход қурилди, 500дан зиёд костюм тикилди

15:51 09 Декабрь 2019 Маданият
636 0

Ўзбек кино оламида илк маротаба ўзбек жадидлари ҳақида ҳикоя қилувчи тарихий картина – “Авлоний” фильми суратга олинди. Cценарий муаллифлари Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик ва Муқаддас Усмонова. Фильм режиссёри Музаффар Эркинов ҳамда юзлаб кадрорти киноижодкорларининг меҳнати маҳсули бўлган ушбу фильм миллатимизнинг ёруғ кунлари учун курашган маърифатпарвар Турон фарзандининг машаққатлари, миллатпарварлик орзулари, туйғуларини ўзида акслантиради. Картина воқеаларига Тоҳир Маликнинг “Қалдирғоч” асари мотиви асос қилиб олинган. Фильмда Абдулла Авлонийнинг 1919 йилда Афғонистонга қилган дипломатик сафари ҳақида ҳикоя қилинади.

Мамлакатда катта ўзгаришлар рўй бераётган даврда яшаган Авлонийнинг турлича фикрлар, оқимлар, сиёсий тузумлар ўртасидаги курашларга нисбатан кечган ички туйғулари, миллатининг келажаги учун қилган ҳаракатлари фильм асосини ташкил этади.

Авлоний – кенг қамровли инсон. У – шоир, драматург, мураббий, илк дарсликлар муаллифи, “Мактаб”, “Нашриёт” ширкатлар муассиси, ўзбек театри асосчиларидан бири, “Турон” театр труппаси тузувчиси, Туркистоннинг Афғонистондаги биринчи мухтор элчиси, дипломат. Фильмда унинг фаолиятидаги барча соҳалар қисман бўлса-да, тасвирланади. Шунингдек, аввалига жадидчилар қаторида бўлган Авлонийнинг кейинчалик Шўролар ҳукуматига хизмат қилиш сабаблари, Афғонга қилинган сафар баробарида унинг ўша ҳукуматга нисбатан пайдо бўлган қарши фикрлари, миллати ва юрти учун чин юракдан жон койитиши фильм ғояларидан биридир.

Кинокартинада Абдулла Авлоний образини Хоразм театри актёри Алишер Йўлдошев гавдалантирган. Фильм постановкачи оператори Равшан Мирзакамолов, рассом Қаҳрамон Маткаримов, либослар устаси Нигора Пўлатова, гримчи-рассом Маҳбубат Исанова, дикоратор-рассом Содиқ Машарипов, монтаж устаси Дилшод Ибрагимов. Фильм мусиқасини бастакор Абулқосим Муинзода басталаган. Матёқуб Матчонов, Муҳаммадали Абдуқундузов, Аброр Йўлдошев, Жавоҳир Зокиров каби санъаткорларимиз фильмнинг профессионал чиқишига ёрдам беришди.

Фильмни суратга олиш ишлари апрель ойида бошланиб, август ойида ниҳоясига етди. Сьёмка жараёнлари Хоразм, Қорақалпоғистон Қўқон ҳудудларида бўлиб ўтди. Ижодий гуруҳ катта масъулиятни ҳис қилиб, кенг қамровда ишлашди. Хусусан, 20 дан зиёд декорация: жумладан, 3 та вокзал, 2 та 14 метрли поезд, битта пароход қурилди, 500дан зиёд костюм тикилди.

“Асосий мақсади Абдулла Авлоний образи тимсолида ўша даврда яшаб, фаолият юритган, миллат ва юрт учун курашган зиёлиларнинг ҳаётини кўрсатиш ва бу орқали бугунги кун ёшларида миллатга бўлган муҳаббат, аждодларга нисбатан фахр ва ғурур туйғуларини шакллантиришдан иборат” – дейди фильм режиссёри Музаффар Эркинов.

Мана шундай халқпарвар, юртимизнинг юксалишига, тараққий этишига ва маданиятимизда улкан из қолдирган аждодимизни томошабинга кўрсатиш, унинг қалбида ватанга садоқат, инсонпарварлик туйғуларини сингдириш ва ҳар бир кўрувчига мана шундай аждодларга муносиб бўлиш – фильмнинг бош ғояси.

Бугун тинчликда, бекамликда яшаётган сиз-у бизга йиллар довони ортида қолган аждодларимиз билан дийдорлашиш баробарида ўзимиз, ўзлигимиз ҳақида ўйлашга имкон бергувчи “Авлоний” тарихий фильмини 7 декабрдан юртимиз кинотеатрларида томоша қилишингиз мумкин.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019