Авиация ёрдамида бир инсон ҳаёти сақлаб қолинди

18:55 26 Апрель 2019 Жамият
380 0

Қашқадарё вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасидан хабар қилишларича Деҳқонобод тумани Оққишлоқ қишлоғида юз берган авария оқибатида жабрланган фуқаронинг ҳаёти авиация ёрдамида қутқариб қолинди.

Маълум бўлишича тумандаги “Ойбек” МФЙда яшовчи 
Б. Менглиев ҳайдов трактори билан дала ёқалаб бораётганда трактор тик қияликдан сирпаниб кетиб, бошқарувни йўқотган. Сурункали ёғингарчиликлар оқибатида юзага келган ортиқча намлик ва ернинг лойлиги оқибатида трактор тепаликка чиқа олмай, ортга қайта ҳаракатланган. Ҳайдовчи яна ҳаракатда давом этиши натижасида трактор ағдарилиб, 5-6 маротаба думалаб кетган.

Бундан оғир тан жароҳати олган Б. Менглиевга Оққишлоқ қишлоғида жойлашган Қишлоқ врачлик пунктида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Аммо жароҳатнинг жиддийлиги туфайли жабрланувчини Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалига етказиш зарурати пайдо бўлади.

Туман марказидан 180 км. узоқликда жойлашган Оққишлоқ қишлоғига шу кунларда техника етиб бора олмайди. Сабаби, Деҳқонободнинг тоғ ва тоғолди ҳудудларида кучли ёмғир ёғиши оқибатида “Кўкабулоқ-Дўконхона” автомобиль йўлининг 6 км.да йўлни сел сувлари ювиши, тепаликдан тупроқ ва тош бўлакларининг оқиб тушиши оқибатида автомобиль йўли тўлиқ зарарланиб, транспорт воситаларининг ҳаракати тўхтаб қолган.

Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи полковник Обиджон Ҳазратқуловнинг таъкидлашича юқоридагиларни инобатга олиб Мудофаа вазирлигига беморни зудлик билан эвакуация қилиш учун 1 дона вертолёт ажратилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилинди.

Мудофаа вазирининг ўринбосари Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўмондони генерал-майор А.Бурхановнинг рухсати билан ҳавога кўтарилган ҳарбий қисмга қарашли МИ-171 вертолёти экипаж командири подполковник Ўктам Рахманов бошчилигида 2 нафар қутқарувчи, 2 нафар тиббиёт ходимлари воқеа жойига бориб беморни вертолёт ёрдамида Қарши шаҳридаги Хонобод аэродромига етказилди. Олиб борилган тезкор қутқарув ишлари натижасида бемор махсус тез тиббий ёрдам автомашинасида соат 16:05 да Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалига етказилди ҳамда беморнинг ҳаёти қутқариб қолинди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали директори Равшан Пулатовнинг билдиришича беморга очиқ мия шикастланиши, бош миянинг оғир даражали лат ейиши, суб арахниал қон қуйилиши, пешона суяги асоси, ғалвирсмон суягида йиртилган синиш жароҳати, умуртқа, чап болдир суякларида ёпиқ синиб силжиш ташхиси қуйилган бўлиб, айни пайтда зарурий ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Бемор доимий врач назорати остида.

А. Муҳаммадиев.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019