Астрономия боғида “қамалда” қолган астрономлар

18:36 30 Май 2018 Жамият
660 0
Фото: uza.uz

Қирқ йил умрини астрономия илмига бағишлаган фан доктори, профессорнинг хонадонини қандай тасаввур қиласиз? Машина ва данғиллама ҳовлими? Агар шундай, деб ўйлаётган бўлсангиз янглишдингиз. Бугун биз кулбаларда яшаётган фалак илми асосчиси Мирзо Улуғбекнинг издошлари хонадонида бўлдик. Яна бу кулба уйлар бузилиш арафасида, аммо у ерда истиқомат қилаётган фан арбоблари қаерга кўчишларидан бехабарлар...

Тошкентнинг марказий кўчаларидан бири, қиммат уйлар қурилиб келаётган бир жойда тарихи иккинчи жаҳон урушидан аввалги йилларга бориб тақалувчи “Астрономия” кўчасида Астрономия институти жойлашган. Астрономия институти боғида тадқиқот олиб борган,
физика-математика фанлари номзоди - Октябрь Турсунов;
физика фанлари номзоди Абдусалом Латипов;
физика фанлари номзоди Клавдия Кулешева;
физика-математика фанлари номзоди Абдуғафур Раҳимов;
физика-математика фанлари доктори Абдумалик Раҳимов;
физика-математика фанлари доктори, профессор Мамнун Закиров каби фан арбоблари кеча-ю кундуз ишлаганлари боис улар учун давлат томонидан шу боғнинг ўзига кулбалар қуриб берилган. Кулбаларда ҳаммом ва ҳожатхоналари яшаш жойидан ташқарида бўлган ва ортиқча қурилиш қилиш тақиқланган. Олимлар кулбаларда оиласи билан яшаб, шу шароитга рози бўлган ҳолда ишлаганлар, кечаси юлдузларни татбиқ қилганлар. Ҳозирда ҳам астрономия илми арбоблари шу боғда, ўша шароитда яшаб келишмоқда. Астрономия боғига жиддий зарар етказмаслик учун, унинг ҳудудида яшаётган аҳоли уйларини девор билан ажратиш, канализация қувурлари ўтказиш ва бошқа жиддий қурилишларга рухсат этилмаган. Фан арбоблари, табиатни ёввойи сақлаган ҳолда яшаб келганлар. Бироқ бу қонунлар билишимизча нима учундир барчага баробар эмасдек кўринади. Илм эгалари танг аҳволда-ю, астрономия боғининг маълум ҳудудини ўзлаштирганлар қасрлар қуришга ҳам эришганлар.

“Халқ мулки дахлсиз” эди...
Астрономия институти қисқа хронологияси:
1994 йил Астрономия институти ҳудудининг маълум қисми келишувлар асосида катта маблағга сотила бошлайди. Озод Шарофиддиновнинг “Халқ мулки дахлсиздир” мақоласидан кейин, бунга барҳам берилади.

Фото: uza.uz

Тахминан 2000 йилларда Астрономия институти боғи ичидаги Владимир Щиглов уй-музейи сотиб юборилади.

2005 йилда институт ҳовлиси илм-фан арбобларига уйлари ноқонунийлиги айтилиб таҳдид қилинади. Институт аҳолиси Президентга ва прокуратура органларига мурожаат қилиб, уйларини ва институт боғини сақлаб қолишга эришадилар.

2017 йил, 14 сентябрда Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатини ва “Астрономия ва аэронавтика” боғини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилинади.

Унга кўра мазкур ҳудудда “Астрономия ва аэронавтика” боғи ва Планетарий ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Халқ таълими вазирлигининг Фанлар академиясининг Астрономия институти қошида 200 ўқувчи ўрни ва 150 ўринли турар жойига эга бўлган, математика, астрономия, физика ва информатика фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатини ташкил этиш кўзда тутилади.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлигига Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги билан ҳамкорликда бир ой муддат ичида Астрономия институти ҳудудида мактаб-интернат биноси ва ўқувчилар турар жойини қуриш учун жой ажратиш буюрилади.

Қарордан сўнг астрономия институти ҳудудида кенг кўламли қурилиш ишлари бошлаб юборилади. Уйлари олдидаги катта қурилиш ишларидан ноқулай аҳволда қолган аҳоли бир неча бор туман, шаҳар ҳокимиятига ва Халқ қабулхоналарига мурожаат қиладилар. Шундан сўнг 2018 йил февраль ойида Юнусобод туман ҳокимияти қурилиш орасида одамлар яшаётганини ёдга олиб, хонадон эгаларига уйлари бузилиши ҳақида огоҳлантириш хати юборади. Унда, тез орада комиссия тузилиб, уларга уй ажратилиши айтилади. Аммо, мана 3 ой муддат ўтганига қарамасдан лой йўллар, кранлар, чанг-тўзонлар орасида бутун умрини фалак илмига бағишлаган олимлар ва уларнинг авлодлари яшаб келишмоқда. Қурилиш кўламига кўра у ерга яқин жойлашган оила хавфсизлигига кафолат бериш қийин. Шунга қарамасдан, астрономия ва астронавтика боғи қурилмоқда-ю, унинг фидойилари ночор аҳволда қолмоқдалар.

Фото: uza.uz

“Ушбу ҳудудда қиммат уйлар қурилади деб қўрқар эдик. Чунки, “Астрономия 33”, шаҳар марказида жойлашган ва атрофимизда метр квадрати салкам 2 минг АҚШ долларига тенг уйлар қурилиб келинмоқда. Мамлакатимиз Президентининг 2017.09.14 санасидаги қарорини кўриб беҳад хурсанд бўлдик. Институт “Астрономия ва аэронавтика” боғи ва Планетарийга айланиши, бу тарихий жойга эътибор қаратилиб уни янгиланишини эшитиб кўнглимиз жойига тушди. Уйларимиз ўрни планетарийга айлантирилар экан уни бажонидил бўшатиб берамиз. Лекин, аввал бизни бошқа жойга кўчириб, кейин қурилиш ишларини бошлашса яхши бўлар эди. Қурилиш ишлари аллақачон бошланганига қарамасдан бизни кўчиришгани йўқ. Яшаш учун хавфли бўлган жойда истиқомат қилиб келмоқдамиз. Ёғингарчилик вақтида, лойли кўчалар ва катта машиналар сабаб, уйларимиздан ташқарига чиқолмай қолдик. Бу ерда гўё аҳоли йўқдек, ишлар олиб борилмоқда”, дейди Астрономия институти ҳовлисида яшовчи астрономия-физика фан доктори, профессор Мамнун Закиров.

Бефойда мурожаатлар
Астрономия боғида қурилиш ишлари авжига чиққач, аҳоли илтимос билан туман ва шаҳар ҳокимликларига бир неча бора мурожаат қилган.

Туман ҳокимлигидаги мутасаддилардан “Сизни қаерга кўчиришни ўйлаяпмиз”, деган жавобни олишган. Улар ўйлагунча биз қурилиш ичида яшайверамизми? Қурилиш ишлари сабаб, уч кунлаб, электр токини узиб қўйишади, гоҳида сув бўлмайди. Аслида ҳовлиларимизда шу вақтгача на иссиқ сув ва на канализация бўлган. Астрономия боғига зарар етказмаслик учун, уйларимизга канализация қувурларини ўтказмаганмиз. Бунга рози ҳам бўлганмиз. Умримизни астрономия тадқиқотлари учун бағишладик. Энди эса бизни кўчиришга маблағ йўқ эмиш. Унда уйларимизни қурилиш ишларидан муҳофаза қилиб тўсиб беришсин. Мана 5 кун бўлдики, институт ҳовлисига ахлоқни тузатиш ишларига жалб этилган фуқаролар ишчи сифатида олиб келинган. Уйларимиз девор билан ўралмаган ҳолатда биз АТИга жалб этилган фуқаролар билан “яшаб” келмоқдамиз. Қандай қилиб тинч, бехавотир яшай оламиз? ”, дейди астрономия институти олималаридан Мамлакат опа.

“Қамал” қанча давом этади?
29-Мирзо Улуғбек округи депутати Равшан Юсупов Астрономия институти ҳовлиси яшовчилари унга бир-неча бор мурожаат қилганларини айтади: “Астрономия институти ҳовлисидаги қурилишлардан хабарим бор. У ердаги аҳоли қурилишлардан уйларини тўсиб беришни ва институт ҳовлисидан чиқиш учун алоҳида йўл қилиб беришни сўрашмоқда. Ҳозирда ҳовлида 17 та хонадон яшаб келади, уларнинг бу талабини Юнусобод тумани ҳокимиятига етказганман. Ҳокимият томонидан тез-орада муаммо ҳал этилишини ваъда қилишган”, дейди депутат.

Фото: uza.uz

Салкам ярим йил муддат ичида 17 та уйдан иборат академик, олимлар маҳалласи аҳли қурувчилар, АТИ фуқаролари билан бирга “яшаб” келишмоқда. Вақти келса юк машиналари ва экскаваторлар сабаб одамлар ўз уйларига кира олмай қолишмоқда.

Астрономия ҳовлиси олимларининг бор бойлиги соддагина уйлари токчаларида турган илмий ишлар, китоблар ва мақолалардан иборат. Бугун, улар ўз уйларидан ҳам кўпроқ астрономия институти ҳовлисидаги қаровсиз қолиб кетган ноёб экспонатларга қайғуришмоқда. Профессор Мамнун Закировнинг айтишича, иккинчи жаҳон уруши даврида айнан шу институт ҳудудидаги илмий қурилмалар ёрдамида бутун СССРга аниқ вақт етказиб бериб турилган.

Институтда 10 га яқин турли телескоплар мавжуд бўлган. Бу экспонатлар ҳозирда қаровсиз аҳволга келиб қолган ва таъмирталаб. Институт ҳовлисида фақат комета изловчи ва катта остерограф сақлаб қолинган. Астрономлар телескопларни муқаддас буюмдек севишади, сақлашади. Улар эскириб қолган бўлса-да қимматини йўқотмаслигини айтишади. Лекин бугун институт ҳовлисидаги занг босган, худди металолломга ўхшаб қолган комета изловчи ва катта остерографларни кўриб уларни астрономларнинг муқаддас буюми дея олмайсиз. Бу илмга умрини фидо қилган олимлар ҳам бугун худди ўша остреограф ва комета изловчилари каби эътибордан четда қолгандек...

uza.uz сайтидан олинди.
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар