«Аср вабоси»нинг жафоси

11:25 26 Июнь 2018 Жамият
174 0

Асли тошкентлик Ҳалим Насимов (исм-шарифлар ўзгартирилди) Зангиота туманининг Саховат маҳалласидаги ташландиқ жойда ёввойи тарзда ўсаётган кўп миқдордаги гиёҳвандлик ўсимлигига тасодифан дуч келганида, ихтиёрида бир неча йўл бор эди. У эса ноқонуний йўлни танлади.

Ўсимликни эски таниши, ўзи каби иш жойининг тайини йўқ Оғабек Шарипов хонадонига олиб келади. Икки ошна ажал уруғини сотиш мақсадида елим пакетларга жойлаб, қашқадарёлик Саъдулла Шомақсудовни хабардор қилади. Жиноий шериклар оғуни Навоий вилоятида пуллаб, “ов” бароридан келса, фойдани тенг тақсимлашни режалаштирадилар.

Улар илгари ҳам шу каби жинояти учун умрининг маълум қисмини панжара ортида ўтказган, амнистия акти туфайлигина озодликка чиқарилган эдилар. Аммо бундай инсонпарварлик ҳамда имкониятнинг қадрига етиб, тавба қилиш ўрнига, жиноий ҳаракатларини яна давом эттиришди, бошқача айтганда, “ҳассаси”ни иккинчи марта ҳам йўқотдилар.

Жиноятчилар ҳуқуқ-тартибот органлари вакилларининг зийрак нигоҳидан қочиб қутулишолмади. Вилоят ИИБ жиноят-қидирув бўлими ва давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир чоғида С. Шомақсудов Карманада қўлга олинди. Унинг ёнидан топилган, оғирлиги 1 килограмм 300 грамм бўлган гашиш гиёҳвандлик моддаси гувоҳлар иштирокида ҳужжатлаштирилди.

Суд жараёнида улар барча қилмишига тўла иқрор бўлдилар. Суд ҳукмига кўра, ҳар бирига ўн бир йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шундай кимсалардан яна бири — хатирчилик Сайфи Дилмуродовдир. Аввалига туппа-тузук яшаб, маҳаллада эътибор топган бу шахс илгари ҳам мўмай даромад илинжида марихуана эккани учун жиноий жавобгарликка тортилганди. Афсуски, у бундан хулоса чиқармади. Аксинча, озодликка чиққач, яна эски ҳунарини бошлади. Яқинда у марихуанани пуллаётганда Зарафшон шаҳар ИИБ жиноят-қидирув бўлими ходимлари томонидан қўлга олинди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Темур ЭШБОЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар