Асфальт билан битта бўлган ўриклар

09:22 12 Июль 2018 Жамият
470 0
Иллюстратив фото

— Мустабид тузум даврида боғ-роғ яратиш, мевали дарахт кўчатларини ўтқазишга жуда кўп қаршиликлар бўлар эди, — деган экан фахрий журналист Аҳмаджон Мелибоев. — Бир академик катта йиғилишда “шаҳардаги ҳамма ёнғоқларни кесиб ташлаш керак”, деб бонг урганди. Биолог олимлардан бирининг “маҳаллаларнинг кўча бўйларида токларни йўқотиб, ўрнига мевасиз “декоратив” токлар ўтқазиш керак”, деган маслаҳати республика газетасида босилиб чиққанда қанча шов-шув бўлганди. Ўша кезларда “Ёшлик” журналида Дадахон Нурийнинг “Шаҳар ўртасида бир туп оқ ўрик” мақоласи чоп этилганда таҳририят қанча таъна-дашномга қолгани ҳақида эшитганмиз. Айрим куйинчак кишиларнинг саъй-ҳаракати эвазигагина шаҳарда оқ ўрик ўстиришнинг имкони туғилганди. Бугун айни пишиқчилик пайтида мевасини кўтаролмай эгилиб турган дарахтларни кўриб кўнглингиз яйрайди.


Ана шу “кўнгил яйраши”нинг кўнгилсиз томонлари ҳам кўриниб қолаётирки, хайрият, йўл бўйларида экилган ўрикларнинг ҳаммаси ҳам оқ ўрик эмас экан, йўқса, йўлларнинг шатмоғини чиқариб юборарди деб ўйлайсиз.

—Тошкентдаги мавзеларга экилган ўрикларнинг ҳосили мўл, — деб ёзади журналист Шарофиддин Тўлаганов. — Ер билан битта бўлиб ётибди.

Бу ўринда бирон бир дин пешвосига мурожаат этилса, бу ўрикларнинг увол бўлаётгани, ерга тушаётган ўрикларни биров эгилиб олмаслиги ёшлар тарбиясига салбий таъсир қилаётгани ҳақида анча-мунча мисоллар билан ибратли сўзлар айтар. Айниқса, “Обод маҳалла” дастурига тушиб, янги асфальт ётқизилган йўлларга тўкилган ўрикларнинг ачиб-бижғиб ётиши хунук кўринар экан.

— Уларнинг устига ҳар хил ҳашоратлар ўтириб юқумли ичак касалликларини тарқалишига сабаб бўлади, — дейди тиббиёт фанлари номзоди Жуманазар Нурматов. — Яхшиси, бундай жойларда чиройли манзарали дарахтлар ўтказилиши лозим эди.

Ҳа, чумчуқ суйса ҳам қассоб суйсин деганлари аввал ҳам бежиз бўлмай, ўша биолог олимлардан бири ҳам бир нарсани билмаса гапирмаган кўринади.

А, лаббай?!

Шойим БЎТАЕВ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар