“Asaxiy books” лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди

12:00 21 Январь 2019 Жамият
826 0

“Ижтимоий тармоқларда бирор асар ҳақида сўз кетса, энг кўп бериладиган савол – шу асарнинг ўзбек тилидаги таржимаси бор-йўқлиги ҳақида бўларди. Ўша пайтда “Asaxiy books” лойиҳасининг ғояси пайдо бўлди“.

18 январь куни Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг анжуманлар залида бадиий асарларни таржима қилиш, муаллифлик ҳуқуқи, қалам ҳақи, матн билан ишлашда муҳаррирлар масъулияти, таржима китобларнинг савдоси каби масалалар “Asaxiy books” лойиҳаси мисолида муҳокама қилинди. Шунингдек, ушбу лойиҳа доирасида таржима қилиб чоп этилган Жорж Оруэллнинг “1984”, Дэн Брауннинг “Рақамли қалъа” китоблари тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Тақдимот аввалида электроника ва маиший техника маҳсулотларини интернет орқали сотиш билан шуғулланувчи “asaxiy.uz” интернет-дўкони асосчиси Фируз Аллаев китоб бозорига қандай кириб келгани ҳақида гапириб берди.

“Бизнинг дўконимиз “Amazon”, “Ali Express” каби онлайн савдо марказларининг Ўзбекистондаги варианти бўлиб, 2013 йилда фаолиятини бошлаган, – дейди Фируз Аллаев. – Доимий равишда одамларнинг эҳтиёжи, талабини ўрганиб борамиз. Охирги икки йилда мамлакатимиздаги ислоҳотлар таъсирида ёшларнинг дунёқараши ўзгараётгани, китоб ўқишга қизиқиш ортаётганини аниқладик. Ижтимоий тармоқларда бирор асар ҳақида сўз кетса, энг кўп бериладиган савол – шу асарнинг ўзбек тилидаги таржимаси бор-йўқлиги ҳақида бўларди. Ўша пайтдаёқ бизда “Asaxiy books” лойиҳасининг ғояси пайдо бўлди”.

Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад жаҳон адабиётининг сара намуналарини таржима қилиш, китоб ҳолида нашр этиш, интернет орқали сотиш ва шу орқали даромад кўриш экани айтилди.

“Ўзим Францияда ўқиганим учун менга аввало Франция китоб бозори қизиқ эди, шунинг учун 2018 йилнинг ёз ойларида Францияга бориб, соҳадаги халқаро тажрибани ўрганиб келдим, – дейди Фируз Аллаев. – Тилшунос Элдор Асанов билан маслаҳатлашиб, таржимонлар билан ҳамкорлик ўрнатдик. Ҳозирга қадар лойиҳамиз меваси сифатида иккита китоб дунё юзини кўрди. Ўрхон Помуқнинг “Менинг исмим қирмизи”, Жорж Оруэллнинг “Молхона”, Малколм Гладуэллнинг “Генийлар ва аутсайдерлар”, Ҳенри Форднинг “Менинг ҳаётим, менинг муваффақиятим” асарлари таржимаси тайёр бўлгач, яқин кунларда ўзбек китобхонлари қўлига етиб боради”.

Кейинчалик “Asaxiy books” алоҳида МЧЖ га айлантирилиши, электрон ва аудио китоблар сотуви йўлга қўйилиши маълум қилинди. Бунинг учун кучли ҳимоя тизимига эга, нусха кўчириш ва скриншот қилиш имкониятлари блокланган махсус мобил дастур керак бўлади. Фируз Аллаев бу ишни буюртма асосида беларуслик IT-мутахассисларга топширгани, ишлаб чиқилаётган дастур июнь ойида тайёр бўлишини билдирди.

Мулоқот давомида “Рақамли қалъа” романи интернетда жуда кўп баҳсларга сабаб бўлгани, асардаги айрим очиқ саҳналар учун таржимон ва ноширлар шаънига ижтимоий тармоқлар орқали ёмон сўзлар ёғдирилгани айтилди.

“Оиламни ҳақорат қилишни бошлашгач, “Asaxiy books” лойиҳасини бутунлай тўхтатишга қарор қилдим, – деди Фируз Аллаев. – Энди китобга қўл урмайман, тинчгина телефон билан музлаткич сотиб юравераман, деган тўхтамга келгандим. Лекин дўстларим ҳамда шахсан Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги раҳбарининг қўллаб-қувватлаши менга куч берди, ишонч бағишлади”.

Фируз Аллаев фақат блогер Шаҳноза Тўрахўжаеванинг танқиди қисман асосли бўлганини тан олди. Эслатиб ўтамиз, Тўрахўжаева китоб муқовасига 18+ бегиси қўйилиши кераклигини таъкидлаган эди. Бу – “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талаби. Уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг 848-сон қарори иловасида ахборот маҳсулотларини ёш тоифасига оид таснифлаш тамойиллари баён қилинган.

Қарор иловасининг 11-бандида болалар ўртасида тарқатиш тақиқланган (18+) ахборот маҳсулоти сифатида “понографик хусусиятга эга бўлган ахборотни ўз ичига олган” ахборот ҳам санаб ўтилади. Яъни шундай ахборот тарқатилаётганда, унга ёшга доир чеклов қўйилиши керак.

Анжуманлар залига йиғилганлар асарларда учрайдиган очиқ ва бепарда саҳналарни таржима жараёнида имкон қадар силлиқлаб, эҳтиросли тасвирларни олиб ташлашни таклиф қилишди.

Айрим журналистлар, ноширлар “1984” ва “Рақамли қалъа” романларида ҳам имловий, ҳам услубий хатолар кўплиги, бундай камчиликлар кичик ёки арзимас нуқсон бўлиб кўрингани билан матнда мазмун бузилишга олиб келишини айтишди.

“Мен Дэн Брауннинг асарини ҳозир қўлимга олдим, ҳали варақлаб ҳам улгурмадим, шунчаки китобни ўртасидан шундай очдим: “...у узукни бармоғига киргизди”, деган жумлага кўзим тушди, – деди “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи бош муҳаррири Азимбой Бобониёзов. – Ўзбек тилида бундай ифода йўқ, “узукни бармоғига тақди”, дейиш керак эди. Матн учун таржимондан ташқари мусаҳҳиҳ ва муҳаррир ҳам бирдек масъул. Китоб – маҳсулот, харидор эса – истеъмолчи. Сиз чиқарган маҳсулотингизга нарх бичдингизми, унинг сифатлилигига ҳам жавоб беришингиз, истеъмолчилар ҳуқуқини ҳурмат қилишингиз керак”.

“Сизларнинг ташаббусингиз ва ҳомийлигингизда тайёрланган, бугун тақдимоти ўтказилаётган икки китоб учун муаллифлик ҳуқуқи олинганми?“ – дея савол берди “Новости Узбекистана“ газетаси ходими Раҳимжон Султонов.

Фируз Аллаев “1984“ романи учун ёзувчи Жорж Оруэллнинг ўғли бошқараётган Оруэлл номидаги халқаро жамғармадан, “Рақамли қалъа“ учун Дэн Брауннинг иш юритувчиси орқали муаллифдан розилик олингани ва талаб қилинган ҳақ ҳисоб рақамларига ўтказиб берилганини айтди.

Шундан сўнг Фируз Аллаев давлат ва хусусий нашриётларга янги таклиф билан чиқди. Унга кўра, китобни нашрга тайёрлаш ишлари билан нашриётлар шуғулланади. Таржима тайёр бўлгач, электрон шаклда нашриёт ижодий жамоасига тақдим этилади. Мусаҳҳиҳ ва муҳаррирлар ўқийди. Томонлар ўртасида тузилган шартномага мувофиқ матн учун нашриёт жавобгар бўлади. “Asaxiy books” фақат таржимонга ҳамда нашриётга (асарни ўқиб бергани, макет қилгани, босмахона харажатлари учун) ҳақ тўлайди. Китоб чоп қилингач, сотиш ҳуқуқи “Asaxiy books”да бўлади.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тасарруфидаги “Ўзбекистон”, “Ўқитувчи”, “Чўлпон” нашриётлари ҳамда “Академнашр” хусусий нашриёти вакиллари бу таклифни маъқуллаб, келгусида ҳамкорликда ишлашга розилик билдирди.

Дурдона Шарофиддинова


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019