Асалнинг ҳам ози ширин...

09:15 27 Апрель 2019 Жамият
192 0

Иллюстратив фото

XXI аср — техника асри. Сабаби, айни пайтга келиб ҳаётимизни техника воситаларисиз асло тасаввур эта олмаймиз. Масалан, мобиль телефонини олайлик. Бу митти, мўъжаз қурилманинг хизмати бизга исталган жой ва исталган шароитда асқатади.

Буни сўнгги йилларда жаҳон бўйича мобиль алоқа операторлари абонентлари сони ошиб бораётганидан ҳам билиш мумкин. Статистика маълумотларига қараганда, 2002 йили сайёрамиз аҳолисининг 19 фоизи (1,132 миллиард киши) мобиль алоқа воситасидан фойдаланган. Бугун эса бу рақамлар кескин ўзгариб кетди.

Масалан, Pew Research Center таҳлил компанияси томонидан ўтган йил ўтказилган сўровга кўра, бугунги кунда дунёдаги жами ёши катта инсонларнинг 59 фоизи смартфонлардан, 31 фоизи эса оддий мобиль телефонлардан фойдаланмоқда. Бундан кўриниб турибдики, Ер юзи бўйича атиги ўн фоиз инсон бундай қурилмага эга эмас. Улар ё бундай хизмат тури етиб бормаган ҳудудларда яшашади, ёки бунга ўзларида эҳтиёж сезишмайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйича мобиль алоқа операторлари абонентлари сони бугунги кунга келиб 6,9 миллиард кишидан ошиб кетган.

Мобиль алоқа хизматининг ижобий томонларини инкор этиб бўлмайди. Аммо...

Албатта, мобиль алоқа хизматининг ижобий томонларини инкор этиб бўлмайди. Аммо қўл телефонларининг инсон саломатлигига зарари ҳам борлиги ҳақидаги мулоҳазалар кишини ҳушёрликка чорлайди. Соҳада кузатишлар олиб борган мутахассислар эътирофича, мобиль телефонларидан тарқаладиган электромагнит нурлари бошқа маиший техника воситаларидан чиқадиган нурларга қараганда инсон организмига тез сингар экан. АҚШ, Австралия, Германия ва яна бир қатор мамлакатлар олимлари томонидан олиб борилган тадқиқотлар якунида шундай хулосаларга келинди.

Кузатишларга кўра, мазкур алоқа воситаларининг инсон организмига зарари қўйидаги ҳолатларда намоён бўларкан.

Маълумки, мазкур алоқа қурилмаларидан вақти-вақти билан фойдаланамиз. Ана шу муддат оралиғида эса инсон организмида биоэнергиявий мувозанат бузилар экан. Натижада тананинг ахборот алмашув тизими шикастланаркан. Бунинг таъсирида марказий асаб тизими фаолияти сустлашиб, қон таркибида ўзгариш рўй беради. Оқибатда мияда шишлар пайдо бўлиб, бундан турли гормонал касалликлар келиб чиқиш эҳтимоли ошади. Қолаверса, марказий асаб тизимининг зарарланиши юрак-қон томир ва аллергик хасталикларга олиб келади.

Бундай қурилмалар юзага келтирадиган электромагнит майдонларининг энг хавфли жиҳати шундаки, у ёш болалар ва ҳатто она қорнидаги ҳомилага ҳам шикаст етказиши мумкин.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, мобиль алоқа воситаси ишга туширилиши билан электромагнит майдони ҳосил бўлади ва у инсонга ўз таъсирини ўтказа бошлайди. АҚШдаги “American Health Foundation” ва “Integrated Laboratory Systems” тиббиёт марказлари томонидан олиб борилган кузатишлар якунида мунтазам мобиль телефондан фойдаланган одамларнинг бош мияларда шиш пайдо бўлгани аниқланган. Австралия ва Европа мамлакатларида кўп йиллар давомида бундай нурланиш таъсирида бўлган одамларнинг қон тўқималари бузилиши каби салбий жараёнлар ҳам содир бўлган.

Мобиль телефонлари юқори частоталарда ишлайди. Бу жараёнда электромагнит тўлқинлари инсоннинг бутун вужудини қамраб олади. Оқибатда нурлар тери тўқималари орқали ҳеч бир тўсиқсиз организмга ўтиб кетади.

Мутахассисларнинг фикрича, GSM 900/1800 стандарти асосида ишлаб чиқарилган мобиль телефонларининг хавфлилик даражаси жуда юқори экан. Чунки улар 900-1800 МГц частоталарда ишлашга мослаштирилган. NMT 450 стандарти бўйича ишлаб чиқарилган телефонлар эса 450 МГц частотада маълумотларни қабул қилади ва узатади. Аммо бу ҳам организм учун мутлақо хавфсиз дегани эмас. Сабаби, уларда ҳам электромагнит нурларининг инсон организмига сўрилиш қуввати юқори.

Мобиль телефонларига ўрнатилган антенна электромагнит майдони ҳосил бўладиган асосий нуқта ҳисобланади. Қўнғироқ келиши билан уни қулоққа тутамиз. Айнан шу йўл орқали нурлар ҳеч бир тўсиқсиз инсон миясига таъсир кўрсата бошлайди.

Шу боис австралиялик олимлар нурланишнинг айнан эшитиш органлари орқали инсон танасига ўтиши ўта хавфлилигини маълум қилишди. Айнан шу омил организмда биокимёвий ўзгаришлар содир бўлишига олиб келади. Натижада инсон мунтазам кучли ҳаяжонланиш жараёнига тушиб қолади. Бу эса миянинг ишлаш меъёрига салбий таъсир этади.

Бундан қандай халос бўлиш мумкин?

Айнан шу саволга жавоб топиш кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан маълум қилинишича, айни пайтга келиб инсониятни зарарли электромагнит нурларидан ҳимоя қилиш дунёда биринчи даражали муаммога айланган. Шу боис ташкилот мазкур жараён авж олган бир қатор мамлакатларнинг соғлиқни сақлаш тизимига мурожаат қилиб, аҳолини электромагнит нурларидан ҳимоя қилиш бўйича миллий марказлар ёки электромагнит ҳимояси марказлари ташкил қилишга чақирган. Уларнинг олдига эса биринчи навбатда мобиль алоқанинг салбий таъсирини имкони борича пасайтириш масаласи қўйилди. Ўз навбатида ташкилот бундай таъсир хавфини фақат камайтириш мумкинлигини ва унга қарши оммавий профилактика тадбирлари олиб бориш имконияти йўқлигини алоҳида қайд этади. Шу боис бир неча йил аввал ташкилот ташаббуси билан мобиль алоқа воситалари харид қилувчиларга уларнинг инсон соғлигига салбий таъсири борлиги ҳақидаги маълумотномалар ҳам тақдим этиш жорий этилганди.

Мазкур маълумотномада 16 ёшга тўлмаган ўсмирлар, ҳомиладор аёллар, асаби хасталарга мобиль телефонларидан фойдаланиш тавсия этилмаслиги қайд этилган.

Хўш, унда қанча гаплашган маъқул?

Кўча-кўйда уяли алоқа воситаси орқали гаплашиб турган ёш ўсмир ва қизларга ҳар куни кўзимиз тушади. Уларнинг суҳбатлари ҳатто соатлаб ҳам давом этиши мумкин. Халқимизда “Асалнинг ҳам ози ширин” деган ажойиб нақл бор. Бу бежиз айтилмаган, албатта. Мутахассислар мобиль телефони орқали суҳбат кўпи билан уч дақиқа давом этгани маъқул деб ҳисоблашмоқда. Бир суҳбат билан иккинчи суҳбат оралиғидаги вақт эса ўн беш дақиқадан кам бўлмаслиги мақсадга мувофиқ. Шунингдек, телефонларни махсус ғилофларда олиб юриш ҳам уларнинг зарарли таъсирини бирмунча камайтиради.

Мухлиса Абдиева.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019