Асаларичиларнинг фиғони фалакда. Нега?

18:05 10 Июнь 2019 Жамият
1139 0

Вобкент туманидаги Мўминобод қишлоғида яшовчи Рамазон Қодиров ўттиз йилдирки, асаларичилик билан шуғулланади. 150 оила асалариси бор.Йилига ўртача уч тонна асал етиштиради.

- Яқинда 2 минг АҚШ доллари эвазига асал муми тайёрлайдиган ускуна сотиб олдим, - дейди у. - Шу ускунани ҳамда 150 қути асаларини жойлаштириш учун менга озгина жой керак. Туманимизнинг аввалги ҳокимига ҳам, ҳозирги раҳбарига ҳам шу масалада мурожаат қилганман.”Бир сотих ҳам жой йўқ”, деган жавобни эшитдим. “Ана, қишлоқдаги масжид бўш ётибди. Ўша ерга ускунангни ўрнат” дейишганига ўлайми?

- Қўнғирот маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшайман, - дейди яна бир асаларичи Аваз Раҳматов. - Деҳқон хўжалигимизда йилига 4 – 5 тонна асал етиштириляпти. 350 та асалари оиласини парвариш қиляпмиз. Илгари 8 сотих еримиз бор эди. Асалари оилаларини шу ерда жойлаштирган эдик.Аммо туманимизнинг аввалги ҳокими Аскар Жаводов бу ерни биздан асоссиз тарзда тортиб олди. ”Вақтида қарор чиқариб, шу ерни ажратиб бергансиз –ку.Энди шунча асаларини қаерда парвариш қиламан” деган оҳу – зорим унга пашша чаққанчалик таъсир қилмади.

Бошқа асаларичилардан фарқли тарзда Улуғбек Хурсандовнинг оз бўлса – да экин ери бор.100 қутидан зиёд асалари оиласини шу ерда парвариш қиляпти.

- Асаларининг фойдаси жуда катта,-дея куйинчаклик билан сўзлайди у. - Ғўза ва бошқа экинларни чанглатиб, ҳосилдорликнинг оширади. Шундай экан, асаларичиликка ихтисослашган фермер хўжаликларини барпо этиш керак.Токи, улар ихтиёрида минг ва ундан зиёд асалари оиласи бўлсин.Қолаверса, биз учун ер муаммоси бор. Қанийди, асаларичилар учун ҳам такрорий экин экиш учун ер ажратилса. Айрим асаларичилар омборида тонналаб асал сотилмай турибди. Агар ташқи бозорга чиқишимизга ёрдамлашишса, бу туманимиз, вилоятимиз иқтисодиёти учун ҳам фойдали бўлур эди.

Бу фикрларда жон бор, албатта.Негаки, исириқ, коврак, янтоқ каби табиий ўсимликлар гулидан олинган асал минг дардга даво саналади. Уларнинг баҳоси ҳам нисбатан қиммат. Масалан, коврак ўсимлиги гулидан олинган асал ғўзаникига қараганда деярли икки баравар қиммат нархда сотиляпти.

Айтмоқчи, биз бу асаларичилар билан вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти, маданият бошқармаси, Вобкент туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган “Асал байрами” тадбири чоғида суҳбатлашдик. Байрам баҳонасида асаларичилар ўзларини қийнаб келаётган масалаларни ҳам ўртага ташлашди. Вилоят, туман мутасаддилари бу муаммолар ечими тўғрисида жиддий ўйлаб кўришади, деган ўйда асаларичилар фиғонининг бир чимдимини қоғозга туширдик, холос.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019