Асаларичилар учун янги бино фойдаланишга топширилди

12:20 31 Май 2019 Жамият
461 0

Пойтахтимизда Ўзбекистон асаларичилари уюшмаси биноси фойдаланишга топширилиши муносабати билан расмий тадбир бўлиб ўтди.

Бунёдкорлик ишлари акциядорлик тижорат “Алоқабанк” томонидан молиялаштирилган мазкур иншоотда ҳудудий уюшмалар фаолиятини мувофиқлаштирувчи уюшма маъмурияти, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан келтирилган турфа ассортиментдаги асал ва асаларичилик маҳсулотларига эга “Асал олами” савдо маркази, ихтисослаштирилган ветеринар аптека, тармоқ учун ускуна ва замонавий технологик линияларни лизинг асосида етказиб берувчи “Aloqalizing” масъулияти чекланган жамияти, асалари маҳсулотлари ҳамда асалариларни чақтириш билан даволашга мўлжалланган “Апитерапия” медицина маркази, асал сифатини аниқловчи лаборатория маркази жойлашган.

Президентимизнинг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикада асаларичиликни янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори асаларичилик йўналишидаги ишларни жадаллаштириш бўйича кўплаб вазифалар белгилаб берилдики, улар ижроси амалда намоён бўляпти. Хусусан, ўтган йили Ўзбекистон асаларичилари уюшмаси Халқаро асаларичилик уюшмалари федерацияси — “Апимондия”га аъзо бўлди. Натижада республикамизда асаларичиликни саноатлаштириш, халқаро тажрибалардан унумли фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини сезиларли даражада ошишига сабаб бўлувчи “чанглатиш” агротехникасини жорий этиш каби ишларни амалга оширишда айни муддаодир.

Маълумот учун қайд этиш керакки, шу йилнинг сентябрь ойида Канаданинг Монреаль шаҳрида “Апимондия”нинг 46-Конгрессси бўлиб ўтади. Уюшмамиз айнан ушбу тадбирда федерацияга аъзолигини тасдиқловчи гувоҳномани қабул қилиб олади.

Бундан ташқари, 2018 йилдан бошлаб биринчи марта Фарғона давлат университети ва Самарқанд ветеринария институтида зоотехник-асаларичи мутахассислиги бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлашга киришилди. Барча вилоят коллежларида асаларичилик соҳаси учун зоотехник йўналиши бўйича бир йиллик ўқув курслари ташкил этилди. Илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш мақсадида Россия, Исроил ва Украинадаги илмий ва ўқув муассасалари билан горизонтал алоқалар ўрнатилди.

Ўзбекистон Республикасида асалариларни кўчириш ва жойлаштириш тартиби ишлаб чиқилди. Асални қалбакилаштирганлик учун жазо чоралари қўллаш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий процессуал Кодексига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўйича ташкилоти (ФАО) билан ҳамкорликда тайёрланган лойиҳага кўра, Ўзбекистонда асаларичилик бўйича мутахассислари ва илмий ходимларни тайёрлаш учун 350 минг АҚШ доллари миқдорида грант маблағларни жалб қилиш ишлари олиб борилмоқда. Асалари зотлари таркибини яхшилаш мақсадида Украинадан “Карпат”, Германиядан “Карника” зотли 2500 дан ортиқ она арилар келтирилди. Пировардида Ўзбекистон асаларичилари уюшмаси ташкил қилинган вақтдан буён юртимиздан асалари пакетларини экспорт қилиш 1,5 баробарга кўпайиб, уларнинг сони 207 минг донага етди. Умумий валюта тушумлари эса бир миллион долларга етказилди. Қолаверса, 2018 йилда ўзбекистонликлар дастурхонига 17 минг тоннадан ортиқ асал маҳсулотлари етказилиб берилди. Бу асал ишлаб чиқариш аҳоли жон бошига ярим килограммни ташкил этмоқда, деганидир.

Жорий йилда Ўзбекистон тарихида биринчи марта қишлоқ хўжалиги экинларини асаларилар билан чанглатиш агротехникаси қўлланилиб, бунинг учун тўлов жорий қилинди.

Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирги кунда қишлоқ хўжалиги экинларини асаларилар билан чанглатиш ҳисобига қўшимча 1,5 триллион сўмлик маҳсулот олинмоқда. Фақатгина асалариларни боғ ва далаларда тўғри жойлаштириш ҳамда ташкилий чора-тадбирлар амалга ошириш эвазига ушбу кўрсаткични 4 триллион сўмга етказиш мумкин.

Қисқа қилиб айтганда, бугунги кунда Ўзбекистонда асаларичилик сезиларли даражада сифат ва сон жиҳатдан ўзгармоқда. Савдо нуқталарида қадоқланган асалнинг турлари кўпайган. Аҳолининг асал маҳсулотларига бўлган талаби ошяпти. Одамлар асаларичилик билан жиддий қизиқишмоқда.

Умуман олганда, ҳозирги кунда юртимизда 14 мингдан ортиқ асаларичилик субъектларида 870 мингдан ортиқ асалари оилаларини боқиляпти. Улар жорий йилда асал етиштириш ҳажмларини 19 минг тоннага етказишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйишган. Муҳими, асаларичилар давлат томонидан реал қуллаб-қувватланаётганини ҳис этишаётир.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019