Арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш борасидаги ислоҳотлар ўз самарасини бераяптими?

18:31 19 Июль 2018 Жамият
401 0
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида ушбу савол атрофидаги муҳокамалар йиғилганлар диққат-марказида бўлди

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан «Аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлаш тиббиёт соҳасида ўтказилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадларидан бири» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов қайд этганидек, инсон саломатлигини муҳофазалашда замонавий тиббий ёрдам билан бир қаторда, аҳоли ва тиббиёт муассасаларини сифатли дори-дармон билан таъминлаш ҳам муҳим омил ҳисобланади. Мамлакатимизда жадаллик билан амалга оширилаётган тиббий-ижтимоий ислоҳотларнинг бугунги босқичида бу борадаги вазифалар ижросига устувор аҳамият қаратилмоқда.

Хусусан, кейинги икки йилда соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида йигирмага яқин ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Улар асосида фармацевтика тармоғининг давлат бошқаруви тизими қайта кўриб чиқилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга солиқ ва божхона имтиёзлари берилди.

Эътиборли томони, давлат тиббиёт ташкилотларига дори воситалари ва тиббий буюмлар сотиб олиш учун 2018 йилда 914,6 млрд. сўм, яъни 2017 йилга нисбатан 2,5 баробар кўп маблағ йўналтирилди. Шунингдек, халқаро амалиётни ҳисобга олган ҳолда асосий касалликларга ташхис қўйиш, уларни даволаш ва клиник протоколлар стандартларининг янги жадвали тасдиқланди.

Айтиш жоизки, ҳозирда мамлакатимизда 152 та фармацевтика корхонаси фаолият юритяпти. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган 2500 номга яқин дори-дармон тиббиётимиз амалиётида кенг қўлланиляпти. Бундан ташқари, республикамизда чет эллик инвесторларга яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар сабабли, йилдан-йилга хорижий инвесторлар томонидан Ўзбекистон фармацевтика саноатига киритилаётган тўғридан-тўғри инвестициялар улуши ортмоқда. Ҳозирги кунда хорижий инвестициялар иштирокида умумий қиймати 123,9 млн. АҚШ долларига тенг 9 та инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда. Шундан 87,32 млн. АҚШ доллари тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларидир. Ушбу инвестициялар, асосан, Хитой, Ҳиндистон, Германия, Буюк Британия ва Туркиялик инвесторлар томонидан киритилмоқда.

Маълумки, аҳолининг дори-дармонга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш учун фармацевтика саноатини янада ривожлантириш, самарали, ва шифобахш тиббий воситаларни ўзимизда ишлаб чиқариш муҳим аҳамиятга эга.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати.

Шундан келиб чиққан ҳолда фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 ноябрьдаги «Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3532-сонли қарори қабул қилиндиШунингдек, ушбу йўналишдаги вазифаларни изчиллик билан бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикасида фармацевтика тармоғини 2018 – 2022 йилларда ривожлантириш Консепцияси ишлаб чиқилмоқда.

Эътиборли жиҳати, фармацевтика саноатига ихтисослашган эркин иқтисодий зоналарнинг ташкил этилиши соҳанинг истиқболдаги тараққиётини белгилашда муҳим омил бўлмоқда. Айни пайтда “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналари рўйхатга олинди. Ушбу ҳудудларда доривор ўсимликларни етиштириш ва фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида 518,9 гектар ер майдони танлаб олиниб, вилоятлар ҳокимларининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Мазкур эркин иқтисодий зоналар ҳудудида қиймати 1 361,1 млрд. сўмга тенг 30 та лойиҳа амалга оширилади ва 1 903 та янги иш ўринлари яратилади. Ҳозирда ЭИЗлар ҳудудида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида 400,0 млрд. сўмга яқин маблағлар ўзлаштирилган. Жумладан, йирик лойиҳалардан «Сирдарё» ЭИЗда «Сирдарё Универсал Ойна» МЧЖ томонидан қиймати 360,0 млрд. сўмга тенг «Фармацевтика шиша идишлари ишлаб чиқариш» ва “Пҳарма Пласт Ҳолдинг” МЧЖ томонидан 25,0 млрд. сўмлик «Тиббиётда бир марталик ишлатиладиган флаконлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш» лойиҳалари ишга туширилган.

Фармацевтика корхоналаримиз томонидан ишлаб чиқарилаётган замонавий дори-дармонни аҳолига етказиб бериш ҳам муҳим вазифа. Ушбу мақсадда ҚВПлар, қишлоқ оилавий поликлиникалари ва бошқа бирламчи тиббиёт муассасалари қошида ижтимоий дорихоналар ташкил этилмоқда. Айни пайтда жойларда 2200 дан ортиқ шундай дорихоналар фаолияти йўлга қўйилди. 13 та “Исузу” ва 100 та “Дамас” русумли машиналарда кўчма дорихоналар олис ва тоғли ҳудудларда яшайдиган аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 20 июньда қабул қилинган «Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш самарадорлигини ошириш ва аҳолини улар билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони асосида ушбу жабҳадаги ишлар янада такомиллашяпти. Мазкур фармон билан мамлакатимизда ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини қатъий нархларда сотиш тартиби бекор қилинди, бироқ, ижтимоий дорихоналар томонидан ижтимоий дори воситаларини паст нархларда сотиш давом этади.

2018 йил 1 августдан бошлаб, давлат рўйхатидан ўтказиш учун юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларда амалга оширилган дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш натижаларини тан олиш тартиби жорий этилади. Бу эса дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимидаги ортиқча тўсиқларга барҳам беради.

Ушбу тартиб хавфсизлиги, сифати ва самарадорлиги бўйича шубҳа уйғотмайдиган дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун масъул бўлган хорижий давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотларни табақалаштириш асосида олиб борилади. Шунингдек, давлат рўйхатидан ўтказиш натижалари Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган дори воситаларини юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларнинг тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилган тақдирда амалга оширилади. Бунинг натижасида сифатсиз воситаларнинг мамлакатимизга кириб келиши олди олинади.

Матбуот анжуманида мамлакатимизда фармацевтика саноатини ривожлантириш, дори-дармон таъминотини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган яна кўплаб ишлар хусусида иштирокчиларга батафсил маълумот берилди. Бу борада нафақат мутасаддилар, балки кенг жамоатчилик назоратининг ҳам ўрни катта экани қайд этилди.

Журналистларни қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан атрофлича жавоб берилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар