Қайси бозорда тухум 200 сўм, гўшт 26 минг сўмдан сотилмоқда?

09:59 24 Июль 2018 Иқтисодиёт
1196 0
Фото: Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси онлайн тарзда мамлакатимиз бозорларда сотилаётган маҳсулотларни таҳлил қилиб чиқди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.

Айни вақтда пишиқчилик мавсуми бўлгани учун, энг аввало, шакарнинг нархи билан қизиқдик. Унинг бир килограмми 4 минг 200 сўмдан 6 минг 500 сўмгача бўлиб, Нукус шаҳар марказий деҳқон бозорида 5000-5500 сўм атрофида, “Сиёб” бозорида 6 минг сўмга сотилмоқда. Қарши шаҳридаги “Ерқўрғон” деҳқон бозорида 4200-4500 сўмга баҳоланмоқда.

Хўжалик совуни ҳам рўзғор учун муҳим. Унинг нархлари минг сўмдан уч минг сўмгача белгиланган. Мисол учун, Нукус шаҳар марказий деҳқон бозори, Самарқанд шаҳридаги “Сиёб” бозори, пойтахтдаги Миробод деҳқон бозорларида нарх энг баланд бўлса, Сардоба (Сирдарё), (Тошкент шаҳри) Юнусобод деҳқон бозорларида хўжалик совунини минг сўмга ҳам харид қилишингиз мумкин.

Бозорларда бир дона тухумнинг нархи 650-200 сўм тарзида шакллантирилган бўлиб, унинг энг қиммати Юнусобод ва Миробод (Тошкент шаҳри) деҳқон бозорлари ҳиссасига тўғри келади. Навоий шаҳар деҳқон бозорида тухумни 200 сўмга ҳам топасиз.

Мол гўштининг нархи кун сайин ўзгариб бормоқда. Шу кунларда эса 26 минг сўмдан 42 минг сўмгача баҳоланмоқда. Миробод (Тошкент шаҳри) деҳқон бозорида энг баланд нархлар кузатилган бўлса, Нукус шаҳар марказий деҳқон бозорида 26 минг сўмга сотилмоқда.

Картошканинг ўртача нархи 1000-1500 сўм бўлиб, унинг энг қиммати Нукус шаҳар марказий деҳқон бозорида икки минг сўмни ташкил этган ҳолда, Андижондаги Янги шаҳар бозорида 750 сўмга сотилмоқда.

Пиёзнинг бозорларимиздаги ўртача баҳоси 800-1500 сўм. Бироқ, унинг 400 сўмга олмоқчи бўлсангиз, Фарҳод (Тошкент шаҳри) деҳқон бозоридан топасиз. Қорақалпоғистонда эса бир килограмми икки минг сўмга баҳоланмоқда.

Иссиқ кунларда помидор ва бодринг энг харидоргир бўлиб, уларнинг ўртача баҳоси турлича. Мисол учун, помидорнинг энг арзони Андижонда бўлиб, 500 сўм, энг қиммати эса Самарқандда сотилмоқда. Бозорлар кесимида ўртача нарх минг сўмдан икки минг сўмгача эканлигини кузатиш мумкин. Бодринг нисбатан қимматроқ бўлиб, унинг ўртача нархи 2-3 минг. Термиз шаҳар марказий деҳқон бозорида минг сўмга ҳам олсангиз бўлади. Энг баланд баҳони Бухоро шаҳар марказий деҳқон бозорида кузатиш мумкин.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар