Ароқнинг касофати

17:42 08 Октябр 2019 Жамият
2070 0

Жорий йилнинг 7 октябрь куни юртимизнинг бир қанча интернет нашрларида Жиззах вилоятининг Арнасой туманида хизмат сафарида бўлган Тошкент шаҳар ИИББ ходимини шу туманда яшовчи фуқаро калтаклаб, темир устунга боғлаб қўйиб, азоблаганлиги тўғрисидаги маълумотлар тарқалди. Бундай ҳолат камдан кам учраганлиги, ички ишлар ходимига қилинган қўполлик аҳоли орасида бир қанча баҳс ва мунозараларга сабаб бўлди. Хўш, воқеа ўзи қандай бўлганди?

Терговда аниқланишича Ибодулла (исмлар ўзгартирилган) жорий йилнинг 8 августдан 9 августга ўтар кечаси Арнасой тумани “Дўстлик” ҚФЙ “Абай” кўчаси 5-уй 1-хонадонда шериклари Тоҳир ва Содиқлар билан бирга овқатланиб, спиртли ичимлик истеъмол қилишиб ўтирганида, унинг яшаш хонадонига спиртли ичимлик бор ёки йўқлигини сўраш учун келган, ўша куни Арнасой туманида хизмат сафарида ва фуқаролик кийимида бўлган Тошкент шаҳар ИИББ ППХ ва ЖТСБ АКБ сафдори сержант Мирқосимни ушлаб олиб, унинг юз ва тана қисмига қўли билан бир неча маротаба уриб, тан жароҳати етказиб, зўрлик ишлатиб, Мирқосимни уйининг кириш жойидаги темир устунига арқон билан қўл ва оёқларидан боғлаб қўйиб, уни тан жароҳати олиб ёрдамга муҳтожлигини билган ҳолда жисмоний азоб бериб, зўрлик ишлатиб 30 дақиқадан ортиқ вақт мобайнида ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум этган.

Мирқосим билан бирга Ибодулланинг яшаш хонадонига келган шериклари Зокир ва Комиллар унга ёрдам бериш мақсадида ички ишлар ходимларини чақириш учун воқеа жойидан қочиб кетишган...

Шундан сўнг, Мирқосимга ёрдам бериш мақсадида хизмат кийимида келган 3 нафар “Айдар-Арнасой кўллари тизими” ҳавзаси муҳофаза қилиш 6-постига хизматни ўташ учун сафарбар қилинган Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари Ибодуллага қўл ва оёқлари боғланган Мирқосимни қўйиб юборишини илтимос қилган. Ибодулла эса қўйиб юбориш ҳақидаги қонуний талабини бажармасдан, Мирқосим ароқ сўраб келиб, безовта қилганлиги, айбига иқрорлиги мазмунидаги тилхат ёзиб берсагина уни қўйиб юборишини айтган...

Судга оид тиббиёт экспертизанинг 13.08.2019 йилдаги№ 315-сонли хулосасига кўра, Мирқосим бош миянинг ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бурун тўсиғини ён қанотини ёпиқ синиши, иккала кўз олмалари ва ёрдамчи аъзоларининг ўртача даражали контузияси-чайқалиши, ўнг томон пешона соҳасидаги, чап қулоқ супрасини орқа юзасидаги, чап чакка суягини сўрғичсимон ўсимтаси билан энса соҳаларида жароҳат олган.

Шундай қилиб, Ибодулла ўзининг юқоридаги жисмоний азоб бериб, зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилишда ифодаланган жиноий ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси ЖК 138-моддаси 2-қисмининг “а” бандида кўрсатилган жиноятни қасддан содир этган.

Суд терговида судланувчи тариқасида сўроқ қилинган Ибодулла унга эълон қилинган айбга тўлиқ иқрорлик билдириб қарамоғида онаси, турмуш ўртоғи ва уч нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини ҳисобга олиб енгиллик беришини сўраган.

Суд судланувчи Ибодулланинг жиноий ҳаракатлари ўз айбига тўлиқ иқрорлик билдириб берган кўрсатмаларидан ташқари суд терговида жабрланувчи тариқасида сўроқ қилинган Мирқосим ички ишлар органларида 2001 йилдан буён, эгаллаб турган Тошкент шаҳар ИИББ ППХ ва ЖТСБ АКБ 2-отряд сафдори вазифасида 2009 йилдан буён ишлаб келишлиги 2019 йил 5 август куни Тошкент шаҳар ИИББ раҳбариятининг топшириғига асосан Жиззах вилояти Арнасой туманидаги “Айдар-Арнасой кўлларини муҳофаза қилиш” назорат постида хизматни ўташ учун сафарбар қилинганлиги ва 4-пост маскани шериклари “Умид” ва “Зиёдулла” билан бирга бириктирилганлиги, уларга ушбу пост масканида хизматни ўташ давомида вазифаларига жамоат тартибини сақлаш, ноқонуний овланган балиқ маҳсулотларни айланма олиб кетиш ҳолатларига чек қўйиш ва бошқа ҳолатлар киришлиги айтилган.

Воқеа содир бўлган куни кечки вақт соат тахминан 20 лар атрофида 4 киши бўлиб барчалари хизматни ўтаётган пост масканида бирга овқат пиширишиб, овқатланаётганларида шериги “Зиёдулла”нинг ўртоғи Тошкент шаҳридан бу ерга келишда ўзи билан бир дона ароқ олиб келганлигини ва ўшани бирга ичишганлиги айтилган. 4 кишига битта ароққа ҳемириям бўлмагач қўшни постдан “нажот” излаб боришган. Қўшни постдан ҳам “йўқ” жавобини олишгач эса қишлоқ оралаб ароқ излаб кетишган ва юқорида ҳолат содир бўлган.

Суд, судланувчи Ибодуллага нисбатан жазо тайинлашда айбига иқрор бўлиб, қилмишига чин кўнгилдан пушаймонлигини, муқаддам судланмаганлигини, жабрланувчининг даъвоси йўқлигини, яшаш жойи ҳисобланган Арнасой тумани Дўстлик ҚФЙнинг кафиллик хатини, яшаш жойидан шахси ижобий тавсифланганлигини, қарамоғида уч нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини, моддий аҳволи оғирлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб эътиборга олиб, қонун санкциясида назарда тутилган озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган озодликни чеклаш жазосини тайинлашни лозим топди ва Ўзбекистон Республикаси ЖК 138-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан уч йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Хулоса ўрнида шуни ҳам айтишни унутмаслик керакки, халқимизда “Қарс икки қўлдан чиқади” деган нақл бор. Айдар-Арнасой кўллари тизими” ҳавзаси муҳофаза қилиш 6-постида хизмат вазифасини адо этаётган Тошкент шаҳар ИИББ ППХ ва ЖТСБ АКБ 2-отряд сафдори Мирқосим хизматни ўташ вақтида спиртли ичимлик ичмаганида, унинг ортидан қувиб қишлоқма-қишлоқ юриб юрмаганида, бировнинг хонадонига бостириб кирмаганида бундай ҳолат содир бўлмаган бўлар эди.

Мақола суд материаллар асосида тайёрланди.

Толибжон ЭРГАШЕВ,
(“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019