Армиямиз спортчилари “Кичик Олимпиада”да қатнашмоқда

16:47 03 Июль 2019 Спорт
317 0

Бугун, 3 июль куни Италиянинг Неаполь шаҳрида талаба ёшлар ўртасида ХХХ Бутунжаҳон ёзги универсиада ўйинлари бошланди. 14 июлга қадар давом этадиган мазкур мусобақада дунёнинг 120 га яқин мамлакатидан талаба-спортчилар иштирок этади. Улар сафида 42 нафар ўзбекистонлик талаба-спортчи, жумладан Мудофаа вазирлиги спорт клуби (МВСК) вакиллари ҳам бор, деб хабар берди Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти.

Халқаро талабалар спорт федерацияси (FISU) шафелигида 50 йилдан буён ҳар икки йилда бир марта мунтазам равишда ўтказиб келинадиган мазкур мусобақа халқаро майдонда “Кичик Олимпиада” деб ҳам юритилади. Унинг бу галгиси дастуридан жами 18 та спорт тури бўйича баҳслар ўрин олган. Ўзбекистонлик талаба-спортчилар ХХХ Бутунжаҳон ёзги универсиада ўйинларининг бадиий гимнастика, дзюдо, енгил атлетика, камондан отиш, спорт гимнастикаси, таэквондо WTF, теннис ва ўқ отиш, жами 8 та спорт тури бўйича баҳсларида қатнашиб, медаллар учун кураш олиб боришади.

Юртимиз спорт мухлисларининг Неаполга йўл олган ёшларимиздан умиди катта. Айниқса, халқаро мусобақаларда зафар қозониб келаётган дзюдочиларимиз, хусусан, МВСК аъзолари – Давлат Бобонов (-90 кг.), Сардор Нуриллаев (-66 кг.), Диёра Келдиёрова (-52 кг.) ва Гулноза Матниёзова (-70 кг.) бу сафар ҳам мухлислар ишончини оқлашига асло шубҳа йўқ. Тақвим бўйича дзюдо беллашувлари 4 июлда бошланиб, 7 июль куни якунланади.

Мудофаа вазирлиги спорт клуби аъзолари, шунингдек, “Кичик Олимпиада”нинг таэквондо WTF (Ниёз Пўлатов, Нигора Турсунқулова), ўқ отиш (Саидхон Сайфуддинов) ва енгил атлетика (Шоҳруҳ Давлатов, Александра Юркевская, Нурхон Муҳиддинова, Дмитрий Мелситов) бўйича баҳсларида ҳам қатнашиб, юртимиз спорт шарафини ҳимоя қилишади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019