АрМИ – 2019. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги “Танк биатлони” жамоаси финалда!

09:49 14 Август 2019 Жамият
170 0

Россиянинг Москва вилоятида жойлашган Алабино дала-ўқув майдонида Халқаро армия ўйинларининг “Танк биатлони” йўналиши бўйича ярим финал баҳслари ўз ниҳоясига етди. Унда иштирок этган вакилларимиз энг яхши натижани қайд этиб, финалга йўл олди, деб хабар берди Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти.

Қизғин ва шиддатли баҳсларга бой бўлган чорак финал баҳсларида ҳам юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган ҳарбий хизматчилар барча тўсиқлардан муваффақиятли ўтиб, энг яхши натижани кўрсатган эди.

Баҳсларда жамоаларнинг ҳар учала экипаж аъзолари катта майдонга тушиб, эстафеда шартини бажаришди. Шарт давомида улар тўсиқлардан талофатсиз ўтиш, белгиланган нишонларни йўқ қилиш ва имкон қадар қисқа вақт ичида финиш чизиғини босиб ўтиши керак эди. Юртдошларимиз Т-72 Б-3 танкини маҳорат билан бошқариб, барча иштирокчи жамоалар ичида энг яхши натижани қайд этишди. Вакилларимиз жами 2 соату 37 сонияда маррага биринчи бўлиб етиб келди. Бу вақт ичида 10 та нишон яксон қилинди.

Таққослаш учун айтиш мумкинки, биз билан финалда куч синашадиган Вьетнам жамоаси 2 соат 44 дақиқаю 28 сония, Куба 2 соат 44 дақиқаю 36 сония, Уганда эса 3 соат 2 дақиқаю 39 сония кўрсаткич билан финалга йўл олган.

Энди яна бир муҳим маълумотга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Маълумки, “Танк биатлони” мусобақаси 2 гуруҳда ўтказилаётган бўлиб, вакилларимиз унда иккинчи гуруҳдаги жамоалар билан баҳсга киришган. Бунда ҳар бир гуруҳдан алоҳида ғолиб ва совриндорлар номи аниқланади. Юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган ҳарбий хизматчиларимизнинг натижаларини биринчи гуруҳда иштирок этиб, финалга йўл олган жамоалар кўрсаткичига таққослайдиган бўлсак, вакилларимиз ҳар иккала гуруҳдан мусобақанинг финал босқичига йўл олган давлат вакиллари ичида 5-ўринни қайд этмоқда.

Ҳар иккала гуруҳнинг жами 25 иштирокчи давлати жамоасига таққослаганимизда эса, Ўзбекистон умумий 6-ўринда бормоқда. Бу ҳали якуний натижа эмас. Моҳир танкчиларимиз баллар ҳисобида армия ўйинлари ташкил этилганидан бери мазкур йўналишда иштирок этиб келаётган, Хитой жамоасини ҳам ортда қолдириб кетишди! Бу, албатта, мазкур мусобақада илк бор қатнашаётган жамоамиз учун катта ва фахрланишга арзигулик натижа.

Эслатиб ўтамиз, “Танк биатлони” мусобақасининг финал баҳси 15 август куни бўлиб ўтади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019