Архив ҳужжатлари янада сифатли сақланади

13:23 28 Октябр 2020 Жамият
106 0

Сўнгги йилларда архивларнинг моддий-техник таъминотини яхшилашга қаратилган давлат дастурлари асосида бир қатор архив бинолари реконструкция қилиниб, 25 дан ортиқ янги бинолар қурилиб фойдаланишга топширилган бўлса-да, аксарият давлат архивларида ҳужжатларни сақлаш учун зарурий ҳарорат ва намлик меъёрларига риоя этилмаслиги, архив сақловхоналари замонавий жиҳозланмаганлиги, архив ҳужжатларини реставрация қилиш, ҳисобга олиш, қидириб топиш ва назорат қилиш бўйича янги технологиялар жорий этилмаганлиги каби ҳолатлар мавжуд.

Шу билан бирга, давлат архивларининг биноларини мулк тассаруфидан чиқариш, уларни талабга жавоб бермайдиган бошқа биноларга кўчириш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Бу эса ўз навбатида, Миллий архив фонди ҳужжатлари сақловига жиддий зиён етказмоқда. Давлат архивларида Ўзбекистон Республикасининг маданий мерос объектларининг ёдгорликлар сирасига киритилган Миллий архив фонди ҳужжатлари сақланса-да, уларнинг биноларини тасарруфдан чиқариш бўйича нормалар амалдаги қонунчиликда шакллантирилмаган эди.

Давлат архивларида сақланаётган Миллий архив фонди ҳужжатларининг электрон ва суғурта нусхаларини яратиш ҳужжатларнинг сонидан (8,4 млн сақлов бирлиги, ҳар бири тахминан 200-250 варақ) келиб чиқиб, жуда кўп вақт ва маблағ талаб этади.

Давр талабидан келиб чиқиб, архив ҳужжатларидан фойдаланишда қулайликлар яратиш, электрон базаларни шакллантириш, архив ҳужжатларининг фавқулодда ҳолатларда суғурта нусхаларини сақлаб қолиш мақсадида, шунингдек халқаро тажрибадан келиб чиқиб, ташкилотлар томонидан архив ҳужжатларининг электрон нусхалари билан топширилиши нормаси мавжуд эмас. Ҳозирги кунда давлат архивларида сақланаётган Миллий архив фонди ҳужжатларининг 5 фоизи рақамлаштирилиб, электрон нусхалари яратилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, халқаро тажрибага таянган ҳолда архивлар сонини оптималлаштириш ва ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаш мақсадида амалдаги «Архив иши тўғрисида»ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, парламент қуйи палатасида иккинчи қабул қилинди.

Қонун билан нодавлат архивлари жамланиши ва ривожланишига, давлат архивларида Миллий архив фонди ҳужжатлари билан сифатли ишланишига, давлат архивлари бинолар билан таъминланишига, Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини доимий сақлаш ҳуқуқи берилган айрим вазирликлар, идоралар, тармоқ давлат фондлари ва ташкилотларида тармоқ давлат архивларини ташкил этишга давлат архивларида Миллий архив фонди ҳужжатларининг электрон базалари яратилишига ва архив ҳужжатларидан фойдаланишда қулайликлар яратилади.

Юртимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари, манфаатларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлашни яхшилаш мақсадида ижтимоий ҳуқуқларга дахлдор архив ҳужжатларини сақлаб қолиш ҳамда бу борада нодавлат архивлари хизматларидан ҳам фойдаланиш мақсадида тугатилган ташкилотлар ҳужжатларини архивларга топширилиши нормасини белгилашга доир ўзгартишлар киритилишида нодавлат архивларини ривожлантириш билан бир қаторда ҳужжатлар йўқолишининг олдини олиш ва фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга эришилади.

Шунингдек, давлат архивлари ўзларининг асосий вазифалари, яъни Миллий архив фонди ҳужжатларини сифатли жамлаш, ҳисобини юритиш, сақлаш ва фойдаланишга эришилади.

Муҳаммад ВАЛИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?