Ақтау шаҳрида Ў​збeкистоннинг бош консулхонаси очилди​

18:00 05 Сентябр 2019 Жамият
411 0

Иллюстратив фото

Яқинда Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош консулхонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ хабар берди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Саидикрам Ниязходжаев, Манғистау вилояти ҳокими Серикбай Трумов, бош консул Нодиржон Турғунов иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Нутқ сўзлаганлар таъкидлаганидек, Ақтау шаҳрида Ўзбекистон Бош консулхонасининг очилиши олий даражадаги Ўзбекистон-Қозоғистон мунтазам алоқалари давомида эришилган келишувларни амалга оширишда муҳим қадам бўлди ҳамда мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстона алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга имкон беради.

Ўзбекистон Мустақиллигининг 28 йиллигига ҳамда янги дипломатик ваколатхонанинг очилишига бағишланган расмий маросим ва қабулда Эрон, Озарбайжон, Туркманистон ва Туркиянинг Ақтау шаҳридаги Бош консулхоналари раҳбарлари, ишбилармон доиралар вакиллари ҳамда ўзбек, қорақалпоқ энтик-маданий уюшмалари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбир доирасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тақдимоти ташкиллаштирилди.

 Бош консулхонада Ўзбекистондан Манғистау вилояти бозорларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиш бўйича амалий музокаралар бўлиб ўтди ҳамда 2.5 млн. АҚШ доллари миқдорида дастлабки келишувга эришилди.

Ўзбекистон Республикасининг Ақтау шаҳридаги Бош консулхонаси қуйидаги манзилда жойлашган: 130000, Қозоғистон Республикаси, Ақтау шаҳри, 30-микрорайон, 83/1-уй, телефонлар: +77292777117, +77775990050, +77775990051.

Ақтау шаҳридаги Бош консулхонанинг консуллик округига Қозоғистоннинг Ақтўбе, Атирау, Манғистау ва Ғарбий Қозоғистон вилоятлари киради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?