АҚШнинг Огайо давлат университетида ўзбек тили дастурлари янада кенгайтирилади

18:17 12 Август 2020 Жамият
249 0

Ўзбекистон Республикасининг Вашингтон шаҳридаги дипломатик ваколатхонаси хабар беришича, мамлакатимизнинг АҚШдаги элчиси Жавлон Вахабов Огайо давлат университети (ОДУ) Яқин шарқ тиллари ва маданияти кафедраси мудири Скотт Леви ва Славян ва Шарқий Европа тадқиқотлари маркази директори Анжела Бринлингерлар билан самарали учрашув ўтказди.

Мазкур учрашувдан кўзланган асосий мақсадлар — ўзбек тилимизнинг АҚШдаги нуфузини янада ошириш, ўзбек тили таълимоти дастурларини пандемия шароитида қўллаб-қувватлаш, Огайо давлат университети ва бошқа маҳаллий олий ўқув юртларида унинг ўқитилишини кенгайтириш ва мамлакатимизнинг бой маданий меросини тарғиб қилиш.

Айтиш жоизки, 1870 йилда ташкил этилган ОДУ академик жиҳатдан AҚШнинг ижтимоий-гуманитар фанлар таълими йўналиши бўйича энг илғор университетлар рейтингида 17 ва жаҳонда 45 ўринни эгаллайди. Шунингдек, олийгоҳ мамлакатдаги энг катта кутубхоналардан бирига эга бўлиб, ўзида 1 миллиондан ортиқ китоб фондини сақлайди. Бундан ташқари, Шарқий Европа, Евросиё ва славяншунослик соҳаларидаги тадқиқотлар борасида ҳам ОДУ АҚШнинг нуфузли таълим масканларидан ҳисобланади.

Ҳозирга қадар университет талабалари орасидан 2 таси ва ўқитувчи профессорларидан яна 2 таси нуфузли Нобель мукофоти совриндорларига айланишган. Йилига 65 мингта талабага илм берадиган олийгоҳ жаҳоннинг турли мамлакатларида фаолият юритаётган ва юқори натижаларга эришган минглаб давлат расмийлари, йирик тадбиркорлар, машҳур санъатшунос олимлар ва бошқаларни ўз даргоҳида тарбиялаган десак муболаға бўлмайди.

Элчихонамиз маълумотига кўра, ҳозирги кунда ОДУ АҚШдаги энг йирик ўзбек тили таълими дастурига эга бўлиб, йилига ўртача ҳисобда 10-12 та олийгоҳ талабаларига мамлакатимиз давлат тили ўргатилади. Мазкур дастур 2003 йилда илк бор ташкил қилинган ва шу кунга қадар 200 дан ортиқ талабалар ўзбек тили курсларини тамомлашган.

Юқорида айтилган курслар одатда йилига тўрт марта амалга оширилиб, иккитаси куз ва яна иккитаси баҳорги семестрларда ўқитилади. Айни пайтда, мамлакатимиз ҳаётининг турли соҳалардаги кенг ислоҳотлар борган сари кўпроқ америкалик ёшларни давлат тилимизни ўрганишга ундамоқда.

Шу ўринда, ўзбек тилини ўрганган ОДУ талабалари орасида Марказий Осиё минтақасига бағишланган диплом ишлари ва диссертациялар сони бакалавр босқичида 18 та ва магистратура босқичида 17 тани ташкил қилади. Бу эса шубҳасиз минтақамизга бўлган эътиборнинг кучайиб боришидир.

Бундан ташқари, ўзбек тилини ўрганган ОДУ битирувчилар орасидан бир нечтаси АҚШ ҳукуматининг турли идораларида Евроосиё масалалари бўйича мутахассис бўлиб фаолият юритишса, ўнлаб иқтидорли кадрлар Марказий Осиё халқлари тарихи, маданияти ва тили йўналишларида докторлик изланишларини олиб боришмоқда.

ОДУ АҚШнинг ўрта ғарбий ва шарқий соҳилларидаги йирик 14 та университетларининг консорциуми ҳисобланадиган Катта ўнлик академик альянси (КЎАА) аъзоси бўлиб, мазкур олийгоҳлар талабалари ҳам онлайн тарзда ОДУ таклиф этаётган ўзбек тили курсларида таҳсил олиш имкониятига эгадирлар.

Дипломатик ваколатхонамиз таъкидлашича, ОДУда «Глобал май» дастури жорий қилинган бўлиб, унинг доирасида мазкур олийгоҳ талабалари 4 ҳафта давомида маълум бир мамлакатга саёҳат қилиб, ўша давлат маданияти ва тилини ўрганишади. Шу жумладан, 2021 йилги дастур давомида ОДУнинг мамлакатимиз тилини ўрганаётган талабалари орасидан бир гуруҳини Ўзбекистонга олиб бориш режаси ишлаб чиқилмоқда.

Мазкур ташрифларга олийгоҳ ўқитувчилари раҳбарлик қилиб, америкалик вакиллар мамлакатимиз бўйлаб саёҳат қилишади, турли ташкилот ва университетларга ташриф буюришади, маърузалар ва илмий муҳокамалар ўтказишади, кўплаб тенгқурлари билан тажриба алмашишади.

Шу билан бирга, Элчихонамиз ва университет маъмурияти 10-14 кундан иборат қисқа муддатли Ўзбекистонга саёҳат дастурини ҳам ишлаб чиқишни режалаштирган бўлиб, ушбу ташриф ўзбек тили ёки Марказий Осиё тарихи ва маданияти курсларининг камида битта поғонасини (семестрини) тамомлаган ёшларга таклиф қилиниши кутилмоқда.

Учрашув якунида, С.Леви ва А.Бринлингерлар билан ҳамкорликда ОДУдаги ўзбек тили таълимоти дастурининг нуфузини янада ошириш, унга жалб қилинаётган талабалар кўламини кенгайтириш ва ушбу жараёнга жалб қилинган профессор-ўқитувчилар фаолиятини янада рағбатлантириш мақсадида мамлакатимиз ҳукумати билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?