АҚШнинг нуфузли журнали Ўзбекистоннинг ноёб тажрибаси ҳақида илмий-таҳлилий мақола чоп этди

18:11 18 Июнь 2018 Жамият
1395 4

АҚШда чоп этиладиган ва қишлоқ хўжалиги ҳамда ўрмончилик соҳасида дунёда етакчи илмий нашр ҳисобланган “Agriculture and Forestry” халқаро илмий-таҳлилий журналида “Пахта тўқимачилик кластери таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг инновацион ҳамкорлиги базаси сифатида” сарлавҳали мақола чоп этилди.

Иқтисод фанлари доктори, профессор, Нью-Йорк фанлар академиясининг академиги М. Раҳматов, биология фанлари доктори, Ўзбекистон Миллий университети профессори, Нью-Йорк фанлар академиясининг академиги Б. Зарипов, техника фанлари доктори, профессор Ф. Раҳимов ва бошқалар қаламига мансуб материалда Ўзбекистоннинг соҳадаги ўхшаши йўқ тажрибаси ҳақида атрофлича сўз юритилади.

Хусусан, унда Президент Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ғояси асосида Ўзбекистонда ҳаётга татбиқ этилаётган инновацион пахта тўқимачилик кластери тизимининг ноёблиги, янгилиги, халқнинг ҳаёт сифати ва мамлакат экспорт салоҳиятини оширишдаги стратегик аҳамияти ҳам илмий-назарий, ҳам амалий нуқтаи назардан чуқур таҳлил этиб берилган. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси, 2017 йил 14 декабрдаги “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, 2016 йил 21 декабрдаги тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ривожлантиришнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурига оид, 2017 йил 19 майдаги Бухоро вилоятида замонавий пахта-тўқимачилик кластерини тузиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорларининг мазмуни, уларнинг ижроси асосида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, жорий этилаётган инновациялар, ноу-хаулар моҳияти чуқур очиб берилган. Бу, ўз навбатида, Президентимиз томонидан мамлакатимиз академик доиралари вакилларига кўрсатилаётган улкан эътиборнинг ўзига хос самараси ҳамдир.

Маълумот учун, “Agriculture and Forestry” халқаро илмий-таҳлилий журнали Америкадаги обрўли “Scientific & Academic Publishing”(SAP) нашриёти томонидан чоп этиб келинади. Мазкур нашриёт ўз навбатида архитектура ва дизайн, бизнес, менежмент, кимё, физика, компьютер технологиялари, муҳандислик, география, математика, статистика, тиббиёт, психология, физиология, санъат каби академик фанларнинг кенг кўламини ўзида қамраб олган юзлаб нашрларга эга. Уларга тажрибали профессионаллар муҳаррирлик қилади.
SAP дунёдаги етакчи илмий-тадқиқот уюшмаси ҳисобланиб, энг йирик илмий жамиятлар нашриётларидан биридир. Унинг журналлари халқаро миқёсда кенг тан олинади, қадрланади ва юксак баҳоланади.

SAP олимлар ва тадқиқотчиларнинг замонавий хаби, изланувчилар учун аъло даражадаги ресурслар тақдим этувчи, инсоният олдида турган ўткир муаммоларга илмий ечимлар тақдим этувчи платформа ҳамдир. У анъанавий ва замонавий технологияларни ўзида уйғунлаштирган. Яъни мазкур нашриёт журналларида бериладиган ҳар бир материал нафақат босма, балки электрон шаклда ҳам бутун дунёга тарқатилади ва илмий доираларда катта қизиқиш билан кутиб олинади. Муаллифлик ҳуқуқлари жаҳон стандартлари асосида қатъий ҳимоя қилинади.


Изоҳлар


Nodir Temirov

Яшнасин Узбекистон!!! Браво!!!

22:0718.06.2018

Кўп ўқилганлар