АҚШнинг “Honeywell UOP” компанияси Ўзбекистонда 3,2 млрд. долларлик лойиҳани амалга оширмоқчи

18:55 06 Август 2018 Иқтисодиёт
342 0
Фото: globuc.com

“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти АҚШнинг “Honeywell UOP” компанияси билан МТО ва “Separex” технологияларини қўллаш бўйича келишувга эришди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил май ойида АҚШга қилган расмий ташрифи доирасида ушбу мамлакатнинг бир қатор компаниялари билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро келишиб олинган эди. Шу асосда “Honeywell UOP” компанияси билан қиймати 3,2 млрд. АҚШ долларилик лойиҳани амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Унга кўра, МТО (метанолдан олефинга) технологиясини қўллаш орқали табиий газдан метанолни, метанолдан олефинни ҳамда олефиндан бошқа маҳсулот олиш бўйича ишлаб чиқариш комплекси ташкил этилади.

Лойиҳанинг дастлабки техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш натижаларига кўра, МТО технологияси лицензия эгаси бўлмиш “Honeywell UOP” компанияси билан кейинги ҳамкорлик шакллари муҳокама қилинади. Ҳамкор компаниянинг, айниқса, “Separex” технологияси газ қазиб чиқариш бўйича дунёнинг дастлабки йигирматалигидан ўрин олган Ўзбекистон учун жуда муҳимдир.

Гап шундаки, “Separex” мембранавий тизимлар табиий газ таркибидан сув ва кислотали газни чиқариб ташлаш учун ишлатилади. Тизимлар бурма қилиб ўрнатилган мембранали элементларга эга блокли асосда етказилади. “Separex” мембранавий тизимларнинг эритувчи моддаларда ишлайдиган оддий процессорлардан фарқ қилувчи афзалликлари шундаки, қайта ишланаётган табиий газ сифати анча юқори, эксплуатацион харажатлар эса анча паст бўлади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизматининг "Халқ сўзи"га маълум қилишича, ўзаро англашув меморандумига мувофиқ, “Honeywell UOP” компанияси “Separex” газ ажратувчи блокнинг тажриба-саноат синовини тизим корхоналаридан бирида ўтказади.

Ижобий натижа олингач, ушбу технология республикамиздаги бошқа газ қайта ишлаш корхоналарида жорий этиш масаласи кўриб чиқилади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар