АҚШлик футбол мухлисларига Россияга қўл телефони билан бормаслик тавсия этилди

12:29 13 Июнь 2018 Дунё
515 0
Фото: Fox News

АҚШ миллий контрразведка маркази директори Уильям Эванина Россияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатига борадиган ҳамюрт мухлисларга ўзлари билан мобиль телефон ва бошқа электрон қурилмаларни олиб кетмасликни маслаҳат берди. Унинг айтишича, маълумотлар олиш учун кибержиноятчилар ва бошқалар қурилмаларга бузиб кириши мумкин.

“Агар сиз ўзингиз билан мобиль телефонлар, ноутбуклар ёки бошқа электрон қурилмаларни олиб кетишни режалаштираётган бўлсангиз, Россия ҳукумати ёки кибержиноятчилар улардаги маълумотларни қўлга киритишга уриниши мумкин”, - дейди Уильям Эванина.

Мазкур лавозимга тайинлангунга қадар узоқ вақт ФҚБда ишлаган Эванинанинг сўзларига кўра, бу борада, айниқса, корпорациялар ёки ҳукуматнинг расмий вакиллари эҳтиёт бўлишлари керак.

“Жамиятда катта ўринга эга шахслар нишонга айланиши мумкин. Агар электрон қурилмаларсиз бора оладиган бўлсангиз, уларни олманг. Агар бунга зарурат туғилса, асосан фойдаланадиган қурилмани эмас, бошқасини ола кетинг” – дейди у.

АҚШнинг Россиядаги дипломатик ваколатхонаси раҳбари Энтони Годфрининг айтишича, ушбу давлатга қарийб 35 минг нафар америкалик ишқибоз ташриф буюриши кутилмоқда.

Олдинроқ Буюк Британия махсус хизматлари ҳам худди шундай баёнот билан чиққанди.​


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар