АҚШдан юборилган 200 та ўпкани сунъий шамоллатиш мосламаси Тошкентга етиб келди

17:03 29 Август 2020 Жамият
215 0

АҚШдан юборилган 200 та ИВЛ қурилмаси куни кеча Тошкентга етиб келди. Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси хабарига кўра, ушбу қурилмалар президент Дональд Трамп маъмурияти томонидан июнь ойида эълон қилинган инсонпарварлик ёрдамининг бир қисми сифатида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги 62 та муассасага беғараз асосда берилади.

Улар шошилинч тиббий ёрдам учун асбоб-ускуналар ва дастурий таъминотларни ишлаб чиқиш бўйича катта тажрибага эга бўлган Американинг «Zoll Medical Corporation» компанияси томонидан тайёрланган. 1980 йилда Массачусетс штати Челмсфорд шаҳрида асос солинган мазкур компания ИВЛ аппаратлари, дефибрилляция ва мониторинг, қон айланишини ушлаб туриш, юрак-ўпка реанимациясини ўтказиш тўғрилигини баҳолаб берадиган воситаларни ишлаб чиқаради.

Дипломатик миссиямиз маълумотига кўра, тақдим этилган ўпкани сунъий шамоллатиш мосламалари стационар даволанишда ҳам, ҳаво тиббий транспортида ёки тез ёрдам машиналарида ташиш пайтида интенсив терапия учун ишлатилади. Ундаги вентиляторлар чақалоқлардан тортиб ёши катта беморларгача ўпкасини сунъий шамоллатиш ҳамда ҳаёт фаолиятини сақлаб қолишнинг турли методларини қўллаш имконини беради. Қурилмалар фавқулодда вазиятларда қарор қабул қилишни енгиллаштириш имконини берадиган Smart Help технологиялари ва пульскоксиметрлар билан таъминланган.

Яқин кунларда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг юртимиздаги ваколатхонаси томонидан ушбу қурилмаларни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ташкилотига тантанали топшириш маросимини ўтказиш режалаштирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?