АҚШда журналистлар ҳибсга олингани, калтаклангани қораланмоқда

10:08 11 Июнь 2020 Дунё
301 0

«Lincoln Journal Star​» газетаси мухбири Крис Данкер 31 май куни Небраска штати, Линколн шаҳридаги намойишларни ёритаётганда қўлга олинганидан шокда. Жилетида «ОАВ» деб ёзилган бўлса-да, полиция уни ерга қулатиб, қўлини кишанлаб, қисқа вақт ушлаб турган. Бироздан сўнг қўйиб юборишгач, Данкер намойишларни суратга олишда давом этган.

«Ҳуқуқ-тартибот ходимлари журналистларни очиқчасига нишонга олаётгани, маълумот тарқатиш ҳуқуқини поймол қилаётгани, [конституцияда сўз ва матбуот эркинлигини кафолатловчи] биринчи тузатиш доирасида ўз ишини бажараётганда ҳибсга олаётгани жуда ташвишланарли», - дейди Крис Данкер «Америка Овози» билан суҳбатда.

Матбуот эркинлиги билан боғлиқ аҳволни кузатиб борувчи ташкилотлар коалицияси 50 дан зиёд шундай ҳолатларни текширмоқда.

Бир хил ҳуқуқлар

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва медиа экспертлар хулосасига кўра, ҳибслар конституциявий ҳуқуқларнинг бузилиши бўлиб, АҚШнинг матбуот эркинлиги бўйича халқаро мавқеига путур етказади.

Журналистларга бепул хизмат кўрсатувчи адвокат Сара Метюснинг айтишича, намойишларни ёритаётган журналист намойишчи билан бир хил ҳуқуқларга эга ва сўз эркинлиги билан ҳимояланган.

«Оддий қилиб атганда, журналистлар полициянинг қонуний буйруқларига риоя қилаётган бўлса, уларга ҳужум қилиниши ёки калтакланиши мумкин эмас», - дейди у.

Журналистларнинг ҳибсга олиниши ёки ҳужумга учраши тасвирланган видеолар «ўта аянчли», дея қўшади Метюс.

«Тўғри йўл тутган»

29 май куни Миннесота штатининг Миннеаполис шаҳридаги намойишда «CNN» телеканали мухбири ва операторлари медиа вакиллари эканини айтсада, полиция уларни ҳибсга олган. Улар кўчанинг қайти томонидан ишлаш мумкинлигини ҳам сўраган. Адвокат Сара Метюс канал ходимлари тўғри йўл тутганини айтади.

«Ҳуқуқ-тартибот идоралари ташаббус кўрсатиши, бундай воқеа такрорланмаслигини таъминлаши лозим», - дейди у.

Журналистик ташкилотлар ҳибс ва ҳужумлар юзасидан тергов ўтказишни талаб қилмоқда.

3 июнь куни Америка Фуқаро Эрикинликлари Иттифоқи «сабабсиз ҳибсга олинган» ва ҳужумга учраган журналистлар номидан Миннеаполис шаҳри, полиция идораси ва Миннесота штат полициясини судга берди.

«Рейтер» агентлиги хабарига кўра, 600 ташкилот БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг махсус йиғинини ўтказишга, намойишчиларлар ва журналистларга нисбатан полиция зўравонлигига оид мустақил текширув бошлашга ундамоқда.

«Бошқа давлатлар АҚШга намуна сифатида қарайди. Улар ҳуқуқлар оёқ ости қилинаётганини, Америка қадриятларига зид хатти-ҳаракатлар бўлаётганини кўриб, бундан ўрнак олиши хавотир уйғотади», - дейди медиа бўйича мутахассис Кети Кайли.

Бошоғриқ

Теннесси университетида Сўз эркинлиги маркази директори Кен Полсон фикрича, бошқа давлатлар сўнгги воқеаларни АҚШга қарши қўллаши мумкин.

«Бизнинг қадриятларга қўшилмайдиган ҳукуматлар бу воқеаларни далил қилиб кўрсатиб, Америка биз ўйлаган давлат эмас дейиши, уни иккиюзламачиликда айблаши мумкин», - дейди Полсон.

Нью-Йоркда асосланган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг огоҳлантиришича, полициянинг намойишларга жавоби «ўз халқини ва матбуотни шафқатсиз бостирадиган золимлар ва автократ раҳбарларни рағбатлаштириши мумкин».

Ташкилот штат губернаторлари, мерлар ва полиция бошлиқларига йўллаган мактубда оммавий ахборот воситаларининг аҳамиятига урғу берилган.

«Уларнинг воқеаларни ёритишига тўсқинлик қилиб, сиз оммани ахборотдан маҳрум қилаяпсиз. Шу омма олдида сиз ва идораларингиз жавобгар», дейилади унда.

Ташкилот азият чеккан журналистларга фавқулодда ёрдам кўрсатмоқда. Шунингдек, полициянинг мухбирлар билан муомаласи юзасидан маҳаллий ва штат расмийларга мурожаат қилади.

«Бу мавзуни полиция идоралари учун катта бир бошоғриққа айлантирамиз. Улар журналистларни ҳимоя қилиш, асосида конституция ётган қонунларга риоя қилиш мажбуриятига эга», - дейди Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси вакили Кортни Реш.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?