АҚШда ўзбекистонлик машҳур ҳунарманднинг савдо уйи очилди

16:07 23 Август 2019 Жамият
183 0

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси хабарига кўра, АҚШнинг Пенсильвания штати Филадельфия шаҳрида шаҳрисабзлик таниқли ҳунарманд Гулнора Одилованинг “Gulnor” савдо уйи очилди. Бундан кўзланган мақсад океан ортига миллий тўқимачилик маҳсулотлари экспортини тизимли йўлга қўйиш ва ривожлантиришдир.

Мамлакатимиз дипломатик ваколатхонасидан маълум қилинишича, ушбу савдо уйи ипакдан тикилган ўзбек миллий маҳсулотлари савдосини ташкил этиш, турли кўргазма ва ярмаркалар ўтказиш учун ўзига хос майдон вазифасини бажариб беради.

Шу мақсадда Пенсильванияда Американинг “US Financial and Consulting Services” компаниясининг 50 фоизлик улуши иштирокида “Gulnor LLC” компанияси рўйхатдан ўтказилди.

Маълумот учун айтиш жоиз, “US Financial and Consulting Services” савдо агентларини, “Шоу-румда” савдо-сотиқни ташкил этиш учун офис ва тижорат биноларини тақдим этади.

Ўзбекистонлик ҳунарманднинг океан ортидаги савдо уйининг расмий очилиши шу йил сентябрь ойида бўлиб ўтади. Унда АҚШ компаниялари, ОАВ вакиллари, ритейлерлар ва дизайнерлар қатнашиши кутиляпти.

Эътиборлиси, “Gulnor LLC” 10-14 август кунлари Нью-Йорк шаҳри мезбонлик қилган нуфузли “Бугунги Нью-Йорк: Уй ва кундалик ҳаёт учун бозор” халқаро кўргазмасида иштирок этишга ҳам улгурди.

Ушбу форум ҳар йили қиш ва ёз фаслида анъанавий тарзда ўтказиб келинади. У уй, кундалик ҳаёт учун мўлжалланган ҳамда қўлда тикилган уч турдаги тўқимачилик маҳсулотлари намойиш этиладиган дунёдаги энг йирик платформадир. Зеро, кўргазмада АҚШнинг барча штатлари ва хориж давлатларидан ритейлерлар, дизайнерлар, чакана савдо компанияларидан 20 мингдан ортиқ иштирокчи ҳозир бўлади.

Жорий йилда дунёнинг 80дан ортиқ мамлакатидан 2300дан зиёд бренд қатнашди. Уларнинг ичида Ўзбекистон, АҚШ, Франция, Италия, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Австралия, Тайвань, Африка ва Лотин Америкаси давлатлари бор. Қолаверса, тадбирга “abc carpet & home”, “Ross”, “Walmart”, “Fortuny/Venezia”, “Calvin Klein”, “GAP” каби ритейлерлик, дизайн ва чакана савдо соҳасидаги йирик компанияларнинг 25 мингда ортиқ вакиллари келди. Ўз навбатида унинг иши 400дан ортиқ халқаро оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилди. Бу ўз навбатида ўзбек бренди номини кенг тарғиб қилиш имконини ҳам берди.

Зотан, “Gulnor LLC” савдо уйи томонидан “Ироқи” услубида ипакда тикилган шаҳрисабзча кашталарнинг катта ассортиментдаги намуналари тақдим этилди. Улар харидорлар томонидан кенг фойдаланилади. Бинобарин, кўргазма иштирокчилари бу гал ҳам ўзбек тўқимачилик санъати нафислиги ва ранг-баранглигига юксак баҳо беришди. Боиси, ушбу миллий маҳсулотлар ўзида юртимизнинг қадимги ва замонавий қиёфасини теран уйғунлаштирган эди. Тадбир меҳмонлари ҳам илгари бу каби гўзалликни дунёнинг бошқа бирорта мамлакатидан кўришмаганини эътироф этишди.

Савдо уйи менежери Элдор Аҳмедовнинг айтишича, кўргазманинг ўзида “Gulnor” бренди остида 20 минг долларлик товарлар сотилди. Якунда эса “abc carpet & home”, “Island Girl Miami”, “M&M Design International”, “Privet House”, “GOOD WOOD”, “BLOOM”, “American Folk Art Museum”, “Elizabeth Wilhelm Goodale Designs”, “Needle House in Rice Village”, “Fortuny/Venezia”, “The Phoenix” ва “The Folk Art Gallery” савдо белгилари билан йил охиригача тўқимачилик маҳсулотларининг биринчи туркумини етказиб бериш бўйича 50 минг долларлик келишувларга эришилди. Шуларга мос равишда Америка компаниялари миллий маҳсулотларимизни сотиб олиш ҳажмларини кескин оширишга тайёр эканликларини билдиришди.

Айни чоғда кўргазма ташкилотчилари билан 2020 йил январь ойидаги навбатдаги тадбирда ҳам иштирок этиш бўйича шартнома имзоланди.

Умуман олганда, мамлакатимиз дипмиссияси кўмагида “Gulnor” савдо уйининг очилиши, унинг йирик халқаро кўргазмада илк бор қатнашиши Америка бозорига ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари экспортини кўпайтириш, АҚШда миллий маданиятимиз, урф-одатларимиз ва санъатимизни оммалаштириш, шу аснода америкалик туристлар учун диёримиз жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019