АҚШда Ўзбекистон бўйича Кокуснинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

17:10 25 Февраль 2019 Жамият
341 0

Яқинда мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонаси биносида АҚШ Конгрессида ташкил этилган Ўзбекистон бўйича алоҳида парламент гуруҳи – Кокуснинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Мазкур гуруҳ АҚШда ўтган йил ноябрь ойида ўтказилган парламент сайловларидан кейин ўз фаолиятини қайта йўлга қўйган эди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.

АҚШ Республикачилар партиясидан Кокус ҳамраиси бўлган конгрессмен Трент Келли ўз чиқишида Конгрессда Ўзбекистон-Америка муносабатларини чуқурлаштириш бўйича манфаатларни илгари сурадиган америкалик қонун чиқарувчиларнинг вакили бўлиш катта ифтихор эканлигини таъкидлаб ўтди. У Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар халқ манфаатлари ва мамлакат келажаги йўлида юксалишга эришишга қаратилган деб ҳисоблайди.

Маълумот учун, кокус(инглизчада caucus) – тарафдорлар ёки сиёсий партиялар ёхуд сиёсий ҳаракат аъзолари кенгашидир.

Вакиллик палатасининг демократик кўпчилигидан ҳамраиси Висенте Гонзалес Ўзбекистон АҚШ учун стратегик муҳим аҳамият касб этишини айтиб ўтди. Унинг фикрича, Тошкент билан дўстлик ва шерикликни мустаҳкамлаш Вашингтон манфаатларига жавоб беради.

Техас штатидан Конгресс вакили бўлган Гонсалез инвестициялар соҳасида ўз штати билан Ўзбекистон ўртасидаги яқин ҳамкорликни йўлга қуйиш ўзи учун энг муҳим масала эканлигига урғу берди. Энергетика тармоғи ўзаро муваффақиятли алоқалар учун устувор йўналишдир, деб ҳисоблайди сиёсатчи. У бу борадаги шериклик муносабатларини йўлга қўйиш учун ёрдам беришга тайёр эканлигини билдирди.

Тадбир давомида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов томонидан Конгресс билан ҳамкорлик бўйича Олий Мажлисдаги парламентлараро гуруҳ раҳбари сенатор Содиқ Сафоев йўллаган мактубни ўқиб эшиттирди. Унда Капитолийда АҚШ билан ҳам федераль, ҳам ҳудудий даражаларда савдо-инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида қайта ташкил этилган тузилма билан ўзаро алоқаларни давом эттиришга тайёрлик баён қилинган.

Якунда конгрессменлар Келли ва Гонсалез “Ўзбекистон бўйича Кокус” биринчи йиғилиши протоколини имзоладилар. Иштирокчилар протоколда парламентлараро мулоқот, савдо ва сармоя соҳасидаги ўзаро алоқаларни янада фаоллаштириш, бизнес жамоатчилик, қолаверса, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги тўғридан-тўғри алоқаларни қўллаб-қувватлашлари таъкидланган. Ҳужжат асосида америкалик вакиллар томонидан Конгресснинг бошқа аъзолари ҳам Кокус фаолиятига қўшилишга чақирилган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу йиғилишда Вакиллик палатаси ва Конгресс, Миллий хавфсизлик кенгаши, Давлат департаменти, савдо ва меҳнат вазирликлари, Пентагон, Хусусий хориж инвестициялари корпорацияси, АҚШдаги етакчи “ақл марказлари”, Америка-Ўзбекистон савдо палатаси, ноҳукумат ташкилотлар, халқаро институтлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019