АҚШда ўзбек тили куни кенг нишонланди

20:46 20 Октябр 2020 Жамият
533 0

Ўзбекистон Республикасининг Вашингтондаги элчихонаси маълумотига кўра, дипломатик ваколатхонамиз Огайо ва Аризона давлат университетлари билан биргаликда мамлакатимизнинг давлат тили кунига бағишланган тантанали байрам тадбири ўтказди.

Мазкур анжуманда Огайо давлат университети (ОДУ) Тарих ҳамда Яқин шарқ тиллари ва маданияти кафедралари мудири Скотт Ливай, ушбу олийгоҳ Славян ва Шарқий Европа тадқиқотлари маркази директори Анжела Бринлингерлар, Аризона давлат университети (АДУ) Муҳим тиллар институти директори Ирина Левин, 20 га яқин америкалик мустақил тадқиқотчи олимлар, докторант ва талабалар иштирок этишди.

Эслатиб ўтамиз, академик жиҳатдан ОДУ AҚШнинг ижтимоий-гуманитар фанлар таълими йўналиши бўйича энг яхши университетлар рейтингида 17 ва жаҳонда 45-ўринни эгаллайди. Шунингдек, олийгоҳ мамлакатдаги энг катта кутубхоналардан бирига эга бўлиб, ўзида 1 миллиондан ортиқ китоб фондини сақлайди. Ҳозирги кунда ОДУ АҚШдаги энг йирик ўзбек тили таълими дастурига эга бўлиб, йилига ўртача ҳисобда 10-12 та олийгоҳ талабаларига мамлакатимиз давлат тилини ўргатади.

Аризона давлат университети ҳам дунёнинг энг нуфузли олийгоҳларидан бири бўлиб, АҚШдаги энг инновацион ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига энг кўп ҳисса қўшаётган таълим масканидир. АДУ йилига 100 мингга яқин талабаларни ўзининг 17 та кампусида 350 дан ортиқ мутахассисликлар бўйича ўқитади.

Элчихона хабар беришича, тадбир очилиш маросимида, иштирокчилар юртимизда ўзбек тилини кенг тарғиб қилиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан батафсил танишишди. Охирги йилларда ҳукуматимиз томонидан ўзбек тилини мамлакатимиз ва хорижий давлатларда ўқитилишини қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор йўналишлар америкалик олимлар орасида катта эътибор қозонди. Илк бор Ўзбекистон президентининг БМТ Бош Ассамблеясида ўзбек тилида нутқ сўзлагани жаҳон ҳамжамияти учун яққол белги бўлиб хизмат қилади, деб таъкидлашди экспертлар.

Шу билан бирга, анжуман иштирокчилари ўзлари тайёрлаган саҳна кўринишлари ва презентацияларини намойиш қилишди. Уларда тилимизга бўлган ҳурмат, миллий анъаналаримизни ўрганишга иштиёқ яққол кўзга ташланди.

Ташкил этилган вебинар давомида, АҚШлик иштирокчилар ўзларининг равон ўзбек тилидаги нутқлари билан чиқишлар қилишди, маданиятимиз ва тарихимизга бўлган улкан қизиқишларини намйоиш этишди ва қуйидаги фикрларни билдиришди.

Мичиган университети тарих фани ўқитувчиси ва докторанти Алберт Кавалларо:

“Ассалому алайкум, хонимлар ва жаноблар! Менинг исмим Алберт, мен тарихчиман, Мичиган университетда тарих ўқитувчиси бўлиб ишлайман. Бундан ташқари мен Мичиган университетда докторантман. Менинг илмий ишим Марказий Осиё билан боғлиқ.

Нега мен ўзбек тилини ўрганяпман? Албатта, илмий ишимни яхши ёзишим учун ўзбек тилини ўрганишим керак. Лекин асосий сабаб ҳам, мақсад ҳам бу эмас. Мен шуни биламанки, ўзбек тилида эллик миллион одам гапиради. Ўзбекистонда ва Афғонистоннинг шимолида ўзбек тили давлат тилидир. Ва бу тилнинг тарихи жуда қизиқ.

Ўзбек адабий тилида ва шеваларда кўп сўзлар бор, қоидалар бор. Агар сиз бу қоидаларни яхши билсангиз, дунёдаги яна йигирмадан ортиқ тилларни тушуна оласиз. Яъни ўзбек тилида бошқа туркий тилларда бўладиган ҳодисалар бор ва бу тил бошқа кўп туркий тилларни ҳам ўрганиш учун асос бўла олади.

Ўзбек тили ўзбек миллатининг маданиятини кўрсатади ва бу ҳам мен учун жуда қизиқ. Менга бу ҳам сабаб бўлди. Шунинг учун мен ўзбек тилини севиб ўргандим, Аризона давлат университетида Муҳим тиллар институтида 7 ҳафта ўзбек тилини ўргандим ва Америка консуллигининг сертификатини олдим. Менга ўртадан юқори даражасини бердилар. Ўқитувчим мендан ҳам кўпроқ бунга хурсанд бўлди, менимча.

Аризонадаги дарслардан мен ўзбек маданияти ҳақида ҳам кўп ўргандим. Айниқса, мен ошни, паловни пиширишни ўргандим ва бундан хурсандман. Лекин менинг паловим ҳеч қачон Чустийнинг паловидек ёки бошқа машҳур ўзбек ошпазларининг паловидек бўлмайди. Умид қиламанки, бир кун Ўзбекистонга бораман, кўп ўзбек дўстларни топаман. Ва биз бирга яна кўп илмий ишларни қиламиз. Ҳамма-ҳаммага ўзбек тили байрами муборак бўлсин”.

«Гартнер» компаниясининг тадқиқотлар бўйича мутахассиси Керолайн Меса.

“Aссалому алайкум! Менинг исмим Керолайн. Менимча, янги тилларни ўрганиш жуда муҳим! Менинг энг севганим ўзбек тили. Мен Aризонанинг Муҳим тиллар институти ўзбек тилини ўргандим ва уни севиб қолдим. Мен рақс тушишни жуда яхши кўраман. Aйниқса, салса, бачатани, ва ча-ча-чани мазза қилиб ўйнайман. Мен ўзбек рақсига ҳам қизиқаман. Чунки ўзбек миллий рақс санъати узоқ ва бой тарихга эга.

Келажакда мен Фулбрайт дастури орқали Ўзбекистонга бораман. Мен талабаларга инглиз тилидан дарс бераман. Мен Ўзбекистонга боришимдан жуда ҳурсандман. Кўришгунча!!”

Аризона давлат университети докторанти Никол Тиг:

“Aссалому алайкум, менинг исмим Никол, танишганимдан хурсандман. Aризона давлат университетида аспирантман ва тарихни ўрганяпман. Ҳозирда мен иккинчи-жаҳон урушидаги Ўрта Осиё аскарларини тадқиқ қиляпман.

Мен 2019 йилда ўзбек тилини ўрганишни бошладим. Ўтган ёзда, мен Ўзбекистонга ўзбек тилини ўрганиш учун боришни режалаштиргандим, лекин афсуски пандемия бошланди ва бориш мумкин бўлмай қолди. Умид қиламанки, келаси йил мен Ўзбекистонга борсам керак. Келажакда мен ўзбек тилини ўрганишда давом этаман чунки мен Ўзбекистон тарихини ўрганишим керак.”

Огайо давлат университети талабаси Максвелл Паркер:

«Сизлар билан танишганимдан хурсандман. Менинг исмим Максвелл Паркер, мен Огаё давлат университетида ўқийман. Мен тарих, сиёсат ва тилларга қизиқаман. Мен ўзбек тилидан ташқари рус, испан ва хитой тилларини ўрганганман. Мен ўзбек тилини ўрганяпман, чунки менимча у жуда қизиқ, муҳим ва бошқача».

Глендейл коллежи япон тили ўқитувчиси Шигеко Тойота:

Aссалому алайкум! Менинг исмим Шигеко Тойота. Мен олти йил аввал Aризона давлат университетида ўзбек тилини ўргандим. Кейин Ўзбекистонга бордим. Менга ўзбек одамлари жуда ёқади. Улар жуда меҳрибон. Сизларни ўзбек тили байрами билан табриклайман!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?