АҚШда 28 млн.дан ортиқ фуқаро муддатидан олдин овоз берди

09:03 20 Октябр 2020 Дунё
178 0

28 миллиондан зиёд америкаликлар шу йил ноябрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларда муддатидан олдин овоз берди. Бу ҳақда Флорида университети профессори Майкл Макдональд томонидан яратилган United States Elections Project порталида маълум қилинди, деб хабар берди ТАСС. 

Қайд этилишича, 19 октябрь ҳолатига кўра мамлакатда 28 млн. 626 265 фуқаро овоз бериб улгурган. Бундай сайловчилар сони бўйича Техас штати етакчилик қиляпти. У ерда 4 064 685 америкалик ўз номзодини танлаб бўлган. Ундан кейин Калифорния (3,037,970), Шимолий Каролина (1,526,973) ва Флорида (2,509,245) штатлари жойлашган. Жоржия, Виржиния ва Нью-Жерси штатларида муддатидан олдин ўз танловини қилганлар сони 1 миллион кишидан ошди. 

Техас маъмуриятининг маълумотларига кўра, рўйхатдан ўтган сайловчиларнинг деярли 24 фоизи овоз бериб бўлган. Жоржияда мазкур кўрсаткич «ҳар соатда янги рекордларни ўрнатмоқда», деган штат губернатори Бред Раффенспергер кеча куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида. 

3 ноябрь куни АҚШда бўлиб ўтадиган умумхалқ сайловларда президент ва вице-президент, 35 сенатор, Вакиллар палатасининг барча 435 аъзоси, 13 штат ва ҳудуд губернаторлари ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари сайланади. Республикачи Дональд Трамп ва демократ Жозеф Байден президентлик учун кураш олиб бораётганидан хабарингиз бор.

Сайловда ғолиб бўлган АҚШ президентининг инаугурацияси эса 2021 йил 20 январда бўлиб ўтади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?