АҚШ ва КХДР ўртасидаги тарихий саммит бошланди

09:11 12 Июнь 2018 Дунё
393 0
Фото: AFP

Ўзаро муносабатлар тарих маълуми, унинг бугуни ва келажаги қандай бўлади?

Ва ниҳоят Сингапурнинг Сентос оролида АҚШ президенти Дональд Трамп ва КХДР етакчиси Ким Чен Ин билан учрашди. Улар икки байроқ фонида узоқ вақт қўл сиқишиб кўришишди. Музокаралардан олдин журналистлар билан мулоқот қилинди. Сўнгра икки давлат раҳбари фақат таржимонлар иштирокида яккама-якка суҳбатлашиб олди. Дастлабки хулосалар, таассуротлар икки томонда ҳам яхши эканлиги айтиляпти. Бу ҳақда ABC, CNN телеканалларида трансляциялар олиб борилаётир. Шундай қилиб илк тарихий саммит бошланди. Нима учун илк? Нима учун тарихий? Икки мамлакат ўртасида муносабатлар шаклланиши тарихи билан танишиб чиқиб, ана шу саволларга тўлиқ жавоб топишингиз шубҳасиз.

Корейс давлатларининг ташкил топиши

1910 йилдан бошлаб Япония ҳукмронлиги остида бўлган Корея ярим ороли Иккинчи жаҳон урушидан сўнг АҚШ ва собиқ иттифоқ таъсири остидаги минтақага айлантирилди. Жанубдан 38-параллелгача бўлган ҳудуд АҚШ назоратига ўтиб, 1948 йилнинг 15 августида бу жойда Корея Республикаси ташкил топди. Собиқ иттифоқ қўлидаги шимолий қисмда эса Корея Халқ Демократик Республикасига асос солинди. АҚШ ўшандан буён фақат Корея Республикасини қонуний деб тан олиб келади ва КХДР билан дипломатик алоқаларга эга эмас, унинг манфаатларини ушбу давлатда Швеция ифодалайди. Вашингтон КХДРни расмий ном деб билмайди, балки уни Шимолий Корея дея қабул қилган.

Корейс уруши

1950-1953 йиллардаги Корейс уруши пайтида АҚШ Жанубий Кореяни қўллаб-қувватлашда давом этди. Америкалик ҳарбийлар 17 давлат контингентини бирлаштирган умумий сони 1 миллион киши(учдан икки қисми АҚШлик)лик БМТ қўшинлари сафида жанговар ҳаракатларда иштирок этган. 1953 йил 27 июлда тузилган ярашув сулҳи асосида ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилган. Мазкур ҳужжат КХДР ва АҚШ бошчилигидаги БМТ коалицияси томонидан имзоланган. Бироқ ўзаро тинчлик битимига эришилмаган ҳамда КХДР расман АҚШ билан уруш ҳолатида қолган.

КХДРда ядро дастурлари ривожланиши билан боғлиқ кескинликлар(1950-2000-йиллар)

Урушдан сўнг АҚШ Корея Республикасида қўшинларининг бир қисмини (айни пайтда 28,5 минг киши) қолдирди. 1958 йилда эса 1953 йилги келишувга хилоф равишда Жанубий Корея ҳудудига ядро қуролини жойлаштириб, 1991 йилдан ишга туширди. Ушбу даврда Шимолий Корея раҳбарияти ҳам ўзига тегишли ядро инфратузилмасини ривожлантириш тўғрисида қарор қабул қилди.

1986 йилда эса Америка сунъий йўлдошлари КХДР ҳудудида МАГАТЭ(Шимолий Корея ушбу ташкилотга 1974 йилда аъзо бўлган) рўйхатига киритилмаган ядро реакторини пайқаб қолади. Шундан сўнг, тўғрироғи 1990-йиллардан АҚШ Пхеньян ядро дастури тинчлик мақсадларига қаратилганини тасдиқлаб келаётганига шубҳа остида қарай бошлаган. Ўз навбатида КХДР ва МАГАТЭ ўртасида тушунмовчилик келиб чиққан. Вашингтоннинг Пхеньянга босим ўтказишига бўлган уринишлари можарони янада кескинлаштирган.

Мазкур қарама-қаршилик 1994 йил октябрига келибгина Женевада Америка – Шимолий Корея ўртасида ҳадли битим имзолангандан сўнг тартибга солинди. Унга кўра, КХДР ўз ядро дастурини ривожлантиришни тўхтатади. Президент Билл Клинтон(1993-2001 йиллар) маъмурияти эса бунинг эвазига Шимолий Кореяга иккита енгил сувли реактор барпо этиш, улар фойдаланишга топширилгунга қадар мамлакатга мазут етказиб беришни ваъда қилди. Ушбу келишувни амалга ошириш учун Корея энергетикасини ривожлантиришга кўмаклашиш ташкилоти (КЭРКТ) тузилди. АҚШ, Япония, Жанубий Корея ва Европа Иттифоқи унинг иштирокчиларига айланди.

2001 йилда эса президент Жорж Буш-кичкина(2001-2009) ўзидан олдинги маъмуриятнинг КХДРга нисбатан сиёсатини танқид остига олди. У мазкур давлатни Эрон ва Ироқ қаторида “ёвузлик кучлари”дан бири деб атади. Оқибатда Пхеньян ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларда яна муаммолар пайдо бўлди. АҚШнинг 2002 йилдаги ядро сиёсати бўйича кузатувларга асосланган маърузасида КХДР превентив ядро зарбаси нишонларидан бири сифатида кўрсатиб ўтилди. Шу йили океан орти Пхеньянни ҳарбий мақсадларда уранни бойитаётганликда айблаб чиқиб, унга ёқилғи етказиб беришни тўхтатди ҳамда КЭРКТ дастурини музлатиб қўйди.

КХДРнинг 2003 йилда МАГАТЭ ва 1985 йил қўшилган Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги келишувдан чиқиб кетиши қарама-қаршиликларни янада кескинлаштирди. Ўшанда Вашингтон Корея ярим ороли ядро муаммоси бўйича олти томонлама музокаралар(КХДР, Жанубий Корея, АҚШ, Япония, Хитой ва Россия) иштирокчисига айланганди.

АҚШнинг Пхеньянга ядро объектларини қатъий режим асосда текширилиши ва муросасиз қарор қабул қилиш бўйича талаб қўйиши ортидан КХДР мазкур музокараларни ҳам тарк этди.

2011 йилда президент Барак Обама (2009-2017) олти томонлама музокараларни янгилашга ҳаракат қилиб кўрди. Бироқ 2013 йилда Шимолий Корея томонидан тажовузкорлик ҳолати бўлса, АҚШ бунга қарши нафақат оддий, балки зарурат туғилганда ядро қуролини ҳам қўллашга тайёр эканлигини эълон қилади. Шу йили Шимолий Корея ўз қонунчилигида “КХДР ядро қуроли адолатли мудофаа воситаси ҳисобланади, сабаби унинг қўлга киритилиши АҚШнинг душманлик сиёсати доимий ўсишига жавобан мажбурий чорага айланди” дея белгилаб қўйди.

2016 йилда эса Барак Обама КХДРнинг АҚШ Жанубий Корея билан биргаликдаги ҳарбий машғулотларини тўхтатиши эвазига ядро синовларига мораторий қўйиш тўғрисидаги таклифини рад этди.

2017 йилдаги инқироз

2017 йилда Корея ярим оролидаги вазият жуда кескинлашди. Шимолий Корея қитъалараро баллистик ракеталар(ҚБР)ни бир неча бор синов тариқасида учирди. Шу муносабат билан 2017 йил январь ойидан ўз лавозимига киришган АҚШ президенти Дональд Трамп КХДР ва унинг етакчиси Ким Чен Ин(2011 йилдан шу лавозимда) манзилига айблов кампаниясини бошлади. У 2017 йил апрель ойида Шимолий Корея қирғоқлари яқинига Carl Vinson авиаташувчиси бошчилигидаги эскадрани жўнатиш билан ўз сўзларини амалий жиҳатдан ҳам тасдиқлади. КХДР синов ракеталарини учиришда давом этаверди. АҚШ раҳбари эса бунга нисбатан “дунё ҳали кўрмаган олов ва шиддат билан жавоб берилажаги” билан таҳдид қилди. Эртаси куни Шимолий Корея АҚШнинг Гуамдаги базасига ҳужум қилиш режаси ҳақида маълум қилди. КХДР томонидан 2017 йил сентябрь ойида қитъалараро баллистик ракетага ўрнатиш мумкин бўлган компакт водород заряди ҳамда ноябрь ойида АҚШнинг қитъадаги ҳудудигача етиб бора оладиган “Хвасон-15” ҚБР синовдан ўтказилиши ўзаро можарони янада кескинлаштирди.Қарама-қаршиликнинг бундай ривожланиши Шимолий Кореяни терроризмнинг ҳомий-давлатлари рўйхатига қайта киритилишига сабаб бўлди(илк бор Вашингтон мазкур мамлакатни бу рўйхатга 1987 йилда Жанубий Корея авиалайнери портлаб кетганидан бир йил ўтиб жойлаштирган, 2008 йилда эса уни чиқариб ташлаганди) ҳамда санкциялар кучайтирилди.

Санкциялар

Американинг КХДРга нисбатан санкциялари режими у ёки бу даражада 70 йилдан бери амалда бўлиб келяпти. Улар илк бор 1950 йилда қўлланилган. Ўшанда Вашингтон унга деярли тўлиқ иқтисодий эмбарго киритганди. Бироқ 1951 йилда савдога мумкин қадар қулайлик бериш мақсадида мазкур тартиб бекор қилинди. Вақт ўтиб савдо санкциялари юмшатилди, аммо бир вақтнинг ўзида бошқа чекловлар қўйилди. Масалан, 1988 йилда Шимолий Кореяга АҚШда ишлаб чиқарилган иккиламчи товарлар ҳамда технологияларни экспорт ва рээкпорт қилиш тақиқланди. 1992 йилда фаолияти ракета дастури билан боғлиқ Шимолий Корея компанияларига санкциялар киритилди. 2006 йилдан буён КХДР билан ҳарбий соҳада ҳамкорлик қилиб келаётган хориж компанияларига ҳам чекловлар жорий этилди.

2016 йилдан эса ядро қуроли, қурол-яроғ савдоси, инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ бўлган Шимолий Корея фуқаролари ва ташкилотларига махсус чоралар кўриш бошланди. Яъни уларнинг АҚШдаги мулклари ва ҳисоб рақамлари музлатилди, АҚШ фуқаролари ва компанияларига “қора рўйхат”га тушганлар билан ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш ман этилди. 2018 йилда қабул қилинган Америка рақибларига қарши санкциялар воситасида курашиш қонунида ҳам Шимолий Кореяга нисбатан илгари қабул қилинган чекловчи чора-тадбирлар мустаҳкамлаб қўйилди.

Муносабатларни нормаллаштириш йўлидаги қадамлар (2018)

2018 йилдан Ким Чен Ин Корея Республикаси билан алоқаларни нормаллаштириш кампаниясини бошлади, апрель-май ойларида корейс давлатларининг иккита саммити ташкил этилди. Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин АҚШ ва Шимолий Корея ўртасида юқори даражада учрашув ўтказиш ташаббусини билдирди. Жорий йил май ойида АҚШ давлат котиби Майк Помпео мазкур музокаралар деталларини муҳокама қилиш учун Пхеньянга келди.

Бугунги кун тартибида Ким Чен Ин ва Дональд Трамп Корея ярим оролини денуклеризация қилиш истиқболларини кўриб чиқишади. Ҳозирча илгари сурилаётган баёнотларга кўра, КХДР санкцияларни олдиндан олиб ташлаш ва иқтисодий ёрдам олиш эвазига ядро қуролидан воз кечиш жараёнини амалга ошириш бўйича консенсус мавжуд. Ўз навбатида саммит якунида Корея урушини мутлақо тугатиш назарда тутилган ҳужжат ҳам имзоланиши мумкинлигини билдирган.

Тарихий анжуманда давлат раҳбарларидан ташқари АҚШ давлат котиби Майк Помпео, президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон ҳамда Оқ уй маъмурияти раҳбари Жон Келли, КХДР томонидан эса Корея Меҳнат партияси раиси ўринбосари Ким Ён Чхоль, КМП МҚ халқаро бўлими мудири Ли Су Ён, КХДР ташқи ишлар вазири Ли Ён Хо ҳам иштирок этяпти.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар